Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат бошқаруви, ҳуқуқий соҳа ва давлат хизматлари масалалари бўйича Telegram'да ташкил этилган жонли подкастда давлат бошқарувини ихчамлаштириш масаласига яна бир бор тўхталиб ўтди.
“Президентимиз инаугурацияда айтган нутқларида ҳам ҳукумат, давлат органларининг ихчам бўлиши тўғрисида гапирдилар. Маъмурий ислоҳотларнинг давом этиши бевосита Адлия вазирлиги фаолияти билан ҳам боғлиқ. Чунки давлат бошқаруви самарадорлигини таҳлил қилувчи алоҳида тузилмаларимиз бор, шу бўйича кўп ишлар олиб борамиз ва таклифларимизни ҳукуматга киритиб борамиз.
Давлат органлари тизимининг ихчам бўлиши нима дегани? Бу дегани ҳар бир соҳада ўзининг ваколатига эга бўлган, функциялари бошқа идоралар билан такрорланмайдиган, у ерда ишлайдиган ҳар бир ходимнинг аниқ вазифаси белгилаб қўйилган тизимни англатади”, дейди вазир.
Давлетов инспекциялар сонининг кўплигига ҳам эътибор қаратди.
“Бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири – бу органларнинг сони. Мана яқинда инспекцияларни таҳлил қилдик. 18та инспекция бор, керак бўлса, бир-бири билан вазифалари такрорланаётганлари бор. Умуман, инспекциялар бугунги кунда давлат бошқарувида жамоатчиликнинг ҳам эътиборидан четда қоляпти. Қандай текширишяпти, тадбиркор ва фуқаролар билан қандай муносабатга киришяпти – уларнинг фаолияти жуда ҳам шаффоф эмас.
Масалан, биргина қурилиш, уй-жой назорати соҳасида 4та давлат органи масъул. Ёки маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигига 8та алоҳида ташкилот масъул бўляпти. Демак, буни қайтадан кўриб чиқиб, оптималлаштириш масаласи кўндаланг турибди”, таъкидлади Русланбек Давлетов.
Адлия вазирлиги раҳбари фуқароларнинг бир масала юзасидан идорама-идора сарсон бўлиб юрмаслиги учун “бир масала – бир идора” тамойилини жорий қилиш кераклигини билдирди:
“Бир масала – бир идора” тамойилини амалга ошириш керак. Яъни фуқаро мурожаат қилганда унинг масаласини ҳал қиладиган идора ҳамма функцияларни қамраб олиши керакки, 100 фоиз ҳамма масаласини ҳал қилиб берсин.
Мана, ҳозирда таълим соҳасининг ўзида 5та органимиз бор. Таълимнинг бошқаруви, тагидаги фундаментал масалалар бир хил, лекин унинг даражасидан келиб чиқиб органларга бўлинган. Балки буни ҳам қайта кўриб чиқиш керакдир. Такрорловчи функциялари жуда кўп. Мазмун-моҳиятан масалалари бир хил бўлгандан кейин бошқарув ҳам бир хил бўлиши керакдир балки.







