Ўзбекистон | 14:56 / 13.04.2022
6937
2 дақиқада ўқилади

Ҳар метр квадрати 261 доллардан 771 долларгача – ҳудудлар кесимида иккиламчи бозордаги ўртача уй-жой нархлари маълум қилинди

Март ойи давомида ҳудудлар кесимида уй-жой нархининг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё вилояти (6 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (2,4 фоиз) кузатилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2022 йил март ойида республика бўйича 20,3 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич февраль ойига (22 минг) нисбатан 7,6 фоизга камроқдир. Шу билан бирга 2021 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 0,3 фоизлик ўсиш кузатилган. Бу ҳақда Марказ ахборот хизмати Kun.uz'гa маълум қилди.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сонининг ўсиш суръати фақатгина Навоий вилоятида (25 фоиз) қайд этилган бўлса, Хоразм (24 фоиз), Сирдарё (20 фоиз) ва Наманган (19 фоиз) вилоятларида камайиш кузатилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ҳам кўчмас мулк бозоридаги талаб мос равишда 1 ва 5,8 фоизга пасайган.

Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўзгариши

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, март ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари февраль ойига нисбатан ўртача 1,9 фоизга пасайган.

Ҳудудлар кесимида турар жой нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё вилояти (6 фоиз), Тошкент шаҳрида (2,4 фоиз) кузатилган бўлса, Сирдарё (11,6 фоиз), Андижон (7,6 фоиз) ва Наманган (5,4 фоиз) вилоятларида нархларнинг пасайиши қайд этилган.

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги иккиламчи уй-жой бозоридаги нархларнинг ўзгариши (1 кв.м. учун АҚШ доллари)

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ҳам иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 2,4 фоизга ошган. Туманлар кесимида энг юқори ўсиш Чилонзор (3,7 фоиз), Мирзо Улуғбек (3,7 фоиз) ва Сергели (3,2 фоиз) туманларида кузатилган.

Аввалроқ, 2022 йил I чорак якунларига кўра, ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент шаҳри (1 кв метр учун 8 млн 963 минг сўм), Самарқанд (8 млн 258 минг сўм) ва Тошкент (5 млн 618 минг сўм) вилоятларида, энг паст нархлар эса Сирдарё (2 млн 872 минг сўм), Хоразм (3 млн 327 минг сўм) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (3 млн 268 минг сўм) қайд этилгани маълум қилинганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид