Ўзбекистон | 14:40 / 11.05.2022
4579
3 дақиқада ўқилади

«Қаерда урушлар бўлаётган бўлса, у ерда оддий инсонлар ўртасидаги ишонч йўқолган» – Халқ дипломатияси маркази директори

Қаерда тўқнашув ва урушлар пайдо бўлаётган бўлса, демак ўша давлатларда халқ дипломатияси етарли ишламаяпти ва оддий инсонлар ўртасидаги ишонч йўқолган. Бу ҳақда ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров айтиб ўтди.

Бугун, 11 май куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Халқ дипломатияси форуми доирасида журналистлар учун брифинг ташкил қилинди. Брифингда Kun.uz мухбири ШҲТ асосчиси ва йирик аъзоларидан бири ҳисобланган Россиянинг Украина билан давом этаётган қуролли можаросини дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича Халқ дипломатияси маркази қандай тавсиялар бериши ҳақида сўради.

«Бизнинг марказимиз [ШҲТ Халқ дипломатияси маркази назарда тутилмоқда – таҳр.] сиёсий ташкилот эмас. Биз давлатларда рўй бераётган қандайдир сиёсий келишмовчиликлар, тўқнашувлар ёки низолар бўйича баҳо берувчи ташкилот ҳисобланмаймиз.

Лекин, бир нарсани айтиб ўтишим мумкинки, қаерда тўқнашув, келишмовчилик, низолар – урушлар деймизми ёки бошқалар пайдо бўляптими, демак ўша давлатларда халқ дипломатияси етарли ишламаяпти. Оддий инсонлар ўртасидаги ишонч йўқолган.

Президентимиз доим таъкидлайдики, халқаро муносабатлар негизида, биринчи навбатда ўзаро ишонч тамойили туриши керак. Ҳурмат тамойили, бир-бирини тушуниш тамойили туриши керак. Шу тамойиллар йўқолдими, демак давлатлар ўртасида тушунмовчиликлар пайдо бўлади», – дея Қобилжон Собировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, халқ дипломатияси маркази Россия атрофидаги мураккаб халқаро вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистон ШҲТ доирасида ўтказилиши режалаштирилган 80 дан ортиқ тадбирлар қисқартирилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«ШҲТга раислик доирасида тадбирларимиз давлат дастури доирасида амалга оширилади. Тадбирлар босқичма-босқич, йил давомида ўтказилади. Бу ерда сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий масалаларга бағишланган тадбирлар бор. Яъни йўналишма-йўналиш амалга оширилади.

Энди маданий гуманитар соҳада тадбирлардан биттаси Халқ дипломатияси форуми. Мен сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, тадбирлар қисқариши ёки ўтказилмаслиги тўғрисида баёнот беролмайман. Чунки, бу давлат даражасида амалга ошириладиган тадбирлар. Ҳозирча бу тадбирларнинг ҳаммаси амалга ошириб келиняпти. Ўйлайманки, қолганлари ҳам тўлиқ амалга оширилади», деди ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори.

Маълумот учун, 11–12 май кунлари Тошкентда «Халқ дипломатияси – тараққиёт йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик» шиори остида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтмоқда

Мавзуга оид