Жамият | 18:11 / 19.01.2022
15579
2 дақиқада ўқилади

“Қибрайчасига” асфалтлаш — маҳалла йўллари яна чала таъмирланди

Қибрай туманидаги Бўстон маҳалласининг айрим йўллари ўтган йили ниҳоят биринчи марта асфалт кўрган эди. Бироқ асфалтлаш ишлари фақат айрим кўчалардагина олиб борилган, қолганлари аввалгидек сув ва лой аҳволда қолди.

Фото: KUN.UZ

2021 йил сентябр ойида пойтахт биқинидаги Қибрай тумани, Бўстон маҳалласи, Субҳидам кўчасида йўллар мустақиллик даврида бирор марта асфалт кўрмагани ҳақида ёзган эдик. Шундан кейин маҳалланинг айрим йўлларига асфалт ётқизилди, бироқ...

Нисбатан асосий бўлган кўчаларгина асфалт кўрди. Бу асосий кўчалар оралиғидаги йўллар аввалгидек сув ва лой бўлиб ётибди.

Субҳидам кўчасига қўшни бўлмиш Ҳамид Олимжон кўчасида ҳам “ажойибот”га дуч келасиз. Уч йил олдин Kun.uz'да ёритилган 11-мактабга олиб борувчи абгор йўл ўша пайтдаёқ таъмирланганди. Аммо бу ерда ҳам “қибрайчасига” асфалт ётқизилиб, мактабнинг шундоқ олди асфалтланибди, сал наридаги аҳвол аввал қандай бўлса, ўшандайлигича қолган.

Биз бежиз “қибрайчасига” деган сўзни ишлатмадик. Бир неча йил олдинги ҳолатда ҳам, бир ой олдинги ҳолатда ҳам Қибрай тумани раҳбарлари бир хил йўл тутган: таъмирталаб йўлларнинг айрим қисмларигина асфатлаб қўйилган холос.

Биз яна бир бор Қибрай туман ҳокимлиги масъулларидан мазкур масалага эътибор қаратишларини, маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмини беҳуда ҳавога совурмай, биринчи навбатда айнан шу каби аҳоли муаммоларини ҳал қилишга йўналтиришни сўраб қоламиз.

Фаррух Абсаттаров,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид