Ўзбекистон | 23:58 / 08.05.2021
17879
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти сессиясида икки мансабдор қатнашмагани бўйича изоҳ берилди

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Kun.uz 7 май куни «Самарқанддаги сессияда икки мансабдор қатнашмади, аммо депутатлар уларнинг «ҳисоботи»ни тасдиқлашди. Нега?» сарлавҳали хабар эълон қилган эди.

Унда 7 май куни ўтказилган Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг XXX сессияси ҳақида сўз борган.

Сессиянинг айрим иштирокчилари тақдим этган маълумотларга кўра, вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акмал Шукуровнинг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича ҳисоботи эшитилиши керак бўлган. Аммо ҳоким ўринбосари сессияда иштирок этмай, унинг ҳисоботи матни депутатларга тарқатилган.

Шунингдек, вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари Равшан Машариповнинг ҳисоботи ҳам кун тартибига киритилиб, гарчи у сессияда иштирок этмаган бўлса-да, ҳисобот қабул қилингани хабар қилинган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни билдирди:

«Ҳақиқатан ҳам сессияда юқорида тилга олинган икки раҳбар иштирок этмаган. Аммо вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуровнинг ҳисоботи кейинги сессияга қолдирилган. У шунинг учун таклиф этилмаган бўлиб, бу ҳақда депутатлар бир кун олдин хабардор қилинган.

Мазкур сессияда вилоят прокурори прокурор сифатида ҳисобот бериши эмас, балки сектор раҳбари сифатида секторнинг иккинчи ярим йилликдаги йўл харитасини тасдиқлаши масаласи кўзда тутилган бўлган. Шу сабабдан сессияда йўл харита бўйича депутатларнинг саволига жавоб бериш учун 2-секторнинг котиби қатнашганини маълум қиламиз».

Мавзуга оид