Спорт | 12:13 / 24.04.2022
36367
20 дақиқада ўқилади

Мессидан шедевр, Роналдудан юбилей гол, икки лигада чемпионлар номи аниқ. Кун ўйинлари якунлари

Англияда «Арсенал» ва «МЮ» шоу уюштирди, «МЮ» — Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолди, Роналдунинг юбилей голи қутқара олмади.

Фото: AFP

«ПСЖ» Францияда яна тенгсиз, «Бавария» эса — Германия чемпионлигини ҳеч кимга бермади. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Англия: Жезуснинг бенефиси

Манчестер Сити – Уотфорд 5:1
Голлар: 1:0 – 4 Габриэл Жезус, 2:0 – 23 Габриэл Жезус, 2:1 – 28 Камара, 3:1 – 34 Родри, 4:1 – 49, пенальти Габриэл Жезус, 5:1 – 53 Габриэл Жезус.

Умуман олганда, бу ўйинда ким ғалаба қозониши олдиндан аниқ эди ва «Манчестер Сити» АПЛнинг янги рекордини ўрнатди. Бир рақибга қарши қаторасига 15 ўйинда ғолиб бўлишни бунгача ҳеч бир жамоа уддаламаган. Энди Хосеп Гвардиола жамоаси «Ливерпуль» «Эвертон»га қарши Мерсисайд дербисида қоқилишини кутади. Бу ўйинда қандай натижа қайд этилса ҳам, «шаҳарликлар» турнир жадвалидаги етакчиликни сақлаб қолади.

«Этиҳад»даги асосий воқеа — Габриэл Жезуснинг ўйини бўлди. Ўйин арафасида бир неча манбалар бразилиялик форвард Гвардиоланинг кейинги режаларига кирмаётгани ва у ёзда трансферга қўйилиши ҳақида хабарлар тарқатганди. Бунинг ортидан Жезус аллақачон «Арсенал» билан музокараларга киришгани ҳақида хабарлар чиқди, аммо бу шов-шувлар форвардни илҳомлантириб юборган. Тўрт гол ва бир голли узатма — бу фантастика. Ўйиндаги бешинчи яна бир голни урган Родрининг зарбаси эса узоқ «тўққизлик»ка бориб тушди.

Арсенал – Манчестер Юнайтед 3:1
Голлар: 1:0 – 3 Нуну Тавареш, 2:0 – 32, пенальти Сака, 2:1 – 34 Роналду, 3:1 – 70 Жака.
Арсенал – Рэмсдейл, Соареш, Габриэл, Уайт, Нуну Тавареш, Жака, Эль-Ненни, Эдегор, Смит-Роу (Мартинелли, 64), Нкетиа, Сака (Ҳолдинг, 74).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот, Варан, Линделеф, Теллес, Матич (Рэшфорд, 77), Бруну Фернандеш (Мата, 84), Мактомини, Роналду, Санчо, Эланга (Лингард, 77).
Огоҳлантиришлар: Теллес (31), Жака (67), Нуну Тавареш (68), Бруну Фернандеш (76), Эль-Ненни (80), Линделеф (82). 
Ноаниқ пенальти: Фернандеш, 57.

«Арсенал» ҳафта ўртасида «Челси»га қарши Лондон дербисига мавсумда иккинчи бор қаторасига уч мағлубиятдан иборат серия билан етиб келганди, аммо сенсация кўрсатиб, «Стэмфорд Бридж»да ғалаба қозонди (4:2) ва топ-4 учун пойгада қолди.

«Манчестер Юнайтед»даги вазият эса маълум. Футболчилар ва клубнинг бошқа вакиллари ҳозирданоқ матбуотда бўлажак бош мураббий Эрик тен Ҳагни муҳокама этмоқда, ўтган турда «Ливерпул»га қарши ўйинда эса янги туғилган фарзанди вафот этган Криштиану Роналду ўйнамади ва жамоа йирик ҳисобда ютқазди (0:4). «Канонирлар»га қарши ўйинга португалиялик юлдуз қайтди. «Арсенал» мухлислари, бир неча кун олдин «Энфилд»даги фанатлар қилгани каби ўйиннинг 7-дақиқаси ўтиб бораётганида 37 ёшли форвардни қўллаб-қувватлаш учун қарсак чалишди.

Аммо бу вақтга келиб Роналду ўйиндаги вазият туфайли жаҳлга миниб бўлганди. Лондонликлар 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Бешафқат танқид қилинган Ҳарри Магуайр захира ўриндиғида қолдирилганди, аммо усиз ҳам «қизил иблислар» ҳимоясида қанотдан узатмадан кейин тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборишни уддалайдиган футболчилар топилди. Нариги қанотдан келган узатмани қабул қилиб олгач, Букайо Сака Давид Де Хеа дарвозасининг ўнг бурчагини нишонга олди, испаниялик посбон зарбани тўсди, аммо «МЮ» ҳимоячилари қайтган тўпни ҳам узоқлаштира олишмади ва Нуну Тавареш АПЛдаги биринчи голини урди.

Ёқимсиз стартга қарамай, «Манчестер Юнайтед» «Ливерпул» билан ўйиндаги каби умидсиз кўринмасди. Аксинча, 10-дақиқагача меҳмонларда ҳисобни тенглаштириш учун икки бор имконият юзага келди. Энтони Эланганинг зарбасини Аарон Рамсдейл қайтарди. Бироз ўтиб «Арсенал» посбони тўпни узатишда хатога йўл қўйиб, уни Бруно Фернандешга топширди, аммо Габриэл португалиялик яримҳимоячининг зарбаси йўлига ташланиб, дарвозабони жонига ора кирди.

Биринчи бўлим ўрталарида «МЮ» таркибидаги учинчи португалияликда гол уриш имкони бўлди. Диогу Далотнинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси лондонликлар дарвозаси тўсинига тегди. Жавоб ҳужумида эса Эдди Нкетиа Де Хеа билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо унинг зарбаси оддий чиқди ва тўп дарвозабоннинг ўзига борди.

22 ёшли англиялик футболчининг омади келиб, икки дақиқадан кейин яна «қизил иблислар» дарвозабони билан яккама-якка ҳолатда қолди. Бу сафар «Арсенал» форварди осонлик билан дарвоза бурчагини ишғол этди, аммо ВАР узатма берилган вазиятда офсайд қайд этди, аммо «МЮ» футболчилари хурсанд бўлишга улгуришмади, видеоассистентлар бу узатма муаллифи Сакага нисбатан фолни қайд этишди ва жабрланувчининг ўзи 11-метрли зарбани аниқ ижро этди.

Майдоннинг ўзи томонида йўл қўйилган қўрқинчли хатоларга қарамай, меҳмонлар ҳужумда ёмон кўринишмади. Жавоб голи узоқ куттирмади. Неманья Матич чап қанотдан тўпни жарима майдонида ҳимоячилар орасида турган Роналду томон узатди. Рамсдейл тўпни илиб олиш учун олдинга чиқмоқчи бўлди, аммо сўнгги лаҳзада ортга қайтишга қарор қилди ва шу туфайли Криштиану осонлик билан ҳисобни қисқартирди. Бу гол Роналду учун АПЛдаги юзинчи гол бўлди. У бу голни кутилганидек вафот этган ўғлига бағишлади.

Танаффусгача «канонирлар» устунликни яна икки тўп фарқига етказиши мумкин эди, аммо вазиятлардан фойдаланилмади. Иккинчи бўлим бошида «Арсенал» йўқотилган вазиятлар учун тўлов қилиши мумкин эди. Бурчак зарбасидан кейин тўп Таварешнинг қўлига тегди. Аммо Бруну Фернандешнинг пенальтидан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди, бир неча дақиқадан кейин эса ВАР яна «Манчестер Юнайтед»га қарши қарор қабул қилиб, Криштиану Роналдунинг иккинчи голи офсайд туфайли бекор қилинди.

Ўйиннинг 70-дақиқасида «канонирлар» барибир учинчи голни уришди. Гранит Чака жарима майдони атрофида тўпни эгаллаб олиб, кучли зарба билан дарвозанинг ўнг бурчагини аниқ нишонга олди. Де Хеа бу тўпга ета олмади.

Иккинчи бўлим биринчиси каби ёрқин воқеаларга бой бўлмади: Биринчи бўлимда зарбалар бўйича 11-11 ҳисоби қайд этилганди, иккинчи бўлимда жамоалар 3-3 кўрсаткичини қайд этишди. Аммо бу ўйин ҳақидаги тасаввурга путур етказа олмайди — жамоалар яхши шоу уюштириб беришди.

«Арсенал» ҳамон топ-4да, «Манчестер Юнайтед» эса, катта эҳтимол билан кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этмайди: жамоа энди тўртинчи ўриндан олти очко ортда қолмоқда, бу ўринни эгаллаб турган «канонирлар» битта кам ўйин ўтказишган.

Брентфорд — Тоттенҳэм 0:0
Брентфорд – Райя, Янссон, Роэрслев, Соренсен, Генри, Эриксен, Йенсен (Дасилва, 78), Янельт, Годдос (Висса, 78), Тоуни, Мбемо. 
Тоттенҳэм – Льорис, Эмерсон (Моура, 86), Дайер, Дэвис, Ромеро, Сессеньон (Санчес, 74), Ҳёйбьерг, Бентанкур, Сон, Кулусевски, Кейн.
Огоҳлантиришлар: Янссон (66), Соренсен (89), Бентанкур (90).

«Тоттенҳэм» яна пикка чиқа бошлаган «Арсенал» босими остида қолмоқда, аутсайдерларга қарши ўйинларда ютқазган жамоа уч кун ичида «Челси» ва «МЮ»ни мағлуб этиб, ҳамшаҳарларини қувиб ўтиб, тўртинчи ўринга қайтди. Кристиан Эриксен келгач, бутунлай бошқача ўйин намойиш эта бошлаган «Брентфорд» эса грандларга ғалаба керак бўлган ўйинларда энг ёқимсиз рақиб вазифасини бажармоқда. Бу ўйин ҳам шуни тасдиқлади.

Кейн бу ўйинда ўз дарвозаси чизиғи устида боши билан тўпни қайтариб қолгани билан ёдда қолгани ҳам ўйин қандай кечганидан дарак. Агар унинг «қайчи» услубида йўллаган зарбаси голга айланганида, форвард шубҳасиз кечанинг мутлақ қаҳрамони бўлган бўларди, аммо голга бир неча сантиметр етмади, йўқотилган очколар энди Чемпионлар лигаси йўлланмаси тақдирини ҳал қилиши мумкин. Конте жамоасининг қолган беш турда кейинги уч ўйиндаги рақиблари - «Лестер», «Ливерпуль» ва «Арсенал». Артета шогирдлари эса 12 май кунига белгиланган ҳал қилувчи ўзаро ўйинга қадар «Вест Ҳэм» меҳмони бўлади ва «Лидс»ни қабул қилади.

Италия: «Интер» — яна етакчи

Интер – Рома 3:1
Голлар: 1:0 – 30 Думфрис, 2:0 – 40 Брозович, 3:0 – 52 Мартинес, 3:1 – 85 Мхитарян.
Интер – Ҳанданович, Думфрис, де Врей, Шкриньяр, Димарко (Бастони, 64), Перишич (Гозенс, 72), Брозович (Гальярдини, 72), Чалханўғлу, Барелла, Жеко (Корреа, 63), Мартинес (Санчес, 82).
Рома – Руй Патрисиу, Карсдорп, Смоллинг, Манчини, Рожер, Залевски (Винья, 78), Мхитарян, Сержиу Оливейра (Бове, 80), Пеллегрини (Верету, 64), Эль-Шаарави (Карлес Перес, 64), Абраҳам (Элдор Шомуродов, 78).
Огоҳлантиришлар: Манчини (36), Брозович (45), Сержиу Оливейра (79).

«Интер» мухлислари клубга Чемпионлар лигаси ғолиблигини тақдим этган Жозе Моуриньони қаттиқ ҳурмат қилишади, аммо португалиялик мутахассиснинг «Сан-Сиро»га сўнгги ташрифи унга ижобий ҳиссиётлар бахш этмаганди. Феврал ойи бошида миланликлар «Рома»ни Италия Кубоги чоракфиналида чиқариб юборишганди, шундан сўнг мураббий ўз футболчиларини топ-рақиблардан қўрқишда айблаб чиққанди.

Ҳозирда римликлар анча жасурроқ кўринишди ва вақти-вақти билан хавфли ҳужумлар уюштиришди, аммо Моуриньо учун бу ўйиндаги энг ёқимли лаҳза «нерадзурри» мухлислари унга аталган қўшиқни куйлашаётганида бўлди. Майдонда эса «Рома» учун деярли ҳеч қандай яхши воқеалар рўй бермади. Барчаси намунали ҳужум билан бошланди, уни ўзи учун ноодатий чап қанотда пайдо бўлган Дюмфрис гол билан якунлади.

Бўлим якунланиши арафасида Брозович чиройли юриш қилди ва ҳимоячиларни алдаб ўтиб, «тўққизлик»ни аниқ нишонга олди, иккинчи бўлим бошида эса Ҳоқон Чалхонўғлининг мавсумдаги ўнинчи голли пасидан кейин Лаутаро Мартинес қайтариб бўлмас зарба берди ва ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Ўйин охирида Элдор Шомуродовнинг чап қанотдан юриши ва Мхитаряннинг голли пас билан таъминлаши жамоани йирик мағлубиятдан қутқарувчи таскин бўлди.

«Рома»нинг тўртинчи ўрин учун имкониятлари янада пасайди. «Интер» эса камида «Милан»нинг якшанба кунги «Лацио»га қарши сафар ўйинигача турнир жадвали етакчиси бўлиб олди.

Германия: «Бавария» гегемонлиги давом этади

Бавария — Боруссия Д 3:1
23 апрель, «Альянц Арена»
Голлар: Гнабри (15), Левандовски (34), Мусиала (839  — Жан (52, пенальти).
Бавария – Нойер, Павар, Эрнандес, Упамекано, Дэвис, Горетцка, Гнабри (Мусиала, 63), Киммих (Зюле, 90+3), Мюллер (Забитцер, 82), Левандовски (Шупо-Мотинг, 90+3), Коман (Сане, 82). 
Боруссия Д – Ҳитц, Аканжи, Загаду, Геррейру, Жан, Брандт, Рейньер (Байно-Гиттенс, 67), Беллингем, Вольф (Пасслак, 88), Ройс, Ҳоланд (Мукоко, 88).
Огоҳлантириш: Жан (40).

«Бавария» қаторасига ўнинчи мавсум чемпионлик титулига эга чиқди. Ким учундир бу фантастик статистика, бошқалар учун — ҳар баҳорда такрорланувчи зерикарли воқеа. Барибир мюнхенликлар немис класикосида чемпионликни расмийлаштиргани — алоҳида воқеа. Лекин «Боруссия» шанба кунги ўйин ёдда қоларли бўлиши учун кўп иш қилмади. Чемпион жамоа дортмундликлар фонида бутунлай бошқа даражада экани кўриниб қолди.

Ўйиннинг дастлабки қисмида бурчак зарбасидан кейин Горецка тўпни боши билан дарвозабон ҳудудига эмас, жарима майдони чизиғи атрофига ташлаб берди, бу ерда эса Гнабри кучли зарба билан дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. Бу унинг жорий мавсумдаги 13-голи бўлди, 14-голдан эса уни Команнинг ҳужумнинг дастлабки босқичида офсайдга тушиб қолгани маҳрум этди.

Голнинг бекор қилиниши «Бавария»нинг ҳужумларни кучайтиришига сабаб бўлди ва кучли прессинг остида меҳмонлар ҳимояси яксон этилди. Мюллер жорий мавсумда 17-бор голли узатмани амалга оширди, Левандовски мавсумдаги 33-голини урди. Поляк ҳужумчиси — собиқ жамоаси учун ҳақиқий даҳшатнинг ўзи, у бу жамоага қарши 26 ўйинда 27 бор дарвозани ишғол этган!

Дортмунд танаффусдан кейингина ҳужумкор ўйнай бошлади. Нойер Ройснинг ҳужумларини тўхтатиш учун тер тўкишига тўғри келди, Киммих эса дастлаб Беллингем билан тўп учун курашда пенальти белгиланишидан қочиб қолди, аммо кўп ўтмай меҳмонлар сардорини жарима майдони ичида йиқитди. Нуқтага яқинлашган Жан ҳисобни қисқартирди, аммо меҳмонлар муваффақиятни ривожлантира олишмади, Ҳоланд ўз вазиятларидан фойдалана олмади, ташаббусни ўзига қайтарган «Бавария» эса ҳисобни йириклаштириши мумкин эди, аммо Мусиаланинг биргина голи билан чекланди. Юлиан Нагельсманнинг биринчи чемпионлик ўйини юқори нотада якунланди, энди у кейинги мавсумда Чемпионлар лигасидаги хатоларни тузатишга уриниб кўради.

Ҳафта ўртасида Германия Кубоги яримфиналида Берлиннинг «Унион» жамоасини мағлуб этган «Лейпциг» тур ўйинида бу жамоага ютқазди ва Доменико Тедеско жамоасининг 15 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияси тўхтатилди. Кубок ўйинида «Лейпциг» ҳал қилувчи голни қўшимча дақиқаларда урганди. Бу ўйинда эса берлинликлар ўйин якунида бурилиш ясади.

Кун қаҳрамони бўлган 31 ёшли ҳужумчи Михель бу мавсумгача бундеслиганинг иккинчи дивизионида иштирок этган ва жорий мавсумда фақат бир гол урганди. Аммо у 85-дақиқада майдонга чиқиб, дарҳол ҳисобни тенглаштирди, кейин эса товони билан берган паси орқали рақибни нокаутга учратди. Энди — финишга қадар уч тур қолганида — «Унион» «Лейпциг» билан орадаги фарқни уч очкога қисқартирган. «Фрайбург» эса Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» клубига қарши ўйинда қўшиб берилган учинчи дақиқада ғалабани бой берди (3:3) ва «Лейпциг»ни қувиб етолмади.

«Лейпциг»нинг мағлубиятидан «Байер» фойдаланди ва учинчи ўринга қайтди, леверкузенликлар сафида энг яхши ўйинчилардан бири Ўзмун бўлди. Аввалги турларни ўтказиб юборган эронлик ҳужумчи «Гройтер»га қарши ўйинда бундеслигадаги илк голини нишонлади, у дарвозабоннинг ишончсиз пасидан кейин тўпни эгаллаб олиб, бўш дарвозани ишғол этди. Бундан ташқари, у Паулиньо урган голга ассистентлик қилди.

Франция: Париж титулни ўзига қайтарди

ПСЖ — Ланс 1:1
Голлар: 
Месси (68) — Жан (85).
ПСЖ – Навас, Ҳакими (Ди Мария, 76), Рамос, Маркиньос, Кимпембе, Мендеш, Гуйе (Данилу Перейра, 81), Верратти, Месси, Неймар, Мбаппе. 
Ланс – Лека, Клосс (Мачадо, 73), Гради, Данзо, Ву, Франковски (Жан, 82), Фофана, Дукуре, Давид Кошта (Ганаго, 73), Сотока (Саид, 82), Калимуэндо (Айдара, 61).
Четлатиш: Данзо (57). 

Чемпионлик титулига етишига бир қадам қолган, бу тур ўйинида дуранг натижа ҳам қаноатлантирадиган «ПСЖ» танаффусга трибуналардаги ҳуштакбозликлар остида йўл олди. Жуда шовқинли эмас, аммо ёқимсиз ва адолатсиз. Нима бўлганда ҳам турнир жадвалининг юқори қисмида жойлашган «Ланс» — оддий рақиб эмасди. Қолаверса, жамоа биринчи бўлимда кўплаб вазиятларга эга бўлди. Масалан, Неймар Мбаппенинг товони билан берган пасидан кейин гол уролмади, кейин эса француз форвардининг ўзи бразилиялик шеригининг ҳимоячилар ортига ташлаб берган ажойиб пасини йўққа чиқарди.

Иккинчи бўлим ҳам шу тарзда давом этди, бўлим бошида рақиб ҳимоячилари Мбаппенинг зарбасини дарвоза чизиғида қайтарди. Меҳмонларнинг муҳим ҳимоячиси Дансо четлатилганидан кейин ҳам омад ҳадеганда келавермади. Аввалига Серхио Рамос тўпни Париж осмонига қарата йўллади. Бу ўйинда футбол магияси талаб этиларди ва бу Месси «Барселона»да қилиб юрган ишини қилиши эди. У чап оёқда йўллаган зарбаси билан тўпни «тўққизлик»ка «михлади» ва Парижни чемпионга айлантирди. Энди Леода илк француз соврини бор, аммо у Францияга сафар қилар экан, кўпроқ нарсани орзу қилганди. «Парк де Пренс»даги чемпионлик ўйинида қўлга киритилган базўр дуранг эса — Маурисио Почеттинонинг клубдаги келажагини янада қуюқ булут ичида қолдирди.

Бошқа томондан, аргентиналик мутахассис ўз фаолиятида илк бор чемпионлик титулини қўлга киритди. Бу «ПСЖ» учун ўнинчи чемпионлик бўлди ва «Марсель» қувиб ўтилди, парижликлар энди Франциянинг энг совриндор жамоалари қаторида «Сент-Этьен» билан бир хил натижа кўрсатмоқда.

Испания: «Бетис» Кубокни қўлга киритди

Бетис — Валенсия 1:1
Пенальтилар серияси 
— 5:4.
Голлар: Иглесиас (11) — Дуро (30).
Бетис – Браво, Бельерин, Бартра, Песселья, Морено (Миранда, 106), Каналес (Тельо, 111), Карвалью (Гуардадо, 102), Родригес, Хуанми (Хоакин, 86), Фекир (Руибаль, 111), Иглесиас (Виллиан Жозе, 102). 
Валенсия – Мамардашвили, Фулькье (Муса, 100), Паулиста, Альдерете, Диакаби, Гайя, Гильямон (Рачич, 85), Солер, Мориба (Коррейя, 79), Гедеш, Дуро (Хиль, 85).
Огоҳлантиришлар: Паулиста (5), Карвалью (14), Песселья (72), Гильямон (74), Альдерете (90+2), Коррейя (90+3), Иглесиас (95), Солер (98), Тельо (113).

«Бетис» финалдаги фаворит мақомини тасдиқлади ва тезкор гол  урди, Бельериннинг узатмасидан кейин Борхи Иглесиас ҳисобни очди. Аммо «Валенсия» танаффусга қадар ҳисобни тенглаштириш учун бўлим давомида бир зарба йўллаши етарли бўлди. Морибанинг ажойиб пасини Дуро голга айлантирди ва барчаси яна қайтадан бошланди. «Бетис» кетма-кет ҳужумларида гол ура олмаган бўлса-да, жамоанинг икки зарбаси дарвоза тўсини ва устунига тегди.

Иккинчи бўлимда жамоалар ҳимояга кўпроқ эътибор қарата бошлади. Ўйин охирида эса ҳужумкор кечди, «кўршапалаклар»ни Фекир ижросидаги ўта кучли зарбани қайтарган Мамардашвили қутқарди. Бир неча дақиқа ўтиб Браво ҳам грузиялик ҳамкасбидан қолишмаган ҳолда сейв ижро этди. Бу дарвозабонлар ўйинни аввал овертаймларга, кейин пенальтилар сериясига олиб ўтишди.

Лотереяда эса Муса хато зарба берди. Мануэль Пеллегрини бошқарувида ўзгача ўйнай бошлаган «Бетис» андалусиялик мухлисларга 2005 йилдан буён илк совринни келтирди. Бу уларнинг учинчи кубоги, 1977 йилда ҳам улар совринни пенальтилар сериясида ютиб олишганди.

Кун статистикаси

  • Нидерландия чемпионатида «Аякс» сафида 39 ёшда ҳам футбол ўйнаган 1-футболчи дарвозабон Стекеленбург бўлди.
  • Жорий асрда Бундеслига ўйинида ўзи гол уриб, голли пас бериб ва ўз дарвозасини ишғол қилган 2-футболчи «Айнтрахт» ҳимоячиси Ндика бўлди.
  • АПЛда 5 нафар жанубий америкалик футболчилар покер қайд этишган. «Манчестер Сити» ҳужумчиси Габриэл Жезус Англия чемпионатида учта ўйинда камида тўрт гол урган Луис Суарес ва Серхио Агуэро кампаниясига қўшилди.
  • «Бавария»нинг қаторасига 10 чемпионлиги — топ-5 лигалар учун рекорд, бунгача немислар бу борадаги кўрсаткич бўйича «Ювентус» билан бир хил натижа қайд этиб турганди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери