Андижон шаҳри марказидаги кўчада ўн йилдан бери таъмир тугамайди
Мурожаат ортидан Андижон шаҳар, Юксалиш кўчасида бўлдик. Мурожаатчилар узоқ вақтдан бери кўчалари жуда ёмон ҳолатда эканлигини айтишган эди.
Дарҳақиқат, ўн йилдирки шаҳарнинг қоқ марказидаги кўчада яшовчилар қишда лойга, ёзда эса чангга ботиб яшамоқда. Кўчанинг таъмири тугамаётгани оқибатида савдо-сотиқ учун қулай бўлган жойдаги дўконлар ва ошхоналар ҳам юрмай қолган.
Аҳоли вакиллари муаммоли ҳолат бўйича шаҳар ҳокимлиги ҳеч қандай чора кўрмаётгани ҳақида гапиришди.
“Ўн йилдан бери ахлатхонага айланиб қолган кўчамиз қачон ўнгланар экан, билмаймиз. Болаларга ўйнагани майдонча йўқ. Ёзи билан чангда, қишда лойда ўйнашади. Ҳаммаёқ қурилишдан қолган чиқиндилар. Кўчамиз билан на ҳокимнинг, на маҳалла оқсоқолининг иши бор”, дейди Нодирахон Аҳмедова.
“Яхши ниятлар билан ошхона қургандим. Ахир шаҳарнинг қоқ марказида яшаймиз. Атроф тўла турли ишхоналар. Бироқ кўчамизнинг чанг-лойлиги учун биров келмаяпти. Илтимос, раҳбарлар бизнинг кўчадан бир хабар олиб туришсин”, дейди Элёрбек Ҳайдаров.
Юксалиш кўчаси бир вақтлар шаҳарнинг энг гавжум сайргоҳи бўлган Истиқлол кўчасига туташган. Истиқлол кўчасидан айни пайтда файз қочган. Кўча автомобиллар тураргоҳига айланган. Шаҳарнинг энг файзли сайилгоҳидаги бугунги ҳолатга кейинги сафар алоҳида тўхталамиз.
Элмурод Эрматов тайёрлади,
Тасвирчи ва монтажчи Жаҳонгир Маҳмудов.