Фан-техника | 13:45 / 24.10.2021
36341
5 дақиқада ўқилади

Бир ўринли электровертолёт, янги AirPods тақдимоти, Ойга интернет тушириш лойиҳаси – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли техно хабарларни жамлади.

Фото: Jetson Aero

Швецияда бир ўринли электровертолёт ишлаб чиқилди

Швецияда Jetson Aero компанияси бир ўринли, вертикал учиб-қўнувчи ихчам вертолёт The Jetson One’ни тақдим этди. Қурилманинг ўлчами 2845 мм x 2400 мм x 1030 мм.ни, оғирлиги 90 кг.ни ташкил қилади.

Электровертолёт 8 та парракка эга, максимал тезлиги 102 км/соат, электр двигатели эса 118 от кучига тенг.

Вертолёт қайта қувватлашсиз 15 дақиқа парвоз қила олади. У иккита жойстик билан бошқарилади. Қурилманинг нархи 92 минг доллар.

Дунёнинг энг йирик технологик гигантлари ҳар дақиқада қанча даромад кўришади?

СNBC еттита энг йирик технологик брендлардан (Amazon, Apple, Alphabet, Microsoft, Facebook, Tesla va Netflix) олинган расмий маълумотлари асосида улар 2021 йилнинг биринчи чорагида дақиқасига қанча даромад олганликлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра:

  1. Amazon: дақиқасига 837,3 минг доллар
  2. Apple: дақиқасига 691,2 минг доллар
  3. Alphabet (Google): дақиқасига 426, 8 минг доллар
  4. Microsoft: дақиқасига 321,8 минг доллар
  5. Facebook: дақиқасига 201,9 минг доллар
  6. Tesla: дақиқасига 80,1 минг доллар
  7. Netflix: дақиқасига 55,2 минг доллар.

Xiaomi электромобиллар ишлаб чиқаришини эълон қилди

Хитойнинг Xiaomi компанияси 2024 йилдан электромобиллар ишлаб чиқаришни бошлайди. Қайд этилишича, ушбу лойиҳага 10 млрд доллар инвестиция киритилади. Xiaomi электромобиллар ишлаб чиқаришда иштирок этиш учун 300 нафар ходим ёллаган.

Компания ишлаб чиқарадиган электромобилнинг техник хусусиятлари ҳозирча маълум қилинмаган. Илк электромобил тақдимоти 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган.

Apple янги MacBook Pro, HomePod ва AirPods тақдимотини ўтказди

Apple компанияси катта тақдимот маросимини ўтказди. Маросимда учинчи авлод AirPods симсиз қулоқчинлари, янги процессорлари ҳамда янгиланган MacBook Pro’ни намойиш этди.

Учинчи авлод AirPods қулоқчинлари намлик ва тер таъсиридан ҳимояланган. Қулоқчинларнинг аккумулятори ҳажми оширилган ҳамда янгиланган дизайнга эга бўлди. Бундан ташқари, янги AirPods “макон аудиоси” ва Dolby Atmos функциялари билан жиҳозланган.

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, аккумулятор қуввати олти соат тўхтовсиз мусиқа эшитишга етади.

Apple, шунингдек, ўзи ишлаб чиқарган M1 Pro ва M1 Max процессорларини намойиш этди. M1 Pro 33,7 млрд транзистор ва сониясига 200 гигабайт тезликка эга 32 гигабайтли хотира билан жиҳозланган. M1 Max ундан кўра кучлироқ. У 57 млрд транзистор, тезлиги сониясига 400 гигабайт бўлган 64 гигабайтли хотирага эга.

2021 йилнинг энг қиммат брендлари топ-10 талиги

Interbrand Corp йилнинг энг қиммат брендлари рўйхатини эълон қилди. Топ-10 талик қуйидагича

  • Apple (408,25 млрд доллар);
  • Amazon (249,25 млрд доллар);
  • Microsoft (210,2 млрд доллар)
  • Google (196,8 млрд доллар);
  • Samsung( 74,635 млрд доллар);
  • Coca-Cola( 57,488 млрд доллар);
  • Toyota (54,107 млрд доллар);
  • Mercedes-Benz (50,866 млрд доллар);
  • McDonald's (45,885 млрд доллар);
  • Disney (44,183 млрд доллар).

LunaNet лойиҳаси — АҚШ Ойга интернет туширишни режалаштирмоқда

Фото: NASA

Ушбу йўриқномага кўра, 2021 йил ноябр–2022 йил январида Ойга АҚШнинг Artemis-1 учувчисиз космик қурилмаси парвоз қилади. НАСА ушбу дастур доирасида ишлаб чиқаётган янги технологиялардан бири Ой интернетидир. Астронавтлар тўплашни режалаштирган барча маълумотларни узатишга мавжуд алоқа радиоканалларининг қуввати етмайди. НАСА режасига кўра, бўлажак миссия шунчаки Ойга парвоз билан чекланмайди. Астронавтлар у ерда узоқ вақт қолади.

LunaNet лойиҳаси Ой юзасига бир нечта алоқа узатиш боғламаларини ўрнатишни кўзда тутади.

НАСА ушбу лойиҳани Оҳайо штатининг энг катта шаҳри – Кливлендда синовдан ўтказмоқда.

Инсоният ҳар дақиқада интернетдаги платформалардан қанча миқдорда фойдаланади?

Американинг Domo компанияси тадқиқотларига кўра, ҳар 1 дақиқада Google’да 5,7 млн қидирув амалга оширилади, ТikTok фойдаланувчилари 167 млн видео кўради, Тwitter’да 575 минг твит ёзилади, Instagram’да 65 минг, Facebook’да эса 240 минг сурат улашилади, Аmazon мижозлари 283 минг долларлик нарса харид қиладилар.

Британия зарбхонаси эски смартфонлардан олтин олишни бошлайди

Британия қироллик зарбхонаси смартфон ва ноутбукларнинг ишламайдиган қисмларидан олтин ва қимматбаҳо металларни олишга қарор қилди. Зарбхона бу мақсадда Канаданинг Excir стартапи билан шартнома тузган. Унга кўра, стартап зарбхонага қурилмаларнинг платаларини хона ҳароратида эритиш технологиясини фойдаланишга беради. Бу технология билан эритиш заводлари хизматларига эҳтиёж қолмайди.

Технология электроника чиқиндиларини камайтиришда ёрдам бериши кутилмоқда. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда ташлаб юборилган электрон ва электр қурилмалар ҳажми 57 млн тоннадан кўпроқни ташкил қилади ва бу кўрсаткич йил сайин ортиб бораверади.

Мавзуга оид