Жаҳон | 09:04 / 09.07.2021
18716
10 дақиқада ўқилади

Мухолифат ҳақидаги саволдан сўнг кайфияти ёмонлашган Путин – Россия президенти ва хориж матбуоти

Фото: Сергей Савостьянов/ТАСС

Ўтган ойда Россия президенти Владимир Путин Американинг NBC телеканалига интервью берди. «Тет-а-тет» форматидаги ушбу интервьюда Путинга бир қатор ноқулай саволлар берилган, жумладан, у журналистнинг «сиз қотилмисиз?» деган саволига жавобан, бундай айбловлар уни ҳайрон қолдирмаслигини айтган эди.  Kun.uz Россия етакчисининг АҚШ телеканалига берган интервьюси фонида хориж матбуотига қанчалик очиқ экани билан қизиқди.

Сўнгги 3 йилдаги илк интервью

Владимир Путиннинг NBC телеканалига берган интервьюси АҚШ ва Россия муносабатлари ҳар қачонгидан кўра совуқлашган, икки давлат раҳбарлари 2018 йилдан буён илк марта Женевада учрашиши кутилаётган кунларда эълон қилинди. Бунгача АҚШ президенти Жо Байден ABC телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» деган саволига бироз ўйланиб туриб «Ҳа», деб жавоб қайтарган ва у АҚШдаги президентлик сайловларига аралашгани учун жавоб беришини айтганди. Путин америкалик ҳамкасбининг сўзларига «ким нима деган бўлса, ўзи шунақа», деб жавоб қайтарганди.

Кремлдагилар Америка президентининг бу сўзларини «жуда ёмон», деб атади ва АҚШдаги элчисини чақиртириб олди. Сўнгра Россия ТИВ талабига кўра АҚШ элчиси Жон Салливан ўз юртига жўнаб кетди.

Путин Байденга жонли эфирда мулоқот қилишни таклиф қилганди. Бироқ Оқ уй АҚШ президенти Жо Байден жуда бандлиги сабабли бу таклифни рад этганди. Кейинчалик АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинга телефон қилиб, учрашишни таклиф қилган. Томонлар 16 июнь куни Женевадаги Ла Гранж вилласида илк марта учрашишди.

NBC Путиндан айнан ушбу учрашув арафасида интервью олишнинг уддасидан чиққани алоҳида эътирофга сазовор. Бироқ на телеканал ва на журналист Кир Симмонс музокаралар қандай кечгани, қайси шартлар асосида Россия етакчиси интервьюга рози бўлганини очиқлагани йўқ. Шунингдек, Путиннинг матбуот котиби ва президент админстрацияси ҳам бу ҳақда оғиз очганича йўқ.

Фақатгина журналист Кир Симмонс ва NBC телеканалининг бошқа ходимлари интервьюдан олдин икки ҳафталик карантинда бўлгани маълум холос. Бироқ карантин қаерда ўтганига ойдинлик киритилмаган. Симмонснинг Путин билан интервьюси 11 июнда ёзиб олинган ва АҚШ ва Россия президентларининг Женевадаги учрашувидан икки кун олдин – 14 июнь куни эфирга узатилганди.

Кир Симмонcнинг айтишича, Владимир Путин интервью тугаганидан сўнг ҳам мулоқотни давом эттирган. Камераларсиз кечган суҳбат давомида у америкалик журналистни Россиядаги мухолифат Ғарб томонидан молиялаштирилаётганига ишонтиришга уринган.

Интервью давомида Россия президенти саволларга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочиб, гапни узоқдан бошлаганда ёки саволга савол билан жавоб берганида Кир Симмонс унинг сўзини бўлиб қўяверганини кўриш мумкин. Путин эса бунга эътироз билдирган ва саволга жавобини охиригача тинглашни талаб қилган. Мухбир ўз навбатида интервью учун ажратилган вақт қисқалиги, агар бу борада муаммо бўлмаса, Путинни истаганча тинглашга тайёрлигини айтади. Бунга жавобан Путин Симмонсга хотиржам бўлишини, бу ерда вақтни у белгилашини таъкидлайди.

Таъкидлаш керакки, бу Путиннинг сўнгги уч йил ичида Америка телеканалига берган илк интервьюси бўлди.

Fox News ва Крис Уоллес

Россия президенти бунгача 2018 йилнинг 16 июль куни Fox News телеканали мухбири Крис Уоллеснинг саволларига жавоб берган, ушбу интервью  Финландия пойтахти Хельсинкида ташкиллаштирилганди. Интервьюнинг бошқа мамлакат ҳудудида ташкиллаштирилганининг сабаби АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп ва Владимир Путин айнан шу ерда учрашишгани билан боғлиқ. Одатга кўра, АҚШ ОАВси бундай вазиятда отни қамчилашади. Улоқни эса ўшанда Fox News илиб кетганди.

Финландия президенти саройидаги икки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашувидан сўнг уюштирилган интервью анча кескин саволларга бой бўлган.Крис Уоллес саволларига Путиннинг узоқдан келиб жавоб бериши унчалик маъқул келмагани боис бир неча марта суҳбатдошининг сўзларини бўлиб, уни асосий мавзуга тортишга уринган. Бу эса, табиийки, Россия президентининг эътирозларига сабаб бўлган. Ҳар ҳолда ушбу интервью икки давлат раҳбарларининг Финландиядаги учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманидагига нисбатан хийла жонли ўтган.

Уоллеснинг Путин билан интервьюси “Онлайн эфирдаги энг яхши интервью” номинациясида Эмми номзодига номзод бўлгани ҳам унинг муваффақиятли кечганидан дарак беради. Гарчи интервью мазкур номинация бўйича ғолиб деб топилмаган эса-да, у Fox News ташкил этилгандан бери АҚШ миллий телевизион санъат ва фан миллий академияси мукофотига тавсия этилган илк медиамаҳсулот ҳисобланади.

Америкалик журналист футбол бўйича 2018 йилги ЖЧ арафасида Путиндан интервью олишга бир неча ой муваффақиятсиз уринганини ёзади. Унинг айтишича, Трамп билан Хелсинкидаги учрашув аниқ бўлгач, Россия томони унинг таклифига рози бўлган. Уоллесга кўра, Россия президенти администрацияси интервьюни тўлиқ эфирга узатиш шарти билан интервью беришга рози бўлган. «Шунда у [Путин] Ғарб томошабинлари, биринчи навбатда, америкалик телетомошабинлар билан алоқа ўрнатишни исташини тушуниб етдим ва биз бунга рози бўлдик», дея хотирлайди журналист.

«Нью Йорк таймс»га берган интервьюсида Крис Уоллес ижодий жамоаси билан келишилган вақтда Россиянинг Финландиядаги элчихонасига етиб борган бўлса-да, суҳбат бошлангунча бир неча соат кутганини таъкидлайди. У буни Путиннинг суҳбатдошни мувозанатдан чиқариш усулларидан бири сифатида баҳолаган. Журналистга кўра, Путиннинг кўплаб мухолифларига суиқасд қилингани ёки кутилмаганда ўлим топгани ҳақидаги савол Россия президентининг кайфиятини янада ёмонлаштирган. Интервьюдан сўнг Уоллес суҳбатдошига таътил пайтида Россиянинг бир нечта шаҳарларига ташриф буюриш режалари ҳақида айтган ва тез орада буни амалга оширган.

NBC ва Меган Келли

Аслини олганда Путин энг кўп Американинг NBC телеканалига интервью берган. Хусусан, журналист Меган Келли 2017 йилнинг 5 мартида Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида, шунингдек, 2018 йил 1 март куни Кремлда ва 2 март куни Калининградда Россия президентидан интервью олган.

Меган Россия телеканалига берган интервьюсида кадр ортида ва камера қаршисида икки хил Путинни кўрганини таъкидлайди. “У билан камера қаршисида баҳслашиш анча қизиқ бўлди. Агар у билан баҳсга киришадиган бўлсанг, унинг сиёсатини кескин муҳокама қилсанг ёки Россия Америкага қарши эканини уқтирсанг, албатта, шунга яраша жавоб қайтаришини, агар суҳбат юмшоқ кечадиган бўлса, у ҳам мулойим бўла олишини тушундим. Путин билан икки учрашувдан сўнг уни кўпроқ тушуна бошладим”, дейди америкалик журналист.

Шунингдек, у АҚШда Путинни кўпчилик қотил ва шафқатсиз, деб билишини таъкидлаб, Россия етакчиси америкаликлар тасаввур қилганидан анча мураккаб инсон эканини айтади. Мегин Келлининг айтишича, у Путин ва россиялик ҳакерлар АҚШ президенти сайловига аралашганига шубҳа қилмайди ва интервью давомида Путин ҳам буни тан олишга қарши эмасдек туюлган.  

Умуман олганда, Путин Америка оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилишга жиддий ёндашади. Кремль бу масалага америкалик томошабинлар қалбини забт этиш, уларга Россия ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот бериш воситаси деб қарайди. Бунга ҳатто Путин билан юзма-юз интервью вақтида Fox News телеканали мухбири Крис Уоллес ҳам шама қилган. Машҳур америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг “Путин билан интервью” фильмида нима учун суратга тушганини изоҳлар экан, Россия президенти бу ишга уни матбуот котиби Дмитрий Песков кўндирганини таъкидлайди.

Сўзамоллиги, ҳар қандай мураккаб саволга ҳам савол ёки латифа билан чап бериб кетиш ҳадисини олган Россия етакчиси Америка телеканалларидагидан ташқари кўплаб хориж оммавий ахборот воситаларига интервью берган. Bloomberg (АҚШ), «Ассошиэйтед Пресс» (АҚШ), «Анадўли» (Туркия), Синҳуа (Хитой), IANS (Ҳиндистон), Azertag (Озарбойжон), PTI (Ҳиндистон) ахборот агентликлари, TF1 (Франция), ARD (Германия), CBS (АҚШ), PBS (АҚШ), KBS (Жанубий Корея), ORF (Австрия), «Ниппон» (Япония), Al Arabiya (БАА), Sky News Arabia (БАА), RT Arabic (Россия) телеканаллари, The Financial Times (АҚШ), Bild (Германия), Le Figaro (Франция), «Коррьере делла Сера» (Италия), «Жэньминь Жибао» (Хитой), «Иомиури» (Япония), «Ал-Аҳрам» (Миср), «Одрийн сонин» (Монголия) газеталари шулар жумласидан. Булар сўнгги йиллардаги интервьюлар холос ва аксари Россия президентининг қайсидир давлатга ташрифи олдидан уюштирилган.

Шу билан бирга, Путин ҳар йили тўғридан тўғри эфирда россияликларнинг саволларига жавоб қайтаради, тез-тез у ёки бу маҳаллий ОАВга интервьюлар беради. Россия президентларининг хориж ва маҳаллий ОАВга берган интервьюлари тўлиқ стенограмма қилинган ҳолда, фото ва видеолари билан биргаликда Кремль сайтида сақланади. Бу ердан Дмитрий Медведовнинг интервьюларини ҳам, Владимир Путиннинг ОАВдаги анча олдинги чиқишларини ҳам топиш мумкин.

Жамшид Ниёзов тайёрлади.

Мавзуга оид