Бир неча кун муқаддам АҚШ президенти Жо Байден Хитойни Тайванга бостириб кириш оқибатидан огоҳлантириб, ҳужум рўй бергудек бўлса, Вашингтон оролга ҳарбий ёрдам кўрсатишини маълум қилганди.

Тайван мудофаа вазирлигига кўра, сўнгги ҳодисада 22 та қирувчи самолётлар (олтита J-16, саккизта J-11, тўртта J-10 ҳамда иккитадан Су-35 ва Су-30), шунингдек радиоэлектрон кураш самолётлари, разведкачи самолётлар ҳамда сув ости кемаларига қарши самолётлар иштирок этган.

Бунга жавобан орол қуролли кучларига тегишли қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган ҳамда Хитой ҳарбий самолётларига тегишли огоҳлантиришлар берилган.

Вазирлик тақдим этган харитага кўра, хитойликлар самолётлари Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг кузатув ҳудудидаги Пратас оролининг шимоли-шарқидаги ҳудудга бир неча ўн километр кириб келган. Аммо хитойликларнинг қирувчи самолётлари Тайван ҳаво кенглигига кирмаган, бу душманлик ҳаракати сифатида баҳоланган бўларди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг кузатув ҳудуди - мамлакат ҳудудлари ва миллий ҳаво кенгликларидан ташқаридаги ҳудуд ҳисобланади, бу ердан учувчи хорижий самолётлар миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан қайд этилади, кузатилади ва назорат қилинади. Мамлакатлар бу ҳудуд чегараларини мустақил равишда белгилайди ва техник жиҳатдан у халқаро ҳаво ҳудуди бўлиб қолаверади.

Орол расмийлари хабарига кўра, Хитой самолётлари бир йилдан ортиқ вақт давомида ушбу ҳудудга мунтазам равишда учиб келади. Тайван буни «кулранг ҳудуд»даги амалиётлар деб атайди, ундан мақсад Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг жанговар шайлигини текшириш ҳисобланади.

Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, Хитой қирувчиларининг парвозлари Тайван ҳукуматини расман мустақиллик эълон қилишдан тийиш учун навбатдаги огоҳлантириш ҳисобланади.

Пекиндагилар эса аввалроқ бундай машғулотлар мамлакат суверенитети ҳимоясига қаратилганини билдирганди.