Ўзбекистон | 13:00 / 03.07.2021
44829
2 дақиқада ўқилади

СЭС бошлиғи вакциналар неча доллардан сотиб олинганини маълум қилди

Халқаро пресс клубнинг аҳолини эмлаш жараёни билан боғлиқ навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Тадбирда иштирок этаётган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналарнинг нархи ҳақида маълумот берди.

Баҳодир Юсупалиев бугунги кунда фойдаланилаётган вакциналар нархи ҳамда коронавирусдан даволанаётган беморларга сарфланаётган маблағлар ҳақида маълумот берди.

“Ҳозир Зангиотадаги махсус шифохонада даволанаётган ўрта оғир аҳволдаги беморни даволаш учун давлат бюджетидан 35 млн маблағ ишлатилади. Реанимацияда даволанаётган оғир аҳволдаги бемор учун эса 60 млн сўмгача маблағ сарфланади.

Бугунги кунда фойдаланилаётган вакциналар 10 доллардан 60 долларгача нархларда сотиб олингани эътиборга олинса, иқтисодиёт нуқтайи назаридан қаралса давлатга аҳолини эмлаш арзон ва хавфсиз ҳисобланади. Таққослайдиган бўлсак, эмланмасликдан нафақат ўзимизга, балки давлатга, халққа, иқтисодиётга ҳам зарар етказилади”, деди у.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина вирусли касалликларнинг барчасига қарши антитаначалар ҳосил қилади.

“2020 йилнинг охирида ижтимоий соҳа вакиллари: ўқитувчилар, тиббиёт ходимларини гриппга қарши вакцина билан эмлаган эдик. 1 млн 200 минг вакцина олинди. Кузатувларимиз шуни исботладики, эмланганлар орасида коронавирусга чалинганлар кам бўлди ва юқтирганларда ҳам касаллик енгил ўтди. Бугунги коронавирусга қарши ишлатилаётган вакциналар вирусга қарши ишлайди: унинг олдини олади ва енгил ўтишини таъминлайди”, деди у.

Таъкидланишича, агар инсон организмида антитаначалар мавжуд бўлса ҳам вақт ўтиши билан антитаначалар миқдори пасайиши мумкин, шунинг учун эмланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мавзуга оид