Ўзбекистон | 13:11 / 20.10.2021
17503
2 дақиқада ўқилади

Бу йил Янги Ўзбекистон университетининг барча талабалари грант асосида ўқиши маълум қилинди

Янги Ўзбекистон университетига бу йил 200 нафар талаба қабул қилинди. Уларнинг барчаси давлат гранти асосида ўқишни давом эттиради. Ҳозирча талабалар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети биносида ўқишни бошлайди.

Фото: Kun.uz

18 октябр куни Янги Ўзбекистон университетининг илк талабалари учун ўқув жараёни бошланди. Қабул имтиҳонлари натижалари ҳақида Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари Ҳилола Умарова маълумот берди.

Фото: Kun.uz

«Имтиҳонларнинг 1-босқичи – саралаш жараёнларида жами 6 мингдан ортиқ талабгорлар рўйхатдан ўтди. Шундан 1230 нафари 6 сентябрда бўлган имтиҳонда қатнашди. Бунда номзодлардан энг камида 6 балл IELTS сертификати талаб қилинди. Имтиҳон Cambridge Assessment ташкилоти томонидан ўтказилди. Ва 200 нафар ўқувчи танлаб олинди, уларнинг барчаси грант асосида ўқишга қабул қилинди», — дейди агентлик раҳбари 19 октябр куни ўтказилган университет тақдимотида.

Фото: Kun.uz

Бу йил ўқув жараёнлари қаерда бошланиши ҳақида Янги Ўзбекистон университети ўқув ишлари бўйича проректори Элёржон Жумаев тўхталиб ўтди. Унга кўра, ҳозирча Янги Ўзбекистон университетига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети биносининг бир қисми таъмирлаб топширилди. Кейинги ўқув йилидан дарслар Тошкент шаҳридаги Президент мактаби биноси ёнида қурилаётган янги бинода бошланади.

Элёржон Жумаев / Фото: Kun.uz

«Келаси йилдан университетда янги ўқув бўлимлари ҳам очилади. Асосан илмий тадқиқотга йўналтирилган материалшунослик, кимё муҳандислигининг нефт-газ, машинасозлик, бундан ташқари, бизнес бошқаруви бўйича ҳам йўналишлар очилади. 2025 йилдан бошлаб 8 минг нафар талабани қабул қилишни режа қилганмиз», — деди Элёржон Жумаев.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Мавзуга оид