Иқтисодиёт | 17:01 / 20.06.2021
16280
3 дақиқада ўқилади

«Яна олтин сотиш бошланди, давлат харидларидаги қоидабузарликлар, янги банкноталар бўйича жавоблар» – ҳафтанинг иқтисодий хабарлари

Июнь ойининг учинчи ҳафтасида ҳам мамлакат иқтисодиётига оид бир қанча янгиликлар рўй берди. Kun.uz ҳафтанинг энг муҳим иқтисодий хабарларини тўплади.

Биржада АИ-80 маркали бензин нархи ошди

АИ-80 маркали автомобиль бензинининг бошланғич нархи 2,2 фоизга кўтарилди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафтада ёнилғининг ўртача кунлик нархи бир тонна маҳсулот учун 6 млн 715 минг сўмдан 6 млн 860 минг 300 сўмгача ошган.

«Инфляция ва доллар курсига таъсири йўқ» – янги банкноталар бўйича саволларга жавоблар

Марказий банкка кўра, янги 2000 ва 20000 сўмлик банкноталар муомалага чиқарилишининг миллий валюта қадрига, пул массасига ёки инфляция даражасига ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Янги банкнотанинг муомалага чиқарилиши қўшимча пул маблағлари сифатида кўрилмаслиги керак.

Аҳолига нақд пулдаги тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чиқарилаётган мазкур пул белгилари муомалада бўлган бошқа банкноталарнинг ўрнига чиқарилади. Яъни муомаладаги нақд пул маблағлари ҳажмида ҳам, иқтисодиётдаги пул массаси ҳажмида ҳам ўзгариш бўлмайди.

Иқтисодиётдаги пул массаси ўзгармаганидан кейин янги муомалага чиқарилаётган банкноталар инфляция даражасига ва сўмнинг алмашув курсига таъсир этмайди.

Икки ой ичида давлат харидларига доир 101 млрд сўмлик қонунбузарликлар аниқланди

2021 йил май-июнь ойларида ўтказилган давлат харидларида бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 101,5 млрд. сўмлик 324 та танловда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилган

Давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилиши энг кўп Андижонда 20 млрд. сўмлик (51 та), Тошкент шаҳрида 19,5 млрд. сўмлик (51 та) ва Самарқанд вилоятида 12,8 млрд. сўмлик (52 та) қайд этилган.

Андижонда ҳам электромобил заводи қурилади

Андижон вилоятида ҳам электромобиллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳри тамал тоши қўйилишига оид тадбирда эълон қилди.

«Хитой тажрибасини ўрганамиз, Андижонда электромобиллар заводини қурамиз. Замон шиддат билан ўзгаряпти, саноат илмга асосланиши керак», дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Май ойида Ўзбекистон қарийб 1,2 миллиард долларлик олтин сотди

2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 14,5 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 млрд долларга ёки 13,2 фоизга кўпайган. Лекин бу кўрсаткич 2019 йилнинг дастлабки 5 ойидаги натижаларидан 5,5 фоизга кам.

Ташқи савдо тиклана бошлашининг асосий сабабларидан бири сифатида май ойида олтин экспорт қилинганини ҳам келтириш мумкин. Хусусан, ўтган ой давомида 1,2 миллиард долларлик олтин сотилган.

Мавзуга оид