Яккабоғ «замҳокими»га ўт қўйишганига 2 йил бўлди. Ўшанда бузилган бинолар учун компенсация ҳамон тўлиқ тўланмаган
Бундан икки йил олдин – 2019 йил 20 июлда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида содир бўлган воқеа бутун мамлакатда «снос» масалалари ислоҳотга муҳтож экани, ҳудудларда тадбиркорларнинг мулклари огоҳлантиришсиз ва компенсациясиз бузилаётганини кун тартибига чиқарди.
Ўша вақтдаги туман ҳокими ўринбосари М.Туймаев томонидан бульдозерда тадбиркорнинг биноси бузиб ташланаётганида, тадбиркор томонидан унга бензин сепилиб, олов қўйиб юборилганди. Муаммо шунчалик жиддий тус олдики, унга президент ҳам муносабат билдирди.
«Қашқадарёнинг валломати бор, Рўзиев деган, 5 йил қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ноинсоф. ДХХ раҳбари борганидан сўнг чиққан изоҳларни ўқи. Битта жиннинг қариндоши билан жанжал қилиб, менинг сиёсатимни бутун дунёга шарманда қилди. Ўзимни туманим, у қиламан, бу қиламан, дейсан. Битта тузукроқ кадринг йўқ, яна Деҳқонободга тирмашасан. Мана, сенинг менга қилган «дўстлигинг». Ўзбекистондаги ҳозирги ошкоралик, шаффофликни таъминлай, деб кеча-ю кундуз юритаётган сиёсатимга атрофингдагилар билан қилган «дўстлигинг».
Қўлингдан келмас экан, нима қиласан бир одамнинг туппа-тузук турган уйини бузиб? Сен хулоса қил, уйингни биров келиб бузса [нима қиласан]?
Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман. Мана, сенинг «дўстлигинг», жаноб Рўзиев! Ўзингни ўша туманга ҳоким қилиб юбораман, айтиб қўяй!», дея Яккабоғда бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдирганди президент 2019 йил 2 август куни.
3 август куни «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. «Снос» масаласида эътиборсизликка йўл қўйган Қашқадарё вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими Зафар Рўзиев интернет орқали халқдан узр сўради.
Лекин, масала қанчалик муҳокама қилинган, туман ва вилоят раҳбарлари узр сўраган, муаммо қатъий назоратга олинган бўлмасин, Яккабоғда вазият ҳамон чигаллигича қолмоқда.
Ўша 2019 йилда мулклари огоҳлантиришсиз бузиб ташланган фуқаролардан бир нечтаси ҳамон компенсация ололмагани юзасидан таҳририятга мурожаат қилган. Улардан бири Шаҳноза Содиқова. Унинг ўз оила аъзолари билан юритиб турган дўкони ҳам кўча кенгайтирилиши асносида бузилган, дўкон ўрнидан пиёдалар йўлаги тушган ва дўкон 5 метр ичкарига олинган. Давлат эҳтиёжлари учун олинган жой эвазига на қўшимча ер майдони, на товон пули тўланган.
Ажабланарлиси шундаки, Шаҳноза Содиқованинг ўнлаб ташкилотларга йўллаган мурожаатларига жавобан туман ҳокимлиги томонидан компенсация тўлаб берилгани ҳақида маълумот тақдим этилган. Ҳатто дўкони бузилган Баҳодир Темиров (Ш.Содиқованинг қариндоши)нинг ўзига ҳам бу ҳақда хат берилган. Ачинарли ва ғалати ҳолат: фуқарога компенсация олгансиз, деб хат берилмоқда, аммо у ҳеч нарса олмаган.
Хусусан, Баҳодир Темировга 2020 йил 6 июнь куни ҳокимлик томонидан юборилган хатда шундай дейилган:
«Ўрганиш давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисида»ги низомга асосан туман ҳокимлиги ҳузуридаги (реализация қилиш) масалалари бўйича доимий комиссия томонидан кўриб чиқилиб, Баҳодир Темиров номидаги бузилган савдо дўконингиз ўрнига туман ҳокимининг 2019 йил 14 июндаги қарори билан хусусий савдо дўкони қуриш учун 0,0025 га ер майдони ажратиб берилгани маълум бўлди».
Аммо ҳокимликка «маълум бўлган» ер майдонини тадбиркор кўрмаган. Дарвоқе, тадбиркорнинг барча мурожаатлари ҳокимлик томонидан худди шу тахлит ёпиб келинаверган.
«Бизга ер ажратилганини айтишди, аммо уни кўрганимиз йўқ, 2х10 метрли йўлак ажратилган, дейишди. Хўп, қани ўша ер? Иккинчидан, ўша ер бизга берилди ҳам дейлик, лекин 10 метрли йўлакни нима қилиш мумкин? На дўкон, на бошқа бирор фаолият юритиб бўлмайдиган йўлак ажратишдан мақсад нима? Тадбиркорнинг устидан кулишми?», дейди Шаҳноза Содиқова.
Афтидан, ҳеч қандай фаолият юритиб бўлмайдиган йўлакча ажратилганидан мурод тадбиркорнинг яна ўз фаолиятини бошлаб, оёққа туриши, рўзғорини тебратиши ва иш ўрини яратишига эришиш эмас, шикоят аризаларини ёпишга ўхшайди.
Туман молия бўлими маълумотига кўра, ер майдонидан ташқари бузилган дўкон учун 47 миллион сўмдан зиёд маблағ тўлаб бериш кўзда тутилган. Ҳокимлик бу бўйича гарчи «тўлаб берилди» деб маълумот берган бўлмаса-да, бу маблағ қачон ажратилиши аниқ эмас.
Гап фақат у ёки бу тадбиркорда эмас. Яккабоғда мулклари бузиб ташланган ўнлаб фуқаролар ҳалигача компенсация ололмай юришибди. Бу эса туманда хусусий мулкка ҳам, тадбиркорликка ҳам муносабат заррача ижобий томонга ўзгармаганини англатади. Бутун дунёга вабо тарқаб, миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган ва кўпчилик учун нон топишни-да қийинлаштириб қўйган пандемия ҳам бу муаммо ечимига масъулларга таъсир қилмагани икки ҳисса ачинарли.
Фуқаролардан яна бири Асқар Туропов ҳам уч йилдан буён бузилган мулки учун на ер ва на пул ололмай сарсон. Унинг бузиб ташланган мулки – тикувчилик цехидаги ускуналар уйида чанг босиб ётибди.
Мазкур маҳаллада яшовчи яна бир тадбиркор Гулжаҳон Тўраевага тегишли бино ҳам «Обод маҳалла» дастури ижроси доирасида 2018 йилда бузиб ташланган. Бу тадбиркор ҳам компенсация ололмаган. Гулжаҳон Тўраевага кўра, у шу вақтгача муаммо юзасидан биргина бош вазир виртуал қабулхонасига 9 марта мурожаат қилган.
Тадбиркорларнинг тинимсиз мурожаатлари натижасида жорий йил март ойида маҳаллага президент администрацияси вакили бориб, аҳоли ва тадбиркорлар муаммосини тинглаган. Шундан сўнг, туман ҳокимлигига муаммони 10 кун ичида бартараф этиш вазифаси қўйилган. Аммо Яккабоғ туман ҳокимлиги бу вазифани ҳам бажармаган.
Ҳокимлик вакилларининг тушунтиришича, 2019 йили «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида маҳалладаги йўлнинг икки ёни бўйлаб кўплаб турар ва нотурар бинолар бузилган.
Компенсация тариқасида биринчи марта 19 нафар фуқарога 600 миллион сўмдан зиёд компенсация пуллари тарқатилган. Иккинчи марта 2019 йил ноябрда 44 нафар фуқарога 2 миллиард 385 миллион сўмдан зиёд пул берилган. Жами 63 фуқарога компенсация тўланган. 2019 йил ноябр ойигача 100 фоиз компенсация пуллари тўлаб берилган.
Ундан кейин эса мулклари бузилган қолган фуқаролар ҳам судга мурожаат қилиб, тегишли қарор олган. Ҳозирги кунда 41 нафар фуқаро учун тўланиши лозим бўлган компенсация қарздорлиги 3 миллиард 600 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этади.
Жумладан, Яккабоғ туман ҳокимлиги вакиллари айни масала юзасидан жорий йил 2 март санаси билан вилоят ҳокимлигига хат билан чиққани ва узоғи билан Наврўз байрамигача муаммо ҳал этилишини маълум қилишганди. Афсуски, Наврўз байрамида ҳам, ундан кейинги байрамларда ҳам фуқароларнинг компенсация масаласи ҳал этилмади.
Англашилишича, Яккабоғ туман маҳаллий бюджетининг компенсация пулларига шунчаки кучи етмаяпти. «Буза-буз қизиган» даврда ҳали бу бинолар учун компенсация тўлаш лозимлиги афтидан ҳисобга олинмаган.
Дарвоқе, худди шу муаммо Kun.uz’да ўтган йили ҳам ёритилган: «Яккабоғдаги «снос»: Мулки бузилиб, ҳалигача компенсация ололмай келаётган фуқаролар бор» cарлавҳали мақолада масала моҳияти баён этилган эди. Минг афсуски, ОАВдаги чиқишлар ҳам, жамоатчилик муносабати ҳам, юқори ташкилотларнинг кўрсатмалари ҳам фойда бермаяпти.
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
15:09 / 18.11.2024
Қашқадарёда қўйлар подасини автомобил уриб юборди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
09:05 / 07.11.2024