Жаҳон | 02:17 / 24.07.2021
12705
2 дақиқада ўқилади

Ҳаити президенти дафн маросимида тартибсизликлар юз берди

Фото: AP

Ҳаитининг марҳум президенти Жовенел Моизнинг дафн маросими ўтган жой яқинида тартибсизликлар юз берди. Бу ҳақда гувоҳларга таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, дафн маросими ўтган жой яқинида газ ҳиди сезилган ва отишма овози эшитилган. У ерда намойишчилар йиғилган. Улар ҳукуматни Моизнинг ўлдирилишида ҳамда президентни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай чоралар кўрмаганликда айблашган. Шунингдек, намойишчилар Моизнинг ўлдирилиши тегишли тарзда тергов қилинмаётганини таъкидлашган. Воқеа жойида қанча намойишчилар тўплангани маълум қилинмаган. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ачиштирувчи газ қўллаган.

Таъкидланишича, намойишчилар дафн маросимида нутқ сўзлаганларга халақит қилишган. Шу сабабли маросимни олиб борган руҳоний вақти-вақти билан бақириб гапиришига тўғри келган.

Тартибсизликлар юз берганини AP ахборот агентлиги манбалари ҳам тасдиқлаган. Агентликнинг таъкидлашича, АҚШ делегацияси дафн маросимини барвақт тарк этган.

Дафн маросимида Моизнинг беваси Мартин Моиз ҳам сўз олган. У турмуш ўртоғи учун “ўч олиниши ёки зўравонлик авж олишини истамаслигини” айтган.

22 июлда Ҳаити ҳукумати Моиз билан видолашиш маросимини қисқартирилган тартибда ўтказган. Бунга маросим ўтган Кап-Аитьен шаҳрида бошланган тартибсизликлар сабаб бўлган. Норозилар маросимга келган амалдорларнинг машиналарига тошлар улоқтиришган. Полициячилар ва маросимга таклиф қилинган шахсларнинг қўриқчилари тартибсизликлар иштирокчиларини қувиш учун ҳавога ўқ узишган.

Жовенел Моиз 7 июлда ўз қароргоҳида бир гуруҳ ёлланмалар томонидан ўлдирилганди.

Мавзуга оид