Иқтисодиёт | 15:23 / 30.05.2021
15880
3 дақиқада ўқилади

Давлат қарзи камайиши, коронавирусга тикилган миллиардлар, 3 фоизга ўсган ЯИМ – ҳафтанинг «пулли» хабарлари

Kun.uz якунланган ҳафтада Ўзбекистон иқтисодиётида содир бўлган янгиликларни тўплади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига экспорти 21 фоизга ўсди

2021 йилнинг 4 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Марказий Осиё давлатларидан импорт ҳажми 25 фоизга, экспорт эса 21 фоизга ўсди.

4 ойда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 1,8 миллиард доллар бўлган.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан энг йирик савдо айланмаси (69 фоиз) Қозоғистон билан амалга оширилган.

Биринчи чоракда ЯИМ 3 фоизга ўсди

2021 йилнинг январ-март ойларида республика иқтисодиёти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 128,6 трлн сўмни ташкил этди.

Хусусан, иқтисодий ўсиш саноатда 3,8 фоизга, қурилишда 0,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 3,1 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасида 2,8 фоизга ўсиши таъминланган.

Январ-март ойларида Ўзбекистон давлат қарзи камайди

Жорий йил январ-март ойларида давлат қарзи 133,7 млн долларга камайди.

Ўтган ой аввалида давлат қарзи миқдори 23,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,1 фоизни ташкил этди ва йил бошига нисбатан 133,7 млн долларга камайди.

Коронавирусга қарши курашиш тадбирларига 7,7 млрд доллар харажат қилинди

Ўтган йили пандемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш тадбирларига сарфланган харажатлар миқдори Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига нисбатан қарийб 13,3 фоизни ташкил этди. Бу маблағ миқдори 7,7 миллиард доллар.

Харажатларнинг 13,8 трлн сўми давлат бюджети ҳисобидан, шундан 12,8 трлн сўми Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан, 3,3 трлн сўми Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

ДСҚ раиси солиқ тушумлари ошгани солиқ юки ошгани билан боғлиқлигини рад этди

Ўзбекистонда солиқ тушумлари 30 фоизга ошгани солиқ юки ошганидан дарак бермайди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодий ўсиш суръатларига қараганда юқорироқ бўлаётгани қўмита солиқ маъмурчилигини яхши амалга ошираётгани ва аввал яширин иқтисодиётда бўлган айланманинг легаллаштирилиши билан боғлиқлигини маълум қилди.

Уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, турар жойларни таъмирлаш ишлари бўйича видеоселекторда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилиши ҳақида гапирди.

Шунингдек, жорий йилда 456та авария ҳолатидаги уйларни таъмирлаш ишлари якунига етказилади. Бунга Молия вазирлиги 100 миллиард сўм, маҳаллий ҳокимликлар 60 миллиард сўм ажратади.

Мавзуга оид