5 доллардан пулланган экспресс-тест аслида 15 минг сўм эди
10 кун давомида Ўзбекистонга хориждан кириб келган йўловчилардан мажбурий равишда экспресс-тест олинди. Kun.uz дорихоналарда 15 минг сўмдан сотилаётган антиген-тестлар аэропорт ва чегарага боргунча қандай қилиб 5 долларга айланганига қизиқди.
19 январ куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Vaksina.uz” Telegram-каналида уй шароитида қўлласа бўладиган антиген-тест сотувга чиққани эълон қилинди. Бу – VivaDiagТМ Pro SARS-CoV-2Аг номли экспресс-тест бўлиб, унинг 1 донаси 15 минг сўмдан сотиляпти.
“VivaDiagТМ Pro SARS-CoV-2Аг экспресс-тест инсонда SARVS-CoV-2дан нуклеокапсид оқсил антигенини тез, сифатли аниқлаш учун мўлжалланган. Бу – ўз-ўзини текшириб кўриш учун тест. У фақат дастлабки скрининг тест натижасини беради. Ушбу тест 16 ёшдан 69 ёшгача бўлган шахсларда бурунда тўпланган намуналарини тампон билан уйда текшириш учун мўлжалланган, 16 ёшдан кичик ва 69 ёшдан ошган одамлардан намуна олиш ва текшириш катталар раҳбарлигида ўтказилиши керак”, – дейилган тест ҳақидаги изоҳда.
Хўш, бу тестнинг Ўзбекистонга кираётган йўловчилардан олинаётган экспресс-тестдан қандай фарқи бор?
2022 йил 15 январгача йўловчилардан экспресс-тест олиш ваколати Санитария-эпидемиология хизматига юклатилгани сабаб жавоб олиш учун ташкилот матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровга мурожаат қилдик. Унинг айтишича, бугунги кунда чегара пунктларидаги, яъни Ўзбекистон Республикаси назорат-ўтказиш пунктларидаги коронавирусга олинаётган тестларнинг ҳаммасига божхоначилар жавобгар.
“Хусусий фирмалар белгиламайди, божхона белгилайди, ўзлари нарх қўйган, қанақа ишлатаётганини ҳам билмайман. 2022 йил 15 январдан божхона ўзи олиб, ўзи ўтказадиган бўлган. Баҳолашлари ҳам шунга қараб. Олдин айримларида “Тиббиёт дунёси” эди, шунинг учун 15 январдан чегара пунктларида хусусий фирмалар қолмаган”, – деди Бозоров.
Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев Ўзбекистонда барча чегара ўтказиш пунктларида коронавирус инфекциясини аниқлаш хизмати фақат Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига юкланганини тасдиқлади.
Унга кўра, Махсус комиссиянинг топшириғи ижросидан келиб чиқиб, халқаро аэропортлар, темирйўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш пунктларида – жами 31 та чегара-божхона постларида коронавирус инфекциясини аниқлаш учун 240 нафардан зиёд ёлланма тиббий ходим ва маълумотларни ахборот тизимларида рўйхатдан ўтказувчи 200 нафардан зиёд оператор ишга олинган.
“Тест олиш жойлари зарурий мебель, компьютер, электр таъминоти ва бошқа инвентарлар билан жиҳозланди. Жараёнга 300 дан зиёд компьютер ва принтер жамланмалари, паспортларни сканерлаш ускуналари, QR-кодларни чоп етадиган ва ўқийдиган қурилмалар жалб қилинди.
Дастлабки босқичда 600 минг дона экспресс антиген тестлар ҳозирлаб қўйилди”, – дейилган Божхона қўмитаси ахборот хизмати Кun.uz'га тақдим этган маълумотда.
Ҳусан Тангриев Kun.uz'нинг: “Олиб келинган 600 минг дона экспресс-тестнинг маркаси (савдо номи) нима?” деган саволини жавобсиз қолдирди.
ДБҚ матбуот котибига кўра, йўловчилар учун қандай тест ишлатишни ССВ танлайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Kun.uz'нинг бу ҳақдаги саволи Санитария-эпидемиология хизматига тааллуқли эканини билдирди.
Натижа эса, кўриб турганингиздек, ёпиқ айлана. Жавобдан қочган божхоначилар ССВга, ССВ “СЭС”га, “СЭС” эса божхоначиларга саволни йўналтириб юборди.
Шу ўринда, ижтимоий тармоқларда экспресс-тест учун 5 доллар тўлаган фуқароларга чек берилмагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганини қайд этиш керак.
Чегарадаги экспресс-тестга қандай ҳисоб-китобларга кўра 5 АҚШ доллари нарх белгилангани ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Божхона қўмитаси матбуот хизмати бунга экспресс-тест нархига чегара ва аэропорт ҳудудларида ташкиллаштириш харажатлари ҳам қўшилган, дея изоҳ берди.
Бу нархни ким белгилагани ҳақида ҳам мутлақо изоҳ берилмади. 10 кун давом этган “5 доллар қонуни” айнан кимнинг чўнтагини қай тарзда қаппайтиргани номаълум. Аммо маълуми шуки, бу мантиқсиз қарор эди. Буни дунё олимлари ҳам, ўзимизнинг расмийлар ҳам тан олишганди.
Махсус комиссиянинг “зараркунандалиги” қачонгача давом этади?
Иқтисодчи Отабек Бакиров мавзу юзасидан фикр билдириб, кўплаб зарарли ва коррупцион элементларга эга қарорлар чиқараётган Махсус комиссия фаолиятини тафтиш қилиш керак деган фикрни илгари сурди.
“Махсус комиссиянинг “5 доллар қонуни” 10 кун ўтиб тугатилди. Ҳозир ҳамма хурсанд, гўёки ҳеч нима бўлмагандек ёки ғалаба қозонганимиздек. Йўқ, хурсанд бўлишга ва ғалабани нишонлашга арзимайди.
Чунки “5 доллар қонуни”ни жорий этганлар ва ўтган 10 кунда ўзбекистонликлар ва меҳмонларга зараркунандалик кўрсатишдан 800 минг доллар пул ишлаб олганлар ҳеч қандай масъулиятга тортилгани йўқ. Махсус комиссия яна истиқболда бундай зарарли қарорлар қабул қилишидан ҳеч бир ўзбекистонлик суғурталанмаган.
Ўтган икки йилда Махсус комиссиянинг саволли, кўпинча иқтисодиёт учун зарарли, баъзида коррупцион элементларга эга, оқибатлари тўғри баҳоланмаган, натижалари инсонлар ўлими ва касалланиш даражаси ортишига олиб келган ўнлаб қарорлари қабул қилинди. Хлорлик сув билан ювилган кўчалар эсингиздами? Мажбурий дезинфекция туннеллари-чи? Резинка қўлқоплар? Рухсат этилган оммавий фестиваллар ва тадбирлар, уларнинг ортидан вируснинг ёппасига тарқалиши ёдингиздадир? Умумий овқатланиш, транспорт, етказиб бериш ва кейтеринг хизматлари бўйича иррационал чекловлар билан Махсус комиссия етказган зиённи биров ҳисоблаб кўрдими?
Махсус комиссия бунга жавоб бердими? Йўқ.
Дунёнинг барча мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ декрет, фармойиш ва қарорларни амалдаги ҳукуматлар қабул қилмоқда. Чунки улар чиқарган ҳар бир қарори учун сайловчилар ва парламент олдида масъулиятли ва жавобгар.
Шундай экан, Махсус комиссия, унинг барча вазифалари Ҳукуматга ўтказилган ҳолда, тўлиқ тугатилиши керак.
Парламентимиз, агар бунга ирода ва куч топа олса, Махсус комиссиянинг 2 йиллик фаолиятига баҳо бериши лозим. Майли ҳеч кимни жазоламасин, лекин ҳеч қурса сиёсий баҳо керак. Қайта бунақа хато қилинмаслиги учун!” – дея ёзади Отабек Бакиров.
Мавзуга оид
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024
Қозоғистонда 10 миллион долларлик «тушунарсиз бойлик» давлатга қайтарилди
09:46 / 23.08.2024
Тошкентда коррупциявий жиноят содир этган мансабдорлар асосан қайси идораларда ишлагани айтилди
12:59 / 19.08.2024