Вашингтондаги сиёсатчилар Исроилнинг Ғазо секторида амалга ошираётган ишларини кескин танқид қилиб чиқишмоқда. Бу ҳақда Америкада фаолият кўрсатувчи журналист Беҳзод Мамадиев фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

АҚШ сиёсатчилари орасида Исроилни танқид қилиш у ёқда турсин, ҳатто унга нисбатан мавжуд ҳукумат сиёсатини савол остига олиш ҳам яқин-яқингача имконсиз бир иш эди.

Энди бу анъананинг илдизига қурт туша бошлагандек. Конгрессдаги мусулмон қонунчилардан бири Рашида Толиб ўтган ҳафта Вакиллар палатасида чиқиш қилиб, Исроилни апартеид (айирмачи) режим деб атади. Фаластинлик муҳожирлар фарзанди бўлган бу қонунчи ғазолик бир она ёзган хатни кўзида ёш билан ўқиб берди:

«Бугун болалар билан бир хонада ухладик. Чунки ўлсак, бирга ўлайлик. Токи ортимизда қайсидир биримиз омон қолиб, бошқа ўлганлар учун эзилиб мотам тутмасин...»

Рашида Толиб, шунингдек, Твиттер орқали қилган чиқишида ўз партиядоши президент Жо Байденни кескин танқид қилди.

«Агар оташкесимни (отишмалар тўхтатилишини) хоҳласангиз, БМТ Хавфсизлик Кенгаши йўлини тўсмасдан бошқа давлатлар қаторига қўшилинг. Апартеид режим раҳбари Нетаняҳу яхши гапга кўнмайди. У уруш жиноятларини содир этади ва халқаро ҳуқуқни очиқчасига поймол қилади», деб ёзди у.

Ўтган сайловда президентлик учун номзодини қўйган демократ сенатор Берни Сандерс ҳам New York Times нашрида АҚШ сиёсатини танқид қилувчи мақоласини эълон қилди.

«Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экан, буни тушунамиз. Лекин фаластинликларнинг ҳуқуқи йўқми? Нега ҳеч ким бу ҳақда сўрамайди?» дея с тутди у.

Яҳудий миллатига мансуб Сандерс ихтилофнинг сабаби ҲАМАС отган ракеталар эмас, балки Исроилнинг кучайиб бораётган босқини ва зулми эканига эътибор қаратди.

«Ҳар йили Исроилга берилаётган қарийб тўрт миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни қайта кўриб чиқиш керак; АҚШ томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишининг қўллаб-қувватланиши ноқонуний», деди у.

Яна бир демократ қонунчи Александрия Окасио-Кортес АҚШни икки юзламачиликда айблади.

У Твиттерда Ғазодаги бинолардан бирининг вайрон қилиниши акс этган видеони бўлишиб, «Бу ишлар АҚШ ёрдами билан бўляпти. Ким нима деса десин, АҚШ отишмани тўхтатиш бўйича БМТ чақириғига вето қўйди. Байден маъмурияти ўз иттифоқдошига қарши тура олмаса, кимга қарши тура олади? Қандай қилиб улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиляпмиз, деб даъво қила олади?» деб ёзди.