«ПСЖ» — «Манчестер Сити» 4:2
Голлар: Дембеле (56), Барколя (61), Невеш (78), Рамуш (90+4) — Грилиш (50), Ҳоланд (53). 
«ПСЖ» – Доннарумма, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Руис (Заир-Эмери, 61), Витиня, Невеш, Барколя (Эрнандес, 81), Ли Кан Ин (Дембеле, 46), Дуэ (Рамуш, 61).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Диаш (Люис, 46), Аканжи, Нунеш (Стоунз, 78), Ковачич (Гундўған, 70), Силва, Савио (Грилиш, 46), де Брюйне (Макэйти, 70), Фоден, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Диаш (9), Мендеш (23).

Бир кун олдин «Барселона» ва «Атлетико» амалга оширган камбэклар турнинг марказий учрашувида ҳам давом этди. «ПСЖ» биринчи бўлимда устунликка эришди, аммо ҳисобни оча олмади, 45-дақиқада Барколя билан комбинация уюштирган Ҳакими дарвозани ишғол этди, аммо ҳужум вақтида Мендеш офсайдда бўлгани туфайли гол инобатга олинмади.

Иккинчи бўлимда эса парижликлар уч дақиқа ичида икки гол ўтказиб юборишди. Бу мавсумда АПЛда ҳам, ЕЧЛда ҳам гол ура олмагани учун танқидлар остида қолган Жек Грилиш муносиб жавоб қайтарди. У аввалига ҳисобни очди, кейин Ҳоланд гол урган ҳужумда асосий ишни бажарди.

Аммо меҳмонларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Етти дақиқадан кейин таблода иккита икки порлаб турарди. Брэдли Барколя — ушбу камбэк ҳомийси. У аввалига қанотдан олдинга юриб, жарима майдони марказидаги Усмон Дембелени голли пас билан таъминлади, кейин эса ўзи ўнг қанотда пайдо бўлиб, ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса «Сити» ҳимояси сочилиб кетди — стандарт вазиятда кичик бўйли Мендеш ғалаба голини урди.

«ПСЖ» ажойиб ҳимояланди, яна икки бор дарвозани ишғол этди ва зарбалар сони бўйича «шаҳарликлар»ни катта фарқ билан ортда қолдирди – 26:9 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 9:6, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар сони бўйича – 16:7). Парижликларнинг кейинги икки голи офсайд ҳолати туфайли ҳакам томонидан бекор қилинди, аммо VAR қўшимча дақиқаларда Рамуш гол урган вазиятда тўп унга рақиб футболчисидан келганини кўрсатиб берди - 4:2.

Бу ғалаба эвазига парижликлар 22-ўринга кўтарилиб олди,
Гвардиола жамоаси плей-офф ҳудудини тарк этди! Сўнгги турда «Сити» уйда «Брюгге» билан ўйнайди, «ПСЖ» эса «Штутгарт» меҳмони бўлади. Аммо топ-24 га кириш учун икки жамоада ҳам имконият ёмон эмас.