25 ноябрь куни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Хоруғ шаҳри марказида одамлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг баъзилари жавобгарликка тортилишини талаб қилди. Уларнинг фикрича, «ОМОН» вакиллари 30 ёшли йигитни отиб ўлдирган.

Ўша куни 1992 йилда туғилган, хоруғлик Гулбиддин Зиёбеков ҳалок бўлган. У ўзини олиб кетиш учун келган «омончилар»га қаршилик қилган. Орада юзага келган тўқнашувда ўт очилган. Икки киши яраланган, Гулбиддин Зиёбеков ҳалок бўлган. Йигитнинг яқинлари Хоруғ шаҳри марказида йиғилиб, уни ўлдирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари жазоланишини талаб қилган. Норозилик митингига ҳалок бўлган йигитнинг жасадини ҳам олиб боришган.

Митинг тўқнашувга айланиб, одамлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан жанжаллашиб кетган. Мамлакат телевидениесида айтилишича, 5 нафар ходим яраланган.

«Бир гуруҳ ёшлар Хоруғ шаҳридаги Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳокимият биносига ҳужум амалга ошириш орқали жамоат тартибини бузган. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг қонуний талабларини бажармай, ўточар қурол, тош ва бошқа жисмлар билан ҳокимият биносига, уни қўриқлаётган ходимларга ҳужум қилган», дея «Бадахшон» телеканали эфирида ўқиб эшиттирилган баёнотни келтирмоқда «Азия-Плюс» нашри.

«Азия-Плюс» мухбири билан суҳбатда роштқалъаликлар норозилик намойишида қатнашган икки киши ҳалок бўлгани ҳақида айтишган. Уларга кўра, яна олти киши яраланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Нега Зиёбековни ушлагани боришганди?

Гувоҳларнинг «Азия-Плюс» нашрига айтишича, 25 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 11:30да ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Гулбиддин Зиёбековни қўлга олиш учун борган. Йигит қаршилик қилган ва ходимларга мушт туширган. Воқеа жойида бўлган «ОМОН» ходимлари эса ўқ узган. Оқибатда уч киши яраланган. Улар орасида Гулбиддин ҳам бўлган. «Омончилар» уни ушлаб машинага солишган. Кейин эса йигитнинг ўлгани хабар қилинган. Гувоҳнинг сўзларига кўра, яраланган икки йигит ходимларга ҳаракатлари ноқонуний эканини айтган.