Аввал аудио асосида воқеанинг ўзини таҳлил қилиб кўрамиз. Йиғилишлардан бирида Тўра Боболов Ангор тумани прокурорига танбеҳ беради. Уни сектор ишларини олиб бормасликда, экспорт кўрсаткичларини бажармасликда айблайди. Энг муҳими – тадбиркорларга тўсқинлик қилаётганини рўкач қилиб, қаттиқ гапиради, ҳақоратли сўзлар айтади.
Бир қарашда ҳокимнинг прокурорни бу камчиликлар учун койишига асос йўқ, чунки қонун бўйича бу ишлар прокурор ваколати ва жавобгарлигида эмас. Аммо сектор тизими йўлга қўйилиши ортидан туманлар прокурорларига ҳам маълум ҳудуд ва қўшимча масъулият юкланган. Шунинг ортидан вилоятдаги барча ҳоким олдида ҳисобдор бўлиб қолган.
Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазонов ҳам бақиришларга жим қараб турмайди ва тадбиркорлар давлат пулини ўмараётгани учун суриштирувга чақирганини билдиради. Бу жавоб ҳокимни баттар дарғазаб қилади ва прокурорни очиқдан очиқ сўкиб, ҳақоратлай бошлайди. Кейинчалик ҳоким яна ким биландир суҳбатида бу прокурорнинг ўзбошимчалиги устидан бош прокурорга арз қилишини ҳам билдиради.
Масаланинг энг нозик жиҳати – Боболов ҳимоя қилаётган тадбиркор аслида унга яқин одам бўлиши мумкинлигида. Бу факт ҳали расман аниқланмаган бўлса-да, бир неча киши, жумладан вилоят прокуратурасидаги манба ҳам тасдиқлаган. Яъни Боболов ўзига тегишли одамни ҳимоялаш учун тергов ишига бевосита аралашмоқда, дейишга асослар бор.
Ҳаммани қизиқтирган савол – энди воқеалар ривожи қандай кечади?
Бу бўйича бир неча сценарийни тахмин қилиш мумкин:
1. Қонуний чора
Масаланинг ҳуқуқий ечими қонунларда аниқ ва равшан ёзиб қўйилган.
Аудиодан билиш мумкинки, вилоят ҳокими Тўра Боболов прокурорни турли уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш – БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу ҳолатда Боболовнинг прокуратура иш юритувидаги жиноят иши тергови (ёки суриштируви)га ҳам бевосита аралашгани кузатилади. Жиноят кодексининг 236-моддасига кўра, тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

















