Тошкент ҳокимига алоқадор “Eco House-Group” йирик лойиҳаларни тендерсиз олгани маълум бўлди
Тиббиёт соҳасига алоқадор қурилишлар бўйича камида учта давлат буюртмаси “Eco House-Group”га тендерсиз берилган. Уларнинг қиймати камида 403 млрд сўм. Бироқ, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга кўра, 6,8 млрд сўмдан ошиқ лойиҳаларни тендерсиз бериш мумкин эмас.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт қурилиш инжиниринг” давлат унитар корхонаси буюртмасига биноан Тошкент шаҳрида 140 ўринли Перинатал марказ ва 160 ўринли Она ва бола маркази қурилишининг иккинчи босқичи бажарилмоқда.
Telegram'даги davletovuz каналининг эътибор қаратишича, 2021 йил учун тасдиқланган манзилли дастурга кўра, бу иккита объектнинг баҳоси 189,5 млрд сўмни ташкил қилади. Объектлар тендерсиз, ҳукумат ҳужжати билан тақдим қилинган.
Маълумот учун, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига кўра, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 25 минг баравари – 6 млрд 750 млн сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилиши шарт.
Буюртмани “Eco House-Group” МЧЖ амалга ошириши кўзда тутилган. 2018 йилда очилган мазкур компания тез-тез номини ўзгартириб туради. Бундан олдин Whitecity Construction, Renaissance Company каби номларда ҳам фаолият юритиб кўрган. Компания анча машҳур. Хусусан, Сардоба сув омборидаги фожиадан кейин Оқолтин туманининг Шодлик маҳалласидаги 20 та уйни қуриш айнан Whitecity Construction'га топширилган.
Бундан олдин эса Чилонзор тумани Оқтепа мавзесидаги уйлар, Сергели туманидаги монолит уйлар, Талабалар шаҳарчасида ўқитувчилар учун мўлжалланган бинолар ҳам ушбу компания томонидан қурилган.
Компания, шунингдек, Зангиота туманида Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини барпо этишда ҳам бош пудратчи сифатида тендерсиз жалб қилинган ва бир вақтнинг ўзида лойиҳалаш ҳамда қуриш ишларига рухсат берилган. Бу лойиҳани амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 млн доллар ажратиш кўзда тутилганди. Компания аллақачон 213,5 млрд сўмлик пудрат шартномасини тузиб, иш олиб бормоқда.
Яна худди шу компания 2020 йилда Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бино ва иншоотларини реконструкция қилиш бўйича 357,6 млрд сўмлик пудрат шартномасини ҳам қўлга киритган. Бу объектни ҳам тендерсиз, ҳукумат ҳужжати билан олган.
Юридик шахслар реестрига кўра, “Eco House-Group” МЧЖнинг 82,4 фоиз улуши Асатов Нодиржон Худойберди ўғлига, 17,6 фоизи эса Мирвохитов Мирсаид Мирфатух ўғлига тегишли. 2020 йилнинг ўрталаригача компаниянинг 40 фоиз улуши Исроилов Исмоилга тегишли бўлган. Кейинчалик у ўз улушини юқоридаги шахсларга ўтказган.
Akfa Engineering Management компаниясининг собиқ директори ҳисобланадиган Исмоил Исроилов улуши 66,9 фоизни ташкил этадиган Discover Invest (Power Construction Planet) компанияси манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган бир қанча тендер савдоларида иштирок этгани билан ҳам машҳур. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган, Яккасарой туманидаги 45-уйни реконструкция қилиб, атрофини ободонлаштиришни кўзда тутувчи 35,5 млрд сўмлик тендерда ғалаба қозонгани бунга кичик бир мисол.
Исроилов, шунингдек, “Телерадиокомпания Зўр” (31,2 фоиз) ва Колорпак (25 фоиз) сингари компанияларда ҳам улушга эга.
Аввалроқ Kun.uz Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бир қанча лойиҳалар Discover Invest'га тендерсиз бериб юборилгани ҳақида хабар берганди.
Маълумот учун, Whitecity Construction бренди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўлиқ эгалик қиладиган “J-United Group” МЧЖга тегишли.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли фармонига кўра, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига:
- тадбиркорлик субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб этиш орқали барча давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларининг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича самарали чораларни кўриш;
- Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ бўлмаган топшириқлари, шу жумладан, қонунда кўзда тутилмаган, ягона етказиб берувчидан тўғридан тўғри харид қилиш имконини кўзда тутувчи баённомалар шаклидаги топшириқларни киритиш амалиётини қатъиян тақиқлаш вазифалари юклатилганди.
Шунингдек, бу фармон билан хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳам тақиқланган.
Қонунга кўра, давлат харидларининг холислиги харид иштирокчиларига тенг имкониятларни таъминлашга асосланади.
Тавсия этамиз
Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
Жаҳон | 22:19 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
Жамият | 14:20 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
Иқтисодиёт | 11:05 / 21.01.2025
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16 / 21.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ бош котиби 2025 йилдаги асосий таҳдидларни санади
Жаҳон | 21:11 / 22.01.2025
-
Фицо давлат тўнтариши таҳдиди юзасидан Словакия Хавфсизлик кенгашини чақирди
Жаҳон | 11:55
-
Тошкент - Хўжакент темирйўли Чиноркентгача узайтирилди
Ўзбекистон | 11:52
-
Машҳур ошхона брендларини шантаж қилиб, пул ундиришда гумонланаётган 3 киши қўлга олинди
Жамият | 11:42
Мавзуга оид
10:05 / 13.12.2024
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг жамият ва давлат учун аҳамияти
17:42 / 04.12.2024
«Пахтакор» бюджети 100 миллиарддан ошади». Ортиқхўжаев қониқарсиз натижа, янги мураббий, Черан ва режалар ҳақида
12:00 / 04.12.2024
«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди
16:21 / 12.11.2024