Ўзбекистон | 09:26 / 26.10.2021
5291
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда табиий газ тармоғига уланишни сўраган боғчага икки дона суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллон берилиши мумкинлиги айтилди

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда, Китоб тумани Истиқбол маҳалласида жойлашган “Эркатой панда” нодавлат боғчасини табиий газ тармоғига улаб берилиши сўралган видеомурожаат тарқалди. Мурожаат юзасидан “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Китоб туманида 857 та истеъмолчи бўлиб, уларга Шаҳрисабз газ тақсимлаш станциясидан табиий газ етказиб берилади. Кейинги йилларда Шаҳрисабз шаҳри ва туманидаги ҳудудларда янгидан янги ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилаётгани ҳамда истеъмолчи хонадонлар сонининг ошиши натижасида қурилма ва табиий газ қувурларида босими камайган. Бу ҳолат Китоб туман истеъмолчиларининг таъминотида узилишларни келтириб чиқаряпти. Шу сабабли туманда истеъмолчиларни газлаштириш ишлари вақтинча тўхтаб турибди.

Қайд этилишича, газ сўраб мурожаат қилаётганларни табиий газ тармоғига улаш учун ҳудудда янги газ тақсимлаш станцияси қуришни тақозо этади. Шу мақсадда Китоб тумани ҳокимлиги ва “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали томонидан туман табиий газ истеъмолчилари учун алоҳида газ қувури тортиш, янги газ тақсимлаш станциясини қуриш тўғрисида юқори ташкилотларга таклиф берилган.

«Айтиб ўтамиз, алоҳида газ тақсимлаш станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг “Эркатой панда” нодавлат боғчасига шунингдек, тумандаги бошқа корхона ва муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларини ҳам табиий газ билан таъминлаш имконияти яратилади. Шундан келиб чиқиб, “Эркатой панда” хусусий боғчасининг газ лойиҳа ҳужжатлари тақдим этилганда “Китобтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан чой ва иссиқ овқат тайёрлаш учун икки дона суюлтирилган маиший газ баллони етказиб бериши мумкинлигини билдирамиз», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид