Ўзбекистон | 14:00 / 15.12.2021
7024
3 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатасида 14 декабр куни қабул қилинган қонун бир кун ўтиб Сенат томонидан маъқулланди

Сенатнинг 2021 йил 15 декабр куни бўлиб ўтаётган 22-ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Kun.uz

Қонунда жорий йилги давлат бюджети харажатларини 2,2 трлн сўмга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан:

– туман ва шаҳарларнинг фуқаролар ташаббуслари жамғармасида 1 млрд ва унда кам маблағ шаклланган, вазирликка келиб тушган таклифлар сони 100дан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга Республика бюджетидан қўшимча 117 млрд сўм;

– фермерлар ва ғаллачилик кластерларига 2021 йил ҳосилидан давлат ресурсларига сотган товар доннинг ҳар бир тоннаси учун 350 минг сўмдан субсидия ажратиш учун 800 млрд сўм;

– Мўйноқ туманидаги 5 нафаргача аъзоси бўлган ҳар бир оила учун 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам, Қорақалпоғистон Республикасидаги ижтимоий иқтисодий муаммолари мавжуд 21 та фуқаролик йиғинларини ободонлаштириш учун 67 млрд сўм;

– Сурхондарё вилоятида аҳолини ичимлик сув муаммосини “Тўпаланг” сув манбалари ҳисобига яхшилаш учун қурилиш ишларига 527 млрд сўм (бюджетдан 200 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 327 млрд сўм);

– Ҳудудларда зарур ижтимоий иқтисодий ривожланиш тадбирларини ижтимоий объектлар қуриш ва таъмирлаш, ички йўлларни таъмирлаш учун, ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун Сирдарё, Навоий, Жиззах вилоятларининг ҳар бирига 100 млрд сўмдан жами 300 млрд, Тошкент шаҳрига 200 млрд сўм;

– Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари компенсациясига — 50 млрд сўм ажратилмоқда.

Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 2,5 трлн сўмга оширилмоқда. Бунда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва аҳолини озиқ овқат билан таъминлаш учун 1,1 трлн сўм йўналтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун Қонунчилик палатасининг 2021 йил 14 декабр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида кўриб чиқилганди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги қонунга кўра, Сенатга келиб тушган қонун рўйхатга олинади ва Сенат Раиси томонидан қонунни кўриб чиқадиган ҳамда унинг юзасидан хулоса тайёрлайдиган масъул қўмитага топширилади. Масъул қўмитанинг хулосасида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсия ифодаланади. Масъул қўмитанинг хулосаси Сенат Кенгашига тақдим этилади, Кенгаш қонунни Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш-киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Маълумот учун, бунгача 2021 йил учун давлат бюджети июл ва ноябр ойларида ҳам оширилганди.

Мавзуга оид