Ҳимоя ордери тажрибасидан нафақат эр-хотин муносабатларида, балки раҳбар-ходим ва қўни-қўшнилар ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларнинг олдини олишда ҳам фойдаланилиши мумкин. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилди.
“Ҳимоя ордери нима ўзи? Биласиз, қонун билан ҳамманинг ҳуқуқ-манфаатлари ҳимоя қилинган. Яъни Жиноят кодекси жиноий таъқиб қилиш орқали, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси маъмурий таъқиб орқали албатта фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялайди. Шунга қўшимча равишда қонун қабул қилинганки, ҳимояга олиш, яъни бир шахс билан иккинчи шахснинг бир-бирига яқинлашиши, муносабатга киришишига маълум бир вақтга чеклов ўрнатилади. Шунингдек, зўравонликка учраган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарар қоплаб берилади.
Қўни-қўшнилар ўртасида, оилада эр ва хотин ўртасида ёки раҳбар билан ходим ўртасида турли келишмовчиликлар юзага келиб туради. Томонлар бир-бирига қўл кўтаради, кимдир зўравонлик қурбони бўлади, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилади. Бундай вазиятда ҳимоя ордерларидан фойдаланиш яхши самара беради.
Шу пайтгача хотин-қизлар зўравонликка учраган вақтдан бошлаб ҳимояга олардик. Агар қонунчиликка киритиш таклиф этилаётган ўзгариш маъқулланса, ҳимоя ордерини эркакларга ҳамда вояга етмаганларга нисбатан ҳам қўллашимиз мумкин бўлади”, деди Бахтиёр Бердиалиев.
Ўзбекистонда 6 ойда 20 387 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди
ИИВ мулозимининг таъкидлашича, зўравонликка учрагани учун ҳимоя ордери берилиб, профилактика инспекторлари кузатувида бўлган хотин-қизларнинг 98 фоизига нисбатан қайта куч ишлатилмаган, ҳақ-ҳуқуқлари бошқача тарзда бузилмаган. Шу сабабли ушбу тажрибадан нафақат эр-хотин муносабатларида, балки раҳбар-ходим, қўни-қўшнилар ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларнинг олдини олишда ҳам фойдаланиш истаги юзага келган.

“Тажриба шуни кўрсатдики, профилактика инспекторлари томонидан ҳимояга олинган шахс – давлатнинг ҳимоя ордерини олган жабрланувчининг олдига зўравон қайта яқин келишга чўчиб қолади. Чунки яқинлашса ёки яна куч ишлатса, бунинг оқибатлари жиноий жавобгарликка тортилишгача бориб етиши мумкин.
















