Иқтисодиёт | 20:31 / 11.07.2022
58113
9 дақиқада ўқилади

Нақд пулга талаб ошиши фонида банклардан бири банкоматдан пул ечиш комиссиясини оширди

Ўзбекистондаги банклардан бири ўз банкоматларидан бирида 1 миллион сўмдан ортиқ нақд пул ечганлик учун комиссия миқдорини 1 фоиздан 3 фоизгача оширди. Тажриба тариқасида танланган усул иқтисодчилар ўртасида муҳокамага сабаб бўлди. Ҳолатга Марказий банк муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги банклардан бири тажриба тариқасида банкоматлар орқали йирик миқдорда нақд пул ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Бунда мазкур банкка қарашли банкоматларда бир миллионгача нақд пул ечиш учун комиссия ҳозирги каби 1 фоизни ташкил қилади, сумма катталашган сари комиссия фоизлари ҳам ошиб бораверади.

Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz'га изоҳ беришича, қонунчилик нуқтайи назаридан банклар пулни нақдлаштириш фоизини ўзлари мустақил белгилайди. Комиссия тўловининг оширилаётгани ҳолати юзасидан эса қўшимча маълумот берилиши айтилди.

Битта банкда тажриба тариқасида синаб кўрилаётгани айтилган бу янгилик интернетда муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун ҳам манфаатли”

Нақдлаштирилган пул миқдорига қараб комиссион фоизни кўтариб боришни ёқлаётганлар шу орқали пойтахтдан бошқа ҳудудларда банкоматлар бўшаб қолавериши муаммосига ечим топиш мумкин деб ҳисобламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, охирги бир неча ой ичида Ўзбекистонда нақд пулга талаб сезиларли ошиб кетган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бундай чора талаб ва таклифни мувозанатлаш учун керак.

“Асосан ташқи сабаблар туфайли нақд пулга бўлган талабнинг ортиши банкоматлар олдида узун навбатларни яратмоқда. Банклар суткасига бир неча бор банкоматларни тўлдираётгани ёки бу бўйича регуляторнинг маъмурий назорат текширувлари ўрнатилганига қарамай, барибир муаммо вақти-вақти билан кун тартибига чиқиб қолмоқда.

Кўп гувоҳ бўлаётганимиздек, одатда “барыгалар” (тижорий мақсадларда нақд пулдан фойдаланувчилар) катта миқдордаги нақдликни ечиб кетишади, пенсионер/ бюджетникларга эса нақд пул қолмайди. Яъни нақд пулга нисбатан истеъмол хариди учун талабгорларнинг талаби қондирилмай қолади. Банкоматлардан чиқимларнинг таркибини кўриб, таҳлил қилаётган банклар бунга ўзлари ишонч ҳосил қилиши мумкин. Банкоматга жойлаштирилган ҳажми бўйича 75-90 фоиз нақдликнинг ечилиши сони бўйича 15-20 фоиз транзакция ҳиссасига тўғри келади (ҳудудлар ва локацияга қараб).

Табиийки, бозор ва бизнес қоидаларига кўра, талаб ва таклифни мувозаналаш учун катта миқдорда нақдлик ечиш учун юқорироқ комиссиялар ўрнатилиши истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун манфаатли қадам бўлади. Жараённинг бундай йўлга қўйилиши нақд пулнинг транзакцион таннархи/харажатлари ва нақдликка талаб анча баланд бўлган узоқ ва чекка туманларда айниқса муҳим”, дейди Бакиров.

Муҳокамаларда тармоқ фойдаланувчилари банкоматлар олдидаги навбатлар ҳақида ёзмоқда.

“Оқлайман ва дуо қиламан. Бошимдан ўтган. Банкоматда навбат катта. Бир опа хотиржам 35 млнни бўлиб-бўлиб ечяпти. [Навбатда] орқадагиларнинг аксари – пенсионерлар. “Опа, қолганларгаям пул етсин” десам, шу қадар ўқрайиб қарагандики...” – дея ёзади Бегали исмли фойдаланувчи.

“Ўз пулингни туя қилишлари – талончиликдир”

Davletovuz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидиров нақд пул ечиб олиш учун комиссия тўловларининг оширилишини “очиқдан очиқ талончилик” деб баҳолади.

“Бир гуруҳ банк ва банкирларга яқин каналларда банкоматларда пул ечишда (яъни ўз пулингизни ечишда) комиссия тўлови 3 фоизгача эксперимент тариқасида оширилгани ва бунинг тўғри эканлиги ҳақида постлар ёзилмоқда. Гўёки 1 млнгача 1 фоиз, қолганига оширилган комиссия қўлланар эмиш. “Барига”, банкоматлар ишламаслиги, нақд пул йўқлиги – пластик карта эгаларининг муаммоси эмас. Бу банк тизими раҳбариятининг нўноқлиги муаммосидир балки.

Бу – очиқдан очиқ халқни талашга интилиш, нотўғри амалиётни яна нотўғри амалиёт билан ҳаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас. Гўёки Ўзбекистон банклари бозор муносабатларига ўтган-у, ҳозир маъмурий чекловлардан қийналиб қолишяпти. Муаммони бошқа муаммо билан, халққа оғирроқ қилиш билан ечим изламанг”, дейди блогер.

Унинг фикрларига иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов қўшилишини билдирди.

“Мен шундай дейишим қанчалик ғалати туюлмасин, Davletovuz'нинг фикрларига қўшиламан. Буни менинг шахсий позициям деб тушунинг: суммага боғлаб қўйилган комиссия (яъни қанча кўп пул ечсанг, фоиз шунча юқори бўлади) – бу нонсенс.

Биринчидан, кўпроқ пул ечаётганлар шундоғам кўпроқ тўлашяпти (1 млн ва 10 млн сўмнинг 1 фоизи – ҳар хил суммалар).

Иккинчидан, одамлар бу оширилган комиссияни айланиб ўтишнинг 101 хил йўлини топишади. Бир нечта картани киритишади ва пулни бир картадан бошқасига ўтказишади (маълумки, бепул ўтказмалар ҳам бор), банк кассасига бора бошлашади, турлича банкларнинг банкоматларидан фойдаланишади.

Якунда ҳаммаси ўша латифадагидек бўлади – ҳаммаси ўша-ўша, фақат бюрократия қўшилади”, – деди Қурбонов.

“Комиссияни ошириш бирорта ҳам муаммони ечмайди”

Шуҳрат Қурбонов муаммонинг оқибати билан эмас, сабаблари билан курашишга чақирди. Бошқа бир иқтисодчи Миркомил Холбоев ҳам шундай фикрда.

“Каттароқ миқдорда нақд пул олиш учун комиссияни ошириш, тўғри, нақд пулга бўлган талабни бироз пасайтирилиши мумкин (лекин бу сезилмас даражада бўлади, назаримда). Аммо комиссияни ошириш иқтисодиётимиздаги карта билан боғлиқ муаммоларнинг биронтасини ечмайди. Балки бозорларда нақд пулнинг махсус статусини янада ошириши мумкин. Яъни нақд ва нақдсиз амалиёт учун нархларда фарқлар яна пайдо бўлиши мумкин (агар қайсидир ҳудуд ёки маҳсулотда бу фарқ ҳозиргача ҳам мавжуд бўлса, унда бу фарқ йириклашади).

Менимча, кўпроқ нақд пул ечганлик учун комиссияни ошириш на банкоматлардаги навбатларга жиддий таъсир қилади (албатта, фоиз жуда йирик бўлмаса) ва на бошқа фундаментал муаммони ечади (балки қандайдир муаммоларни пайдо қилиб қўйиши мумкин). Агар банкоматда нақд пулга навбат кўп бўлса, демак, нақд пулга талаб пайдо бўлиш сабаблари чуқурроқ ўрганилиши керак”, – дея ёзди Миркомил Холбоев.

Тадбиркор Фируз Аллаев ҳам “косментик ремонт” билан иш битмаслигини таъкидлади.

“Нақд пул муаммосини ечиш учун қуйидаги саволларни бериш керак: Нима учун нақд пулга нисбатан талаб ошиб кетди? Агар талаб ошмаган бўлса, нима учун банкларда нақд пул етишмаяпти?. Мана шу икки савол атрофида чуқур ва холис изланиш лозим ва муаммонинг илдизини ёки илдизларини топиш керак.

Бошқачасига косметик ремонт билан муаммони вақтинчалик яширишга эришамиз, холос”, дея муносабат билдирди Аллаев.

Марказий банк: “Эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди”

Марказий банкнинг маълум қилишича, пулни нақдлаштиришдаги оширилган комиссия муайян бир банкнинг барча банкоматларида эмас, фақат битта банкоматда синовдан ўтказилмоқда. Регулятор эркин бозор шароитида бу ўзини оқламаслигини билдирди.

“Биринчи навбатда, байрам кунлари муносабати билан республика ҳудудидаги 9500 дан ортиқ банкоматларнинг узлуксиз ишлаши ва етарли миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш чоралари кўрилган.

Банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия тўловлари тижорат банклари томонидан банкоматга хизмат кўрсатиш харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгиланади ва бугунги кунда 1 фоиздан ошмайди.

Айрим тижорат банки томонидан алоҳида бир банкоматда эксперимент тариқасида табақалашган юқори комиссия тўлови ўрнатилган бўлса, эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди. Зеро, бошқа банкоматларда комиссия тўлови 1 фоиз ёки ундан паст қилиб белгиланганлиги сабабли истеъмолчилар арзон хизматидан фойдаланишни афзал кўради.

Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, Сиздан маълумотларни тарқатишда уларнинг ҳақиқийлигини ҳамда тизимдаги хизматлар кўламига таъсирини инобатга олишингизни сўраймиз”, – дейилади Ўзбекистон Марказий банки муносабатида.

Тошкентдан ташқарида нақдсиз тўловлар муаммолигича қолмоқда

Умуман олганда, банкоматдан 1 млндан ортиқ нақд пулни фақатгина бизнез вакиллари ечиб олишмайди. Деярли барча вилоятларда ўқитувчилардан тортиб пенсионерларгача ўз даромадини нақд пул қилиб олишади, чунки терминал ҳамма жойда ҳам ишламайди.

Ҳудудлардаги савдо шохобчалари ва хизмат кўрсатиш марказларини тўлиқ терминал билан ишлашга ўтказиш, электрон тўловлар улушини ошириш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Апрел ойида имзоланган президент қарорига мувофиқ, шу йил 1 октябргача хориждан 1800та банкомат олиб келинади ва улар ҳудудларга, хусусан олис туманларга ўрнатилиши керак.

Бугун тармоқларда масала ечими сифатида йирикроқ номиналдаги банкнотларни муомалага киритиш ҳақида ҳам ёзилди. Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 200 минг сўмлик купюрани 2024 йилга бориб муомалага чиқаришни режалаштирган.

Мавзуга оид