Ижтимоий тармоқларда 2022 йил 20 июн куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани айтилган хабарлар тарқалди.

Унга кўра, шифокорлар аҳволи оғир бўлган болани бир неча кун давомида текшириб у қандай дардга чалинганини аниқлай олмаган. Шунингдек, Самарқанд шаҳридан ёрдамга чақирилган шифокорлар ҳам болага аниқ ташхис қўя олмаган.

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди. Унга кўра, вазирлик томонидан малакали профессор-шифокорлардан иборат маxсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилган.

«Мазкур ҳолатни ўрганиш ва вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан малакали профессор-шифокорлардан иборат маxсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатни ўз назоратига олган. Ўрганиш натижалари ҳақида батафсил маълумот берилади», дейилади СCВ муносабатида.