Мухторият тарихи

Ўтган асрда Тоғли Бадахшон бир неча марта мақомини ўзгартирган. Бундан деярли 100 йил аввал, 1923 йилнинг 15 августида Помирда совет иттифоқи ҳокимияти расман эълон қилинганидан кейин унинг аҳоли яшайдиган барча ҳудуди Бухоро совет социалистик республикаси таркибига киритилади. 1925 йилнинг 2 январдаги фармон билан Тоғли Бадахшон автоном област шаклида Тожикистон таркибига ўтказилади. 

Помирликлар

Бу алоҳида ва ўзига хос мавзу. Тоғли Бадахшон ҳудуди 64 100 км квадрат бўлса-да, асосий майдонини баланд тоғлар эгаллагани учун аҳолиси кам – 230 минг атрофида одам яшайди. Лекин Тожикистон аҳолисининг 2-2,5 фоизини ташкил қилувчи ҳудуд аҳолиси мутлақ ўзига хос инсонлар. Уларнинг аксарияти ўзларини тожик деб ҳисоблашмайди. «Биз дунё томи ҳисобланган Помирда яшаймиз ва помирликлармиз» дея фахрланишади. Эътиқодлари ҳам мамлакатнинг асосий аҳолисиникидан фарқланади ва кўпроқ шиа мазҳабининг исмоилийлар оқимини маҳкам ушлашади. Аҳоли орасида исмоилий етакчилари бўлган Оға-хонлар таъсири катта ва уларнинг жамғармалари ёрдамига кўп суянилади.

Тилларида ҳам кескин тафовут бор ва шу кичик аҳоли ичида ҳам бир-бирини тушунмайдиган даражада фарқли гаплашадиганлар талайгина. Ҳудуд аҳли меҳмондўст, ҳануз мураккаб шароитларда яшаса-да шаҳарда муқим қолишни қабул қила олмайди ва бошқаларга аралашиб кетишни исташмайди.

Энг муҳими – азалдан тоғ фарзанди бўлиб келган помирликлар кимгадир бўйсунишни исташмайди, жуда ғурурли ва жангари, шунингдек – ўз урф-одатларини қаттиқ сақлайдиган ҳамда бошқаларнинг турмуш тарзи кириб келишини тасаввур қилмайдиган халқдир. Шу билан бирга помирликлар собиқ иттифоқда аҳоли сонига олий маълумотлилар кўрсаткичи бўйича ҳам етакчи ўринларда туришган.

Қизил рангда Тоғли Бадахшон ҳудуди