Ноқонуний бузишлардан сўнг. Тошкентда реклама конструкциялари ўрнатишга қўйилган мораторий бекор қилинди
Сўнгги икки ой давомида Тошкентдаги ташқи реклама конструкциялари аёвсиз бузилди. Уларнинг мулкдорлари дод деганича қолаверди. «Керакли» жойлар эгаллаб бўлингач, реклама баннерларини йил охиригача ўрнатишни чекловчи мораторий ҳам бекор қилинди. Мораторийни эълон қилган ва уни бекор қилган қарор адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтмаган.
2021 йил 4 июнь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши пойтахт ҳокимлиги хати асосида «Тошкент шаҳрида ташқи реклама фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш киритди.
Ҳали жамоатчиликка расман эълон қилинмаган ҳужжатда (Kun.uz'да нусхаси мавжуд) 2021 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар ташқи реклама объектларини жойлаштириш, ўрнатиш, ўзгартириш ва паспортларининг берилишига эълон қилинган мораторий бекор қилинди.
Тошкент шаҳар кенгашининг янги қарорида мораторий эълон қилинган эски банд қуйидагича таҳрир қилиниши белгиланган:
«Тошкент шаҳрида ўрнатилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) хатловдан ўтказиб, ягона электрон реестрни шакллантириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан 2021 йил 31 декабрига қадар ташқи реклама соҳасида барча тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни яратиб бериш ҳамда бу соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва тадбиркорлар билан шартномалар тузиш тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида рақамлаштиришга ўтказиш чора-тадбирлари кўрилсин».
Кенгашнинг 2021 йил 27 мартдаги 323/37-6-сон қарорида ушбу банд қуйидагича эди:
«Тошкент шаҳрида ўрнатилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) хатловдан ўтказиб, ягона электрон реестрни шакллантириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан 2021 йил 31 декабрига қадар ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш, ўрнатиш, ўзгартириш ва паспортларининг берилишига мораторий эълон қилинсин».
Бир қанча вақт аввал Бизнес-омбудсман Kun.uz'га Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 27 мартдаги ушбу қарори реклама конструкциялари демонтаж ишларини амалга оширишга асос сифатида кўрсатилаётганини билдирган эди. Лекин, Бизнес-омбудсманга кўра, қарорда демонтаж бўйича топшириқ кетмаган ва ҳужжат умуммажбурий хусусиятга эга бўлган нормаларни ўз ичига олган бўлишига қарамай, адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган.
Шундан келиб чиқиб, кенгаш қарори қонунийлигига баҳо бериш учун Сенатга сўров киритилган.
Таъкидлаш жоиз, пойтахт ҳокимлиги ва кенгаши қарорларидаги ўзгаришлар Тошкентда реклама билбордларига кенг миқёсли «снос» эълон қилиниши фонида юз берган.
Аввалроқ, пойтахтдаги ташқи реклама бизнеси эгаларининг ўзларига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, баҳоси 300 миллион сўмгача турадиган юзлаб реклама конструкциялари номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётгани маълум қилган эди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги агарда тадбиркорларнинг қўлида ҳамма керакли хулоса ва ҳужжатлари бўла туриб, мулки бузиб ташланаётган бўлса, албатта ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши мумкинлигини билдирган.
Тадбиркорларнинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб президент халқ қабулхонаси, Бош прокуратура, омбудсман ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қилган мурожаатлари натижа бермаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси реклама объектларини тартибга келтириш жараёнида қатнашаётган барча иштирокчиларни қатъий равишда «Реклама тўғрисида»ги қонун ва «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 104-сонли қарор талабларига риоя қилишга чақириш билан чекланди.
Кейинроқ тадбиркорлар ўз мулкларини ҳимоя қилишнинг ноодатий усулидан фойдаланиб, реклама қурилмаларига қонунга кўра ўз мулкларини фақат суд қарори асосида бузиб ташланиши ҳақидаги эслатмани ёзиб чиқиб, президентдан ёрдам сўрашди. Лекин бу реклама конструкциялари ҳам сирли тарзда бузиб ташланди.
Бу орада «Ғафур Ғулом» боғи олдида суд қарорисиз демонтаж қилинаётган реклама конструкцияси йўлда ҳаракатланиб кетаётган Spark устига қулаб тушди. Ҳайдовчига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги топшириғи билан бу ишни қилаётганини айтган масъуллар машинага етган зарарни тўлиқ қопламоқчи эмаслигини билдирган.
Бу мавзуни ёритиш жараёнида Kun.uz'га босимлар ҳам бўлганини таъкидлаш лозим.
Мавзуга оид
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024