Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кучайтирилган карантин ва адоғи кўринмайдиган фестивал-у тадбирлар. Бу ерда мантиқ қаерда?
Республика махсус комиссияси қарори билан 28 июндан пойтахт Тошкент шаҳрига киришда чекловлар ўрнатилди, бутун республика бўйлаб ҳам карантин чоралари кучайтирилди. Аммо жамоат транспортидаги тирбандликлар ва адоғи кўринмайдиган фестивал-у тадбирлар давом эттирилди. Бир-бирига зид ҳолатлар эса кишини таажжубга солади. Ресторанда юқадиган коронавирус байрамда юқмай қоладими?
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Буни сўнгги статистик маълумотлар ҳам тасдиқламоқда. 27 июнь куни 469 кишида, 28 июнь куни 498 кишида, 29 июнь куни 487 кишида, 30 июнь куни 476 кишида, 1 июль ҳолатига кўра эса, 495 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Кунлик касалланиш ҳолатлари барқарор равишда 500 атрофида бўлиб турибди. Шу нуқтайи назардан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига асосан, Республика махсус комиссияси қарори билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилганди.
Реал вазиятдан келиб чиқиб қаралганда, бу мантиқий жиҳатдан тўғри, албатта. Тошкент шаҳрида жойлашган «Ёшлик» спорт мажмуаси яна ковид-марказ сифатида қайта очилгани эса вазият янада жиддийлигини кўрсатувчи далилдир. Куннинг исталган пайтида тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилсангиз, бўш машиналар деярли йўқлигини, уларнинг ҳаммаси коронавирусга чалинган беморларни Зангиотадаги марказга ташиш билан бандлигини таъкидлашади.
Худди шундай вазият оғирлашаётган пайтда, амалга оширилаётган баъзи ҳолатлардан мантиқ топишга соғлом инсон ақл-заковати ожизлик қилса керак. Амалга киритилган чекловлар ва ўтказилиши тўхтамаётган фестивал ва тадбирлар, жамоат транспортида карантин талабларига риоя этилмаслиги бир қанча асосли эътирозларни юзага келтиради.
Жамоат транспортидаги ҳолатлар
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 23 июнь куни йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик мажбуриятларини олган эди. Айни пайтдаги вазият шуни кўрсатмоқдаки, жамоат транспортида ижтимоий масофа сақлашнинг деярли иложи йўқ. Метрога тушаётган йўловчилар фақат назоратчи ёнидан ўтаётганидагина ниқоб тақишмоқда. Вагонга киргандан кейин уларнинг ярмидан кўпи бу талабларга умуман риоя қилишмаяпти ва бу назорат қилингани ҳам йўқ.

Бошқа томондан, битта вагонда куннинг исталган қисмида энг камида 60-70 нафар йўловчи ҳаракатланмоқда. Одамларнинг бир-бирига яқин ва зич жойлашиши сабаб, нафақат карантин талабларига умуман риоя қилмаган йўловчилар, балки ниқоб таққан одамларга ҳам инфекция юқиш эҳтимоли жуда юқори. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ниқоб тақиш ҳам инфекция юқиш хавфини маълум даражадагина чеклайди, холос.
Бундан ташқари, йўналишли автобусларда ҳам шунга ўхшаш сценарийни кузатиш мумкин. Кун давомида мингга яқин одам билан мулоқотда бўладиган кондукторларнинг ўзи доимий ниқоб тақиш талабларига риоя қилмаётган пайтда, оддий йўловчилардан яна нима кутиш мумкин?
Бир нарсага эътибор қаратиш жуда муҳим: жамоат транспорти инфекция тарқалиши ўчоқларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда эса минглаб кишилар улардан кундалик ҳаётида фойдаланишмоқда. Шу сабаб, махсус комиссия қатъий карантин талабларига риоя қилиш бўйича талаблар ҳам киритди. Лекин нима учун бу фақат бир томонлама бўлмоқда? Транспорт вазирлиги нега амалий чоралар кўрмаяпти? 23 июндан бери ҳам талаб юқори бўлган йўналишларда қўшимча автобуслар ташкил этилмади, метро вагонлари ва автобус салонларидаги тирбандликни камайтириш учун белгиланган вақт оралиғи қисқартирилмади. Фақат ниқоб тақибгина инфекциядан сақланишнинг имкони йўқлиги кундек равшан-ку?
Адоғи кўринмайдиган фестивал-у тадбирлар
28 июнь, карантин талаблари кучайтирилган кун, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри олдида «Таҳсин» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда юзлаб одамлар, хусусан, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишган. Карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолатда ўтказилиши айтилган мазкур тадбир ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликлар ва фотосуратлар шуни кўрсатадики, тадбир иштирокчиларининг аксарияти қатъий талабларга риоя қилишмагани, ижтимоий масофа сақлаш фақатгина қоғозда эканлиги аён бўлади.
29 июнь – ёшлар куни арафасида Тошкент Ботаника боғида «Учинчи ренессанс бунёдкорлари» шиори остида Ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтди. Минглаб ёшларни ўзида жамлаган ушбу тадбирда ташкилотчилар томонидан карантин чекловларига амал қилиниши бот-бот таъкидланган бўлса-да, афсуски, бу ҳолатни кузатмадик. Аксарият иштирокчилар ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиб юриш каби элементар карантин талабларига ҳам риоя қилишмади.

30 июнь куни ҳам республиканинг турли ҳудудларида тадбир ва фестиваллар ташкил этилди. Афсуски, бу тадбирларда ҳам карантин талаблари бажарилмади.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев июнь ойи охирида Тошкентда ўтказилган Ёшлар ва талабалар форуми биринчи иш кунида берган интервьюсида «тадбир қатнашчилари коронавирусга қарши вакцинация қилингани» ҳақида айтган.
Аммо кейинчалик агентлик ахборот хизмати эмлашдан сўнг айрим ҳолатларда инсон организмида тана ҳарорати кўтарилишини инобатга олиб, вакцинация жараёнлари ўтказилмагани, Алишер Саъдуллаевнинг жавоби тушунмовчиликларга олиб келганини билдирган. Шунингдек, форумга узоқ ҳудудлардан келган ёшларга қулайлик яратиш мақсадида тадбирда иштирок этадиган барча иштирокчилар боғга кириш эшиклари олдидаги катта майдонда ташкил этилган бепул ПЦР-тестдан ўтказилгани таъкидланган.
Шу ўринда қатор саволлар келиб чиқади:
1. Форумда минглаб ёшлар иштирок этди. Уларни бирваракайига тестдан ўтказиш, ундан ҳам муҳими бу тестларни сифатли таҳлил қилган ҳолда қисқа муддат ичида жавобларни олиш учун етарли лаборатория хизмати ташкил қилинганмиди?
2. Тест топшириш учун, унинг жавоби чиққунча ҳам жуда кўпчилик тўпланиб туриши амалдаги карантин қоидаларига қанчалик мувофиқ?
3. Бу форум жуда катта тадбир, унга бир неча кун давомида тайёрланилган. Тайёргарлик жараёнига ҳеч ким тест топшириб кирмаган-ку?
1 июль куни, пойтахтнинг Ҳумо Арена очиқ майдончасида 4 мингдан ортиқ томашабин иштирокида мусиқий фестивал ўтказилди. Фестивал ташкилотчилари одамлар бир жойга тўпланишининг олдини ололмади. Ижтимоий тармоқдаги видео ва фотосуратларда кўплаб иштирокчилар ниқобсиз бўлгани акс этган. Мамлакатда эпидемиологик вазият кундан кунга оғирлашаётган айни кунларда бу каби фестиваллар қонун ва халқнинг устидан кулиш билан баробар эмасми?
Эътибор қаратиш лозимки, ёз фасли бошлангандан кейин ўз-ўзидан аҳоли ҳаракатланиши кучаяди. Жамоат жойларида одамлар гавжум бўлади. Аҳоли ўртасида ўзаро алоқаларда фаоллик ортади. Бу ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига минглаб инсонларни бир жойга тўплашга ҳаракат қилаётганлар қанчадан қанча одамларнинг ҳаётини хавф остига қўяётганини ўйлаб кўришадими?
Ташкилотчилар бу тадбирларни карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этишаётганини таъкидлашмоқда. Шундоқ ҳам одамлар иссиқ ҳавода мажбурий ниқоб тақиш қоидаларига амал қилмай қўйишган. Вируснинг энг кўп юқадиган ҳолатларидан бири ҳам ҳаво орқалидир. Ниқоб тақишнинг камайиши вирус юқтириш хавфи ортишига олиб келади. Қўпол қилиб айтганда, тартиб-интизомни йўлга қўйишнинг уддасидан чиқишмаса, одамлар ҳаётини хавфга қўйишдан ким манфаатдор ўзи?
Вирус билан касалланиш хавфи ортаётгани сабаб олий таълим муассасалари талабалари масофавий таълимга ўтказилганди. Аммо Чирчиқ шаҳрида 14-16 май кунлари Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ўн минглаб одамларни бир жойга тўплаб, ёшлар фестивали ўтказди, 21-25 май кунлари очилиш маросимида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев каби масъуллар иштирок этган, кўплаб инсонларни бир жойга тўплаб, карантин қоидаларига риоя қилинмаган «1 миллиардлик» фестивал, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган «Ёшлар» фестивали, минглаб одамлар шафелигида Маgic City’нинг очилишини кузатдик. Бу ерда маъно ва мантиқ қани?!
Умумий овқатланиш объектлари ва савдо масканларидаги ҳолатлар
Катта бозорлар ҳудудига кириб-чиқишда номигагина ўрнатилган назоратни ҳисобга олмаса, бу ерда ҳам аҳвол охирги пайтларда тушунарсиз кўринишга келиб қолган. Сотувчиларнинг аксарияти санитария-эпидемия қоидаларига тўлиқ риоя қилмаган ҳолда харидорларга хизмат кўрсатмоқда. Баъзи пала-партиш ўрнатилган савдо расталарининг гигиеник ҳолати мутлақо талабга жавоб бермайди.
Шунингдек, 28 июндан республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан соат 20:00гача рухсат берилганди. Кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланган.
Kun.uz томонидан ўтказилган кузатувларга кўра, чекловлар амалиётга киритилганига бир неча кун бўлган бўлишига қарамай, овқатланиш объектларидаги одамлар сиғимига доир қоидаларга деярли амал қилинмаяпти. Шу ерда яна ўринли савол туғилади, минглаб одамларни тўплаб тунгача концерт бериляпти (Хусусан, 1 июль куни Ҳумо Аренада тунги соат 23:00да бошланган концерт), аммо умумий овқатланиш объектларининг иш вақти соат 20:00да тугаши керак. Вазиятни инобатга олиб, кўнгилочар ва овқатланиш объектлари ишлашида вақт чекловлари ўрнатилишини тўғри қабул қилса бўлади, аммо нега бу масалага фақат бир томонлама қараляпти?
Интернетда Қувада кичик ошхона белгиланган муддатдан озгина кўпроқ ишлагани учун 12,5 млн сўм жаримага тортилгани ҳақидаги видео тарқалди. Камига назорат ўтказувчи ички ишлар ходимлари фуқароларни ҳақорат қилаётгани яққол кўриниб турибди.
Йирик тадбирларга эса вақт деган тушунча мавҳум, оммавий чиқишлардан ташқари тўкин дастурхонлар ҳам карантиннинг бирор қоидасига мос эмас.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 30 июнь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 685 минг 569 киши вакцинанинг 3 дозасини ҳам қабул қилган. Бу умумий аҳолининг атиги 2 фоизини ташкил қилади. Мамлакат аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланган Исроил каби мамлакатларда ҳам қатъий карантин тартибларига риоя қилинаётган бир пайтда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган бир-бирига зид ҳолатлар кишини ажаблантиради.
Бир қарашда одам гавжум жойларда касаллик тарқалиши кўпайишига шубҳа йўқ, чоралар ҳам шунга яраша. Лекин одам энг кўп тўпланадиган бозорни очиб қўйиб, кичик дўкон билан олишишдан нима фойда?
Аброр Зоҳидов,
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
20:49 / 29.05.2026
Россия Ўзбекистоннинг 10 та корхонасига сабзавот ва меваларни олиб киришни тақиқлади
08:45 / 20.05.2026
Ўсимликлар карантини агентлиги директори янги вазифага ўтди
19:09 / 11.05.2026
Россияда ўзбек асаларилари ортилган юк машинаси бир ойдан бери қидирилмоқда
21:55 / 26.04.2026