
Дам олиш кунларида Панжшерда толиблар ва Афғонистон миллий қаршилик фронти кучлари ўртасида шиддатли жанглар бўлиб ўтган.
Ижтимоий тармоқларда толиблар вилоят губернатори қароргоҳи олдида тушган сурат тарқалди. Шунингдек, маъмурият биносида толибларнинг байроғи кўтарилган.
«Бу ғалаба туфайли ниҳоят мамлакатда урушга якун ясалди. Халқимиз тинчлик ва эркинликда бахтиёр яшайди», деган Мужоҳид.

Унинг сўзларига кўра, қаршилик ҳаракати жангчиларининг бир қисми ўлдирилган, бир қисми тоғларга қочиб кетган. Толиблар аксар қисми этник тожиклар бўлган Панжшер аҳолиси дискриминация қилинмаслигига ваъда берган. Шунингдек, улар панжшерликлар 1990-йилларда толибларга қарши кураш олиб борганига ҳам кўз юмилишини билдиришган.
«Улар бизнинг биродарларимиз ва биз биргаликда мамлакатимиз келажагини қурамиз, деган «Толибон» вакили.
Аммо Миллий фронт толибларнинг Панжшердаги ғалаба ҳақидаги баёнотни рад этмоқда.
Фронтнинг халқаро алоқалар бўйича бўлими раҳбари Али Майсам Назарий фейсбукдаги саҳифаси орқали толибларнинг баёноти ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва қаршилик кучлари ҳамон водийдаги муҳим стратегик позицияларни сақлаб қолаётганини билдирган
Қаршилик ҳаракати етакчиси Аҳмад Масъуд эса панжшерликларга мурожаат қилиб, барча афғонларни толибларга қарши миллий кураш учун кўтарилишга чақирган. У ўз аудиомурожаатида толиблар ҳеч қанақасига ўзгармагани, аксинча янада радикаллашгани ҳақида айтиб ўтган.
Масъуд сўнгги кундаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида ўз оиласи аъзолари ҳам ҳалок бўлганини айтиб, жаҳон давлатларини Афғонистондаги воқеаларга томошабин бўлиб турмасликка, сиёсатчиларни йўл қўйилган хатоларни тузатишга чақирган ва қаршилик ҳаракати ғалабага қадар давом этишини маълум қилган.
Толиблар уларнинг ҳокимиятига қарши ҳар қандай ҳаракат қатъий бостирилишидан огоҳлантиришган.
«Ислом Амирлиги исёнчиларга муросасиз. Бош кўтаришга уринганларнинг барчаси билан ҳисоб-китоб қилинади. Биз яна бир қаршилик ўчоғи пайдо бўлишига йўл қўймаймиз», деди Забиҳулло Мужоҳид душанба куни Кобулдаги матбуот анжуманида.


















