Ўзбекистон | 12:02 / 27.03.2022
3452
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги ҳамкорлигида “Чексиз имкониятлар марафони” ўтказилди

27 март куни Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни оммавий равишда спортга жалб этиш, уларнинг соғлигини яхшилаш мақсадида Адлия вазирлиги Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси билан ҳамкорликда “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси доирасида “Чексиз имкониятлар марафони”ни ўтказди.

Фото: Адлия вазирлиги

Марафонда 100 нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этди. Уларнинг рўйхати Ўзбекистон ногиронлар, кўзи ожизлар ва карлар жамиятлари томонидан тақдим этилган номзодлар ҳисобига шакллантирилган.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида номинацияларга эга бўлган марафон илк марта ўтказилди.

Марафонда кўришда ва эшитишда нуқсони бор ҳамда бошқа турдаги жисмонан имконияти чекланган шахслар учун жами уч турдаги номинация бўйича иштирокчилар 1-3 ўрин ҳамда марафоннинг энг ёш, энг ёши улуғ иштирокчилари номинацияларида тақдирланди.

Ушбу марафон ШОС халқаро ярим марафони ва Тошкент “Наврўз” марафони билан биргаликда ўтказилди. Марафон иштирокчилари ўртача 50—150 минг сўмгача бадал тўлаб иштирок этаётган бўлса, имконияти чекланганлар учун бепул қилиб берилди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларининг барчасига алоҳида тадбир учун махсус тайёрланган эсдалик медаллар топширилди.

Шунингдек, тадбир давомида “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасининг илк хайрия тадбирларидан бири ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган махсулотларнинг савдо ярмаркаси ташкил этилган бўлиб, бунда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ўз уйларида тайёрланган ҳунармандлик маҳсулотларининг савдоси амалга оширилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш вазирликнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Шунга кўра, вазирлик Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича

2018 йилдан бошлаб “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Лойиҳа доирасида вазирлик томонидан бугунги кунга қадар қуйидаги йирик ижтимоий тадбирлар ўтказиб келинмоқда:

  • “Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар республика савдо ярмаркаси”;
  • “Мафтункор ранглар дунёси”;
  • Ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида шахмат спорт тури бўйича республика мусобақаси.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид