2021 йил 20 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни имзолади. Шу билан Ўзбекистонда 2012 йил 24 декабрдан бери амалда бўлиб келган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги 342-сонли Қонун ўз кучини йўқотиб, эндиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (НҲҲ) ижодкорлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларининг “онаси” янги таҳрирда қабул қилинди.

Ушбу Қонунда 2012 йилда қабул қилинган таҳририга нисбатан бир қатор муҳим янгиликларни учратиш мумкин. Унда қонунчиликни рақамлаштириш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, жамоатчилик муҳокамаси институти ва бошқа кўплаб янгиликлар ўз аксини топган.

Қуйида қонуннинг икки таҳририни бир-бирига солиштириш орқали янги қонундаги янги жиҳатларни кўриб ўтамиз.

Принциплар, янги таъриф ва тушунчалар, чек қўйилган чалкашликлар

Қонуннинг аввалги таҳрири 7 боб, 44 моддадан иборат бўлса, янгиси янги нормалар билан тўлдирилгани ҳисобига 8 боб, 60 моддадан иборат кўринишга келтирилган.

Янги Қонунда НҲҲ тушунчасининг таърифи ва НҲҲ турларида ўзгаришлар бўлмаган. Бироқ, янги Қонунда аввалгисидан фарқли тарзда ушбу Қонуннинг принциплари келтирилган. Улар қуйидагилар:

  • конституциявийлик;
  • қонунийлик;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги;
  • ошкоралик;
  • илмийлик;
  • ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплекслилиги;
  • ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлиги.

Қонуннинг 4-моддасида фуқаролар референдум йўли билан НҲҲ қабул қилиши мумкинлиги кўрсатилди. Бироқ буни фуқароларга янгича ҳуқуқ берилди, деб тушунмаслик лозим. Зеро, фуқароларнинг референдум йўли билан НҲҲ қабул қилишда қатнашиш ҳуқуқи «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилганди, эндиликда ушбу Қонунда ҳам назарда тутилмоқда.

Қонуннинг аввалги таҳриридаги “қонун ҳужжатлари” тушунчаси кўплаб англашилмовчиликларни келтириб чиқаргани туфайли “қонунчилик ҳужжатлари” тушунчасига алмаштирилди. Яъни, “НҲҲлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади” деган норма “НҲҲлар қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини ташкил этади”. Кўриниб турибдики, бу орқали