Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтган иқтисодий форумдаги чиқиши билан кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди.

Январ воқеаларидан кейин Россияга янада боғлиқ бўлиб қолиши тахмин қилинган Қозоғистон етакчиси Путиннинг кўз олдида «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслигини айтди. Тўқаев уларни квази-давлатлар деб атади. Россия Украинага гўёки айнан шу ўзини мустақил республика деб эълон қилган «давлатлар»га ёрдам бериш учун кирганини маълум қилган.

Тўқаев нима деганди?

Уруш бошлангач дунёдаги йирик компаниялар аста-секин Россиядан чиқиб кета бошлади. Петербургда ўтган иқтисодий форумда ҳам йирик инвесторлар ва дунё раҳбарларини учратиш қийин эди. Давлат раҳбарларидан фақат Қосим-Жўмарт Тўқаев саҳнада Путинга ҳамроҳлик қилди. Форумнинг асосий қисми Путиннинг чиқиши деб белгиланганди. Бу асосий қисмга модератор этиб эса Россиянинг бош пропагандачиларидан бири бўлмиш Маргарита Симонян тайинланганди.

9 май арафасида ҳарбий парад ўтказилмаслиги айтилгач, Қозоғистонга таҳдид қилиб гапирган шоумен Тигран Кеосаяннинг турмуш ўртоғи бўлмиш Маргарита Симонян Тўқаевдан Россиянинг Украинада амалга ошираётган «махсус ҳарбий амалиёти»га (Россияда ҳамон Украинадаги урушни уруш деб аташ тақиқланган) қандай қараши, бу борада қозоғистонликларнинг фикри қандай эканини сўради.

Тўқаев эса шундай жавоб берди: «Очиқ айтаман, Қозоғистонда бу борада (уруш ҳақида) ҳар хил фикрлар бор. Жамиятимиз очиқ, бизда фуқаролик жамияти етилгани яққол кўзга ташланмоқда. Шунинг учун ҳар хил фикрлар билдириляпти.

Мен шуни айтишни истардимки, замонавий халқаро ҳуқуқ бу – БМТ Низомидир. Низомдаги асосий принциплардан иккитаси ҳозирда бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолган. Бу – давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи. БМТнинг барча асосчилари ўз вақтида бунга эътибор қаратмаган кўринади. Балки атайин қилишгандир, бу иккита принцип ҳозирда бир-бирини инкор қилмоқда. Фикрлар ҳар хил. Айримлар давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги муқаддас тушунча деб ҳисоблайди, бошқалар эса у ёки бу давлат таркибидаги миллатлар ўз давлатига эга бўлиш ва ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга дейди.