«Аҳолини оммавий эмлаш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мана, мен ҳам коронавирусга қарши вакцина билан эмландим. Бу билан ўзим, оила аъзоларимнинг саломатлигини ҳимоя қилишим мумкин», деган Баҳодир Юсупалиев.

Айни пайтгача Ўзбекистонда вирусга қарши эмланган фуқаролар сони 856 мингдан ошган.

Ўзбекистонда оммавий эмлаш тадбирлари 1 апрелдан вилоятлар марказлари ва катта шаҳарлардан бошланганди. Дастлабки босқичда 65 ёшдан катталар, сурункали касаллиги борлар, тиббиёт ва таълим муассасалари (мактаб ва боғча) ходимлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари эмланганди.

Май ойида эмлаш тадбирлари туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади. Июнь ойида эса бошқа аҳоли қатлами эмланади. Бу ойдан вакцина қабул қилувчилар тоифаси ҳам кенгайтирилган.