22:44 / 25.03.2021
17696

Наманганда қурилаётган 2 та кўп қаватли бинода қурилиш қоидалари қўпол тарзда бузилгани аниқланди

Қурилиш вазирлиги Наманган вилояти ҳудудида тадбиркорлар томонидан олиб борилган қурилишларни ўрганиб, уларнинг 2 тасидаги камчиликлар ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳрида «Мукаммал қурилиш саноат сервис» МЧЖ томонидан қурилаётган «Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўз ичига олган кўп қаватли турар жой» биноси қурилишида сифатсиз қурилиш монтаж ишларини бажариш, лойиҳа ва қурилиш меъёрларидан четланишда ҳолатлари аниқланган.

Жумладан:

  • бино қурилиши тасдиқланган лойиҳа бўйича 9 қаватли белгиланган бўлса-да, амалда ҳеч қандай ҳисобий ечимларсиз, лойиҳалаш ташкилоти розилигисиз, 10-қават қурилган;
  • объектда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмасдан, хавфли жойларда тегишли вақтинчалик тўсиқлар қўйилмасдан, объект ҳудуди қурилиш чиқиндиларидан тозаланмасдан иш ташкил этилган;

  • бино пойдевори бетон конструкцияларига лойиҳада белгиланган мустаҳкамлик даражаси бўйича қурилиш синов лабораториясининг ижобий хулосаси олинмасдан, устки қисмидан кейинги ишларни давом эттиришга йўл қўйилган. Бу билан ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси талаби бузилган;
  • бажарилган монолит темир бетон конструкцияларнинг (ригель, балка, рама) айрим жойларида бетон ҳимоя қатлами тушиб кетиб, армокаркаслари очилиб қолган ҳолатлари бор;
  • бинонинг 3-4-5-қаватларида қурилган айрим монолит темир-бетон колонналар ва ригеллар лойиҳага зид равишда сифатсиз қурилган бўлиб, белгиланган лойиҳавий ўқидан четга силжиш ҳолатлари бор;
  • 3-қаватдаги йиғма темир бетон ораёпма плиталарнинг остки юзаларида бетонли ҳимоя қатламлари тушиб кетиб, арматура стерженлари очилиб қолган ва ШНҚ 3.01.01-03 «Қурилишни ташкил этиш»нинг 1.13 банди талаби бўйича объектга келтирилган материаллар кириш назоратидан ўтказилмаган;
  • чордоқли том конструкциясининг ёғоч элементлари – мауэрлат, прогон, стойка, распоркалар кўндаланг кесим ўлчамлари лойиҳага нисбатан камайтириб бажарилган, мауэрлат элементи остига лойиҳада белгиланган ҳимоя тўшамаси – рубероид бажарилмаган, ёғоч элементларни бир-бирига бириктирувчи темир скобалар билан маҳкамланмаган, чордоқ конструкцияси баландлиги асоссиз равишда лойиҳага нисбатан кўтариб бажарилган, ёғоч элементлар ёнғинга ва чиришга қарши махсус суюқлик билан ишлов берилмасдан жойида монтаж қилинган. Бу билан тасдиқланган лойиҳа талаби бузилган.

Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу бинонинг ҳозирги кундаги умумий ҳолати лойиҳа, асосий ва меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига жавоб бермайди.

Ёзма кўрсатмаларда қайд этилган қоидабузилишлар юзасидан объект буюртмачиси (ўз ўрнида пудратчи ташкилоти) «Мукаммал қурилиш саноат сервис» МЧЖ раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси бўйича 2020 йил 6 июнда 03/20-сонли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд тартибида маъмурий жавобгарликка тортилган.

Лекин, тегишли тартибда маъмурий чора кўрилишига қарамасдан, буюртмачи-пудратчи «Мукаммал қурилиш саноат сервис» МЧЖ томонидан қайд этилган қоидабузарликларни ўз муддатида бартараф этмасдан, қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилгач, инспекция томонидан объектда қурилиш-монтаж ишларини вақтинча тўхтатиш тўғрисида 2020 йил 7 июлда № 4-01-470-сонли «Огоҳлантириш хати» ҳамда 2021 йил февралда такроран №01/2021-сонли ёзма кўрсатма берилган.

Бундан ташқари, Наманган шаҳридаги «Азизбек автогаз сервис» МЧЖ томонидан шаҳарнинг Навоий кўчасида қурилаётган 1-сонли «Савдо шохобчаларини ўз ичига олган кўп қаватли турар жой биноси қурилиши»да қуйидаги камчиликлар аниқланган:

  • бино қурилиши вилоят қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси рўйхатидан ўтказилмасдан бошланган;
  • бино қурилиши тасдиқланган лойиҳа бўйича 8 қаватли белгиланган бўлса-да, амалда 10 қават қурилган;
  • лойиҳа талабини бузган ҳолда 1-қават ораёпмасини монтаж қилишда четки томонидаги кўп бўшлиқли плиталар ён қисмидан синдириб монтаж қилинган;
  • монолит темир-бетон зинапоялар ва майдончаларини қуришда бетонлаш ишлари сифатсиз бажарилган, яъни бетон қоришмасини етарли зичланмагани сабабли юзаларида ғоваклик, чақиқ тош тўпланиш, армокаркасларини очилиб қолиш ҳолатлари бор;
  • жойида монтаж қилинган ораёпма кўп бўшлиқли плиталар оралиғидаги чоклари цемент қоришмаси ўрнига қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилган;
  • бинодаги монолит темир бетон конструкцияларига лойиҳада белгиланган мустаҳкамлик даражаси бўйича қурилиш синов лабараториясининг ижобий хулосаси олинмасдан, устки қисмидан кейинги ишларни давом эттиришга йўл қўйилган;
  • бинодаги пардадеворларга ғишт терими ишлари сифатсиз бажарилган яъни чоклари белгиланган меъёридан ортиқ, лойиҳада белгиланган пардадеворларни асосий деворга бириктириш элементлари бажарилмаган.

Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу бинонинг ҳозирги кундаги умумий ҳолати техник назорат мутахассислари, қурилиш синов лабораториясининг назорати олиб борилмагани сабабли лойиҳа, асосий ва меъёрий ҳужжатларининг талабларига жавоб бериши, мустаҳкамлик кўрсаткичларига мувофиқлиги мавҳум бўлиб қолмоқда.

Бунгача Тошкент шаҳриТошкент вилоятиЖиззахБухоро, Қашқадарё ва Навоийдаги ноқонуний қурилишлар ҳақида маълумот берилганди.

Top