Жаҳон | 21:17 / 12.07.2021
10753
3 дақиқада ўқилади

«Лукашенко эффекти»: Польша Беларусь билан чегарада ноқонуний миграция ўсганини маълум қилди. Литвада ҳам шу муаммо

Июл бошларида Беларусь президенти Александр Лукашенко республика Евроиттифоққа йўл олган мигрантларни тўхтатмаслигини айтганди.

Польша-Беларусь чегарасида ушланган ноқонуний мигрантлар сони ўтган йилги кўрсаткичдан икки бараварга ошиб кетди. Бу ҳақда мамлакат чегара хизматига таяниб ТАСС хабар берди.

«Йил бошидан буён Подляска чегара хизмати томонидан қўриқланадиган Польша-Беларусь чегарасида чегарани ноқонуний кесиб ўтган 238 нафар мигрант ушланди. Ўтган йили мазкур участкада 122 нафар ноқонуний мигрант ушланганди», — дейилади чегара хизмати хабарида.

Таъкидланишича, «1 июлдан бери чегара хизмати 91 нафар ноқонуний мигрантни, жумладан, 40 ва 49 кишидан иборат иккита гуруҳни ушлаган».

Литва девор қурмоқчи

Аввалроқ Литва ноқонуний миграция муаммоси ўсишига дуч келганди. Хабар қилинишича, йил бошидан бери Беларусдан Литвага асосан Африка ва Яқин Шарқдан бўлган 1676 нафар мигрант ўтган, бу ўтган йилдагига нисбатан қарийб 20 бараварга кўп.

Литвага ўтган мигрантлар қўлга олинганидан сўнг бошпана сўрашмоқда. Мамлакат вазирлар маҳкамаси 2 июл куни миграцион инқироз сабабли фавқулодда вазият режими эълон қилди.

Литва бош вазири Ингрида Шимоните республика мигрантлар оқимини тўхтатиш учун Беларусь билан чегарада девор қуришни мўлжаллаётганини айтди.

Еврокомиссия Литвага 10 млн евро ажратади

Ички ишлар бўйича еврокомиссар Илва Йоҳансоннинг сўзларига кўра, Еврокомиссия Литвага ноқонуний миграция муаммосини ҳал қилиши учун 10 млн евро ажратади. 

«Комиссия Литвани ушбу мураккаб, оғир вазиятни ҳал қилишда қўллаб-қувватлашга тайёр. Августда турли фондлардан 10 млн евро ажратилади», — деди у.

«Фронтекс» Литва-Беларусь чегарасига ўз чегарачиларини жўнатади

12 июл куни Европа иттифоқининг ташқи чегаралар хавфсизлиги агентлиги («Фронтекс») миграцион инқироз кучайиши сабабли Литва ва Беларусь чегарасига ўз чегарачиларини жўнатишини хабар қилди.

Қайд этилишича, агентлик 1 июл куни Литва-Беларусь чегарасига офицерлар ва қурилмаларини жўнатган.

«Ёрдамни кучайтирамиз ва қўшимча чегарачилар, патрул машиналари ҳамда жиноий тармоқлар тўғрисида маълумот тўплаш мақсадида мигрантлар орасида сўров ўтказиш учун ихтисослашган офицерларни жўнатамиз», — деди агентлик раҳбари Фабрис Лежери.

«Фронтекс» Литва чегарасига ўз чегарачиларини яқин кунларда жўнатиши кутилмоқда. Агентликнинг маълумот беришича, июлнинг биринчи ярмида Литва ҳукумати 800дан ортиқ мигрантларнинг чегарадан ноқонуний ўтиш ҳолатларини қайд этган. Мигрантларнинг аксарияти Конго, Гамбия, Гвинея, Мали ва Сенегал фуқаролари ҳисобланади.

«Лукашенко эффекти»

Июл бошларида Беларусь президенти Александр Лукашенко республика Евроиттифоққа йўл олган мигрантларни тўхтатмаслигини айтганди.

«Агар кимдир Польша, Литва, Латвия ва Украина билан чегарани ёпишимизни ва Афғонистон, Эрон, Ироқ, Ливия, Сурия, Тунисдан келадиган қочоқлар маконига айланишимизни ўйлаётган бўлса, у камида адашаётган бўлади. Биз ҳеч кимни ҳеч қачон тўхтатмаймиз: улар бизгамас, ёрқин, илиқ, шинам Европага боришмоқда», — деганди у.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид