Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида охирги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган натижалар эътироф этилди.

Хусусан, давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалгани айтиб ўтилди.

Одамлар кредит олиш учун кўплаб тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтиши керак эди. Бугунга келиб барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бермоқда. Натижада олдин бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш устида ишлаяпти.

Одамлар боласини мактаб ёки боғчага жойлаштиришда сарсон бўлган, ишини “бошқа йўллар” билан ҳал қилишга тўғри келган эди. Ўтган даврда мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Ушбу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.

Бундан 7-8 йил аввал олийгоҳларга ўқишга киришда “таниш-билишчилик” авж олган эди. Соҳа рақамлашди, имтиҳонлар онлайн трансляция бўляпти. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш тизими жорий қилинди. Олий таълимда 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари боди-камера билан хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани, “қўл радари” ва қоғоз баённома тузиш бекор қилингани учун коррупция омиллари кескин камайди.

Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди.

«Олдинги 25 йил давомида бу тушунчалар бизга ёт эди. Кўриб кўрмасликка олинарди. Буларнинг ҳеч бири ўзидан-ўзи бўлгани йўқ. Ҳаммасига машаққатли меҳнатимиз билан эришдик.

Энг муҳими – буларнинг ҳисобига аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларимизга ишончи мустаҳкамланди.

Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани бунинг яққол исботи эмасми?»  - деди президент.