Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси июл ойида 9,4 трлн сўмга ортиб, 1 август ҳолатига 434,5 трлн сўмга етган. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Хусусан, миллий валютадаги пул массаси 7,3 трлн сўмга кўпайиб, 361,2 трлн сўмни ташкил этяпти. Шунингдек, чет эл валютасидаги депозитлар қолдиғи 2 трлн сўмга, тор маънодаги пул массаси 1,4 трлн сўмга ошган.

Тор маънодаги пул массаси — иқтисодиётда энг тез ва осон сарфлаш мумкин бўлган пуллар. Одатда бунга аҳоли ва корхоналарнинг нақд пуллари, банклардаги талаб қилиб олингунча депозитлар — исталган пайтда ечиб олиш ёки тўлов қилиш мумкин бўлган маблағлар киради. Яъни кундалик харидлар, хизматлар учун тўловлар ва тезкор молиявий операцияларни амалга оширишда бевосита қатнашадиган пул маблағлари

Кенг маънодаги пул массаси —иқтисодиётдаги барча нақд ва нақдсиз пул маблағларини, шу жумладан тўпланган жамғармаларни ҳам тўлиқ қамраб олувчи кўрсаткичдир. Бу тор маънодаги пул массасига қўшимча равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг миллий ҳамда хорижий валютадаги муддатли ва жамғарма депозитларини ўз ичига олади. Гарчи муддатли омонатларни дарҳол нақд пулга айлантириб ёки тўловга йўналтириб бўлмасада, улар иқтисодиётдаги умумий харид қобилияти, инвестицион салоҳият ва аҳолининг молиявий захираларини акс эттиради. Марказий банклар инфляция ва иқтисодий ўсишни прогноз қилишда асосан шу кўрсаткичга таянади.

Нақд пуллар қолдиғи — 76,3 трлн сўм

Июл ойида муомалага чиқарилган нақд пуллар қолдиғи 1 трлн 25 млрд сўмга кўпайиб, 1 август ҳолатига 76,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу рекорд кўрсаткичдир. Йил бошига нисбатан нақд пуллар қолдиғи 7,8 трлн сўмга кўпайган.

Миллий валутадаги бошқа депозитлар эса йил давомида 35,1 трлн сўмга, июль ойида эса 5,9 трлн сўмга ошган.

Муомаладаги нақд пуллар абсолют миқдорда сезиларли даражада ўсаётган бўлса-да, унинг умумий пул массасидаги улуши изчил камайиб бормоқда. 2013 йилда нақд пулнинг умумий массадаги улуши 23,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 18,9 фоизга, 2026 йил августига келиб эса 17,5 фоизга пасайган.