Жаҳон | 20:14 / 17.06.2022
14123
2 дақиқада ўқилади

Борис Жонсон уруш бошлангандан буён иккинчи марта Киевга борди

Британия бош вазири Борис Жонсон Украинада уруш бошланганидан буён иккинчи марта Киевга борди. Ташриф ҳақида аввалдан хабар берилмаган эди.

Фото: Володимир Зеленский Telegram-канали

Жонсон 24 феврал куни Россия ҳамда Украина ўртасида уруш бошланганидан кейин иккинчи марта Украина пойтахтига ташрифни амалга оширмоқда. 10 апрел куни ҳам Жонсон анонс қилмасдан Киевга борган, Владимир Зеленский билан учрашган эди.

Жонсонни Украина президенти қароргоҳида Володимир Зеленский кутиб олди. Жонсон бу гал ҳам ўзининг ноодатий ҳаракатлари билан эътиборни тортди. Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилган видеода икки давлат етакчиси таржимонсиз гаплашган, Британия бош вазири Зеленскийга бардам бўлишини айтган.

Фото: Володимир Зеленский Telegram-канали

Украина етакчиси ўз каналида ушбу ташриф уруш бошлангандан буён иккинчиси эканини таъкидлаб, қўллаб-қувватлов учун Жонсонга миннатдорлик билдирди: «Бу Россия бизнинг еримизга бостириб кирганидан кейин Борис Жонсоннинг иккинчи ташрифи. Украина ғалаба томон кетаётгани ҳақида умумий тушунча бор. Дангал қўллаб-қувватлов учун раҳмат», деб ёзди Зеленский ўз Telegram-каналида.

Кеча, 16 июн куни Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц, Италия бош вазири Марио Драги ва Руминия президенти Клаус Йоханнес ҳам Украинага борган ҳамда Зеленский билан учрашув ўтказганди.

Мавзуга оид