Иқтисодиёт | 20:55 / 08.07.2021
11768
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камайди

Жаҳон молия бозорида олтин котировкалар нархи пасайди. Бу республика захира активларида олтин миқдори 6 тоннадан зиёдроққа ошишига қарамай, унинг қиймати сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлган.

Фото: Reuters

2021 йил 1 июль ҳолатига, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 34,1 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Таққослаш учун, 1 июнь ҳолатида республиканинг расмий захира активлари 35,5 миллиард долларни ташкил қилган.

Захираларнинг кескин камайишига жаҳон бозорида олтин нархи пасайиши асосий сабаб бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Чунки ўтган бир ой давомида олтин ҳажми 11,3 миллион троя унциядан 11,5 троя унцияга (тахминан 6,2 тонна) кўпайган бўлса-да, унинг қиймати 21,4 миллиард доллардан 20,2 миллиард долларга камайган.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.

Шунингдек, хорижий валюта активлари ҳам ўтган давр мобайнида 142 миллион долларга пасайган.

Республика халқаро захираларида 2021 йилнинг 1 июль ҳолатида олтин 20,2 млрд долларни, хориж валюта активлари эса 13,5 млрд долларни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг 31 май ҳолати бўйича 1 унция олтиннинг нархи 1904,2 долларни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 30 июнь ҳолатига кўра, 1778,2 долларгача пасайган.

Мавзуга оид