Ўзбекистон | 11:42 / 25.10.2021
4493
2 дақиқада ўқилади

Суғуртанинг барча турлари электрон шаклда амалга оширилади

Президент қарорига кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб суғуртанинг барча турларини электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилади.

Фото: Shutterstock

«Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра:

  • 2022 йил 1 июлдан бошлаб суғуртанинг барча турларини электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилади;
  • 2023 йил 1 январдан бошлаб мажбурий суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта полисларини қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;
  • 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январга қадар ҳаёт суғуртаси соҳасида фаолият юритаётган суғурта ташкилотларининг мазкур фаолияти қисми учун ҳисобланадиган фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади;
  • 2022 йил 1 январдан 2024 йил 1 январга қадар иш берувчи томонидан ўз ходимлари учун бахтсиз ҳодисалардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш ва тиббий суғурта турлари бўйича тузилган суғурта шартномалари асосида Ўзбекистон Республикасида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга йўналтириладиган маблағлар жисмоний шахсларнинг жами даромади сифатида қаралмайди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси шартномаси бўйича йўналтирилган маблағлари ҳамда уларга тўланган суғурта тўлови солиққа тортилмаслиги белгиланди.

Аввалроқ, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқаргани учун жарима миқдори икки бараварга камайтирилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид