Жамият | 20:08 / 08.04.2021
9999
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда дарахтлар кесилмоқда – аҳоли бундан норози

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги кўп қаватли уйлар атрофида дарахтлар кесилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га ўша ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари маълум қилишди.

Маълум бўлишича, кўп қаватли уйлар орасида 15-20та дарахт қолган бўлиб, шундан 8тасини кесмоқчи бўлишган. 2та дарахтни йиқитишган ва норози бўлган аҳолига қуйидаги ҳужжатни кўрсатишган.

Ҳужжатда ҳудуддаги 20та дарахтдан 16 тупи зарарланган қуриш ҳолатида деб кўрсатилган.

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, ушбу ҳужжат дарахт кесиш учун асос бўла олмайди. Дарахтлар зарарланган деб топилган ҳолатда ҳам Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан имзоланган рухсатнома тақдим этилсагина кесишга рухсат берилади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрда қабул қилинган 290-сонли қарорида маълумот берилган.

Kun.uz мухбири шундай рухсатнома ҳақида маълумот олиш мақсадида Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига қилган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

  • Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкент вилоятига амалга оширилган ташрифда давлат раҳбари Чирчиқдаги аҳволдан ташвишда эканлигини билдирган эди.
  • Маълумот учун, Ўзбекистонда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий 2021 йил 31 декабргача узайтирилган.
  • Ноқонуний дарахт кесилиши ҳақида хабар берган фуқароларга пул тўланиши ҳақидаги таклиф тез орада қонунчиликка киритилиши кутилаётгани айтилган эди.
  • 2020 йилнинг ўзида Тошкент вилоятида дарахтлар ноқонуний кесилиши оқибатида табиатга 1,1 миллиард сўм зарар етказилган.

Мавзуга оид