АҚШ дам олиш кунлари Англия жанубидаги авиабазадан Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли барча 12 та B-1 бомбардимончи самолётини шошилинч равишда олиб чиқиб кетди. Бунга ҳарбий қўмондонлар ушбу объектга қарши Эрон қўллаб-қувватлаётган эҳтимолий фитна ҳақида янги таҳдид маълумотларини олгани сабаб бўлган. Бу ҳақда 4 октябр куни икки нафар америкалик расмийга таяниб New York Times маълум қилди.

Нашрнинг ёзишича, бомбардимончи самолётларнинг бундай олиб чиқилиши ўта ғайриоддий ҳол. «Жанговар операциялар ҳудудидан минглаб километр узоқда жойлашган, тинчлик шароитидаги иттифоқчи давлатнинг авиабазасида бундай қадамлар камдан кам ҳолларда бу қадар тез ташланади», деб ёзган муаллифлар.

Бомбардимончиларни Британия Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг Fairford базасидан (RAF Fairford) олиб чиқиш зарурати шу қадар шошилинч деб топилдики, айрим самолётлар ва уларнинг экипажлари базани ҳавода ёнилғи қуювчи самолётлар ҳали сафарбар этилаётган пайтдаёқ тарк этган. Ваҳоланки, айнан ўша самолётлар уларнинг АҚШгача бўлган парвозини таъминлаши керак эди.

Боз устига, бу бомбардимончиларнинг бир қисми кучларнинг одатий ротацияси доирасида ўтган ҳафтадагина етиб келганди. Нашр манбаларига кўра, якшанба кунигача камида учта самолёт АҚШнинг Жанубий Дакота штатидаги ўз доимий базасига қўнган.

Пентагоннинг Европа қўмондонлиги якшанба куни бомбардимончилар Англияни тарк этганини тасдиқлади. Бироқ қўмондонлик янги огоҳлантиришлар ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

«Fairford базасига жойлаштирилган АҚШнинг барча бомбардимончилари Қўшма Штатлардаги доимий базаларига қайтарилмоқда. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг бомбардимончилари глобал миқёсдаги жанговар шайлик ва операцион эҳтиёжларни таъминлаш учун дунё бўйлаб мунтазам фаолият юритади», дейилади қўмондонлик баёнотида.

Британия Мудофаа вазирлиги эса АҚШ ҳарбий самолётларининг кутилмаган ҳаракати юзасидан изоҳ бермаган.

Қандай хавф бўлиши мумкин?

Маълумотдан хабардор АҚШ расмийларига кўра, сентябр ойида АҚШ ҳарбий қўмондонлари Америка ва бошқа Ғарб разведка идораларидан ваҳимали огоҳлантириш олган. Унда Fairford база Эрон қўллаб-қувватлаётган эҳтимолий ҳужумнинг нишони экани айтилган.