Ўзбекистон | 20:30 / 09.07.2021
28349
4 дақиқада ўқилади

Деновдаги “дарахткуш”нинг маъмурий жазога тортилиши қонунга зид. Айбдор жиноий жавобгарликка тортилиши керак

Деновда дарахтлар кесилишида айбдор деб топилган шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бироқ қонун бўйича унинг ҳаракатлари жиноий қилмиш сифатида баҳоланиши лозим эди. Прокуратура ва ИИБнинг вазиятга аралашмай тургани бироз шубҳали.

Мораторийга қарамай, Деновда дарахтлар ёппасига кесилди. Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг маълумот беришича, “Денов туман йўллардан фойдаланиш УК”нинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. томонидан 109 туп қимматбаҳо дарахт рухсатномасиз кесиб ташланган. Ўсимлик дунёсига 329 млн 157 минг сўм зарар етказилган.

Қўшимча қилинишича, Ж.Ф. МЖтК 79-моддасининг 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан 2 млн 245 минг сўм миқдорида жарима солинган.

Аммо, Kun.uz таҳлили шуни кўрсатмоқдаки Ж.Ф.нинг хатти-ҳаракатлари МЖтК 79-моддаси эмас, Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан малакаланиши лозим эди.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

ЖК 198-моддасининг 2-қисмига кўра, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, қилмиш жиноят деб топилиши керак. ЖКга кўра, кўп миқдор деб БҲМнинг 300 баравари – яъни 73,5 млн сўмдан 500 баравари – 122,5 млн сўмгача бўлган миқдор тушунилади.

Деновдаги ҳолатда эса кўп миқдор тугул, жуда кўп миқдор (БҲМнинг 500 баравари – 122,5 млн сўм ва ундан ортиқ бўлган миқдор)да зарар етказилганига гувоҳ бўлиш мумкин – 329 млн сўм!

Бундан тушуниш мумкинки, етказилган зарар 73,5 млн сўмга етмасагина дарахтларни ноқонуний кесиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва МЖтК 79-моддаси 1-қисми билан малакаланади.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Дарахтларни ноқонуний кесганлик бўйича жиноят ишларининг тергови ЖПК 345-моддасига асосан ички ишлар органларига тегишли. Шунга кўра, Деновдаги ҳолат бўйича ички ишлар органи жиноят иши қўзғатиши ва дастлабки терговни олиб бориши лозим.

Янада тушунарлироқ бўлиши учун ўхшаш мисол келтирамиз: хабарингиз бор Иштихонда ҳам худди шу тарзда қирон келтирилди. Табиатга етган зарар 63 млн 700 минг сўм баҳоланди. Бу сумма жиноят қонунчилигидаги “кўп миқдор”га етмайди. Шу боис иштихонлик дарахткушга маъмурий жазо қўлланилган.  

Хуллас, Деновдаги табиатга нисбатан содир этилган бу жиноят маъмурий жавобгарлик билан босди-босди қилиб юборилмаслиги, бунинг учун прокуратура ва ички ишлар органлари ўз мажбуриятларини лозим даражада таъминлашлари шарт.

Маълумот учун, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун ЖК 198-моддасига асосан 24,5 млн сўмдан 36 млн 750 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Аввалроқ Тошкентда 81 туп дарахтни кесиб ташлаган қурувчи ва қурилишга рухсат берган Яккасарой ҳокими ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қарийб 2 млрд сўм ундирилганди.

Деновдаги дарахтларга нисбатан бу хунрезлик ҳам ҳуқуқий жиҳатдан Яккасаройдаги ҳолат билан бир хил.

Ҳар доимгидек, оддий фуқарога нисбатан соатдай аниқ ишлайдиган қонунлар қайсидир мансабдорга келганида ишламай қолади.

Масала юзасидан қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни таъминловчи Бош прокуратурадан муносабат кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид