Самарқанд шаҳрида, фуқаро хўроз уруштириш учун ўз уйида очган аренада тезкор тадбир ўтказилди. Вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари ўтказган тадбирда аренага кириш учун 220 кишининг ҳар биридан 30 минг сўмдан пул олган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, бу шахслар томонидан қиморга тикилган қарийб 2 млн сўм пул ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Маълум қилинишича, арена 2016 йилда очилган, 2020 йилдан “Самарқанд миллий анъана” оилавий корхонаси сифатида фаолият олиб борган.

Ўйинлар давомида ташкилотчи, пул йиғувчи (кассир), пуллик хизматчи, иш юритувчи ва қўриқчи фаолият кўрсатган. Ташкилотчи қамоққа олиниб, тергов бошланган.

Бу тезкор тадбир муҳокамаларга сабаб бўлгач, Kun.uz мухбири ёзувчи Каримберди Тўрамурод, Самарқанд вилояти ИИББ матбуот котиби Жаҳонгир Саъдуллаев ва ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрлари билан қизиқди.

— Каримберди ака, сиз шу вилоятда яшайсиз, бу лавҳани ҳам кўрган бўлишингиз керак. Мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Каримберди Тўрамурод
Фото: Facebook

— Очиғи, мен шокдаман! Жавобим кулгили туйилмасин. Бир неча хўрозни ушлаш учун ички ишлар қўшинлари, терроризмга қарши кураш бўлими ҳамда ДХХ жангчилари жалб этилган!

Бир нарсага ҳайронман: Нега шундай оламшумул операцияга Самарқанд гарнизони ҳарбийлари, айниқса, Самарқанддаги танк қўшинлари жалб қилинмади?

Мусодара қилинган хўрозларнинг тақдирини тахмин қиляпман, аммо қўлга киритилган жуда кўп миқдордаги пулларнинг: ҳазилми, нақд 1 миллион 995 минг сўмнинг (!) тақдиридан хавотирдаман! Қизиқ, тепада саналган идораларга бу операция қанчага тушди экан? Қўлга киритилган хўрозлар ва пуллар бу харажатларни қоплармикан?

Энг қизиғи, уйида “хўрозлар жанги”дек тақиқланган ва қонли томоша кўрсатиладиган амфитеатр қурган одам ўша ҳудуд участка нозирининг қўшниси экани айтилмоқда. Саволлар туғилади-да: Кўзи ожиз одамни қандай қилиб “участкавой”ликка қўйишган? Кўзи кўр бўлмаса, нега шунча вақт аренани кўрмаган?