Афғонлар Ўзбекистон ҳудудига яна бир неча бор қочиб ўтгани маълум қилинди
Сўнгги кунларда Афғонистон фуқаролари ва ҳарбийлар чегарани бузиб ўтиб мамлакат ҳудудига кириши билан боғлиқ яна бир неча ҳолат кузатилган. Суриштирув ва тергов ҳаракатларидан сўнг улар ўз юртига қайтарилган.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов анъанавий брифинг чоғида қўшни Афғонистондаги вазият ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.
«24 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон шимолидаги воқеалар бўйича позицияни маълум қилганди. Афғонистонда юзага келган вазият Ўзбекистон ҳукуматини ташвишга солади.
Ўзи умуман олганда, ҳурматли президентимиз охирги 4 йил, 5 йил давомида Афғонистоннинг ривожланиши, Афғонистонга барқарор ҳаётнинг қайтиб келиши бўйича жуда ҳам кўп саъй-ҳаракатларни жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда амалга оширдилар. 2018 йилда Тошкентда Афғонистон масалаларига бағишланган илк йирик халқаро конференциялардан бири бўлиб ўтди. Унда Афғонистон президенти Ашраф Ғаний қатнашди, Евроиттифоқ вице-президенти Федерика Могерини қатнашган эди. Мана шу конференция кейинчалик «Толибон» ва Афғонистон ҳукумати муносабатларини қандайдир янги бир даражага чиқадиган жараён бошланишига асос бўлди. Бундан кейин бир неча бор йирик тадбирлар ўтказилди, Қатарда бир неча бор учрашувлар ўтказилди.
Афсуски, охирги пайтларда биз кузатаётган Афғонистон шимолидаги зиддиятлар, авваламбор, ҳаммамизга маълум - Америка қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши билан боғлиқ бўляпти. У ерда бўлаётган дизбалансдан биз, албатта, хавотирдамиз. Чунки Афғонистон бизлар учун бегона давлат эмас.
Сўнгги 4-5 йил мобайнида Афғонистоннинг барқарор ривожланиши учун жуда ҳам кўп саъй-ҳаракатлар қилинди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, албатта, ихтилофдаги барча томонлар қандайдир муросага келиши керак, бу зиддиятнинг яна ҳам кучайиб кетишининг олдини олиш керак.
Бундан ташқари, гап Афғонистоннинг аҳолиси ҳақида ҳам кетяпти. Биринчи навбатда аҳоли орасидаги йўқотишларга барҳам бериш керак.
Хабарингиз бор, 23 июнь куни илк бор Афғонистоннинг 53 фуқароси ва ҳарбийлари чегарамизни бузиб ўтишга ҳаракат қилди. Бундан кейин ҳам бундай ҳаракатлар бир неча марта амалга оширилди. Охиргиси шанба куни бўлди.
Лекин биз ўзимизнинг миллий қонунчилигимиз ва халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда, улар билан тегишли суриштирув ва тергов ишларини амалга ошириб, Афғонистон фуқароларининг барчасини ўзининг республикасига қайтариб юбордик. Бу борада Ўзбекистон чегараси дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмаслиги керак.
Умуман олганда, яқинда бўладиган Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлик масалаларига бағишланган конференцияда ҳам, 15-16 июль кунлари биз Афғонистоннинг кейинчалик ривожланиши қай йўсинда бўлади, савдо-иқтисодий, транспорт логистика салоҳиятини қандай ривожлантирсак бўлади ва умуман олганда, барча ҳаракатларимиз қандай қилиб, Афғонистонга барқарор ҳаёт қайтиб келишига ёрдам беради, деган мавзуларда Афғонистон раҳбарияти, Покистон раҳбарияти ва ҳамкор давлатлардан келадиган бир қатор ташқи ишлар вазирликлари билан бирга мана шу масалаларни муҳокама қилиш режалаштириб қўйилган.
Афғонистондаги зиддиятда ва унинг ечимини топишда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг бошқа давлатлари сингари кейинчалик ҳам кўмакчи сифатида бу жараёнларда иштирок этади. Лекин шу билан бирга бу масала, бу муаммолар, албатта, Афғонистоннинг ўзининг ички иши ва бунда қанақадир ташқаридан босим ёки қанақадир афғон халқига ғайри бўлган фикрларни ўтказиш, албатта, нотўғри. Умид қиламизки, зиддиятлар тез кунда барҳам топади», деган Шерзод Асадов.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Ўзбекистон ССВ таклифига кўра Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобатга олиб, ўзаро чегарани ёпганди.
23 июнь куни Ўзбекистон ТИВ 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтгани ҳақида хабар берди.
Шу куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўзаро телефон мулоқотида Афғонистонда ва Тожикистон чегараси ҳудудларида юзага келаётган таҳликали вазиятни муҳокама қилиб, ушбу мамлакат билан чегара чизиғидаги вазиятни жуда кескин деб баҳолаганди.
Америкалик ҳарбийлар Афғонистонни тарк эта бошлагач, «Толибон» ҳаракати шимол томонга фаол юриш бошлади, айни вақтда ушбу ҳудудда ҳукумат қўшинлари ва ҳаракат жангарилари ўртасида жанговар тўқнашувлар давом этмоқда. Аввалроқ «Толибон» бир қатор туманлар ва Тожикистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини эгаллаб олгани, Қундуз вилоятида жойлашган «Шерхон-Бандар» назорат ўтказиш пунктига ҳужумдан сўнг ҳукумат қўшинларининг 130дан ортиқ ҳарбийси Тожикистон ҳудудига чекингани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024