Ўзбекистон | 18:04 / 29.08.2022
34941
7 дақиқада ўқилади

“Тизим ўзгариши учун яна қанча одам сўйилиши керак?!” — фаоллар Қуйи Чирчиқдаги қотиллик ҳақида

Аёлларга нисбатан навбатдаги ваҳшиёна зўравонлик жамоатчиликни ларзага келтирди. Фаоллар фожиага ечилмай ётган тизимли муаммолар сабаб бўлганини ёзмоқда.

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида эркак аёлини аёвсиз дўппослаб, кўп ўтмай уни пичоқлаб ўлдирди. Аёл калтакланганидан кейин ИИБга мурожаат қилганига қарамай, профилактика инспектори жиноят кетидан рўй берган иккинчи жиноятнинг олдини ололмаган.

Kun.uz воқеа бўйича Мактабгача таълим вазирлиги (калтаклаш воқеаси боғчада рўй берган), Бош прокуратура, Ички ишлар бош бошқармаси берган муносабатларни ҳамда ҳодиса рўй берган маҳалладан ўз репортажини эълон қилди.

24 ёшли марҳуманинг отаси Kun.uz'га берган интервюсида қизининг ўлимига профилактика инспектори ҳам сабабчи эканини айтди. Унга кўра, участкавой аёлни калтаклаган эркакка зудлик билан чора кўрмай, ўз шахсий иши билан кетиб қолган.

Воқеа жамоатчилик фаолларини ларзага келтирди.

“Айримлар аёлни аллақачон зинода гумонлаб бўлди – гуноҳмасми?”

Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова айримлар марҳумани танимай-билмай зино қилганликда айблашга улгургани, бироқ уни яқиндан билганлар аёлнинг ориятли, иффатли бўлганини айтишганига эътибор қаратди.

“Қуйи Чирчиқда ўз эри томонидан икки боласининг кўз ўнгида пичоқлаб ўлдирилган аёл эри томонидан муттасил калтаклаб келинган, 3 ойдан бери отасиникида яшаётган бўлган, келин бўлиб тушган маҳалласидагилар ҳам, ишхонаси ҳам уни ориятли, иффатли аёл деб таърифлашяпти, эрида маниакал рашк касаллиги бўлган. Kun.uz суриштирувини батафсил кўринг.

Аламлиси, участка инспекторининг вақтида чора кўрмагани. У жиноятнинг олдини олиши мумкин эди балки. Лекин жабрланувчидан ариза олгач, аллақандай шахсий ишими, дала ишими, “развод”ми, хуллас, бошқа томонга кетган.

[...] Айримлар аллақачон аёлни зинода гумонлаб бўлди – гуноҳмасми? Бечора аёл ҳам азобда яшади, ҳам қийналиб ўлди, ўлиб ҳам шунча гап-сўзга қолди. Мияларингизда ниманидир тузатиб олишингиз кераклигини ҳалиям тушунмадингларми, айримлар?!”

“Қотиллик – исломда куфрдан кейинги оғир гуноҳ”

Диний уламо Мубашшир Аҳмад ҳам рўй берган воқеани қоралади ва ўзганинг жонига қасд қилиш ислом динида улкан гуноҳ ҳисобланишини эслатди.

“Аёлини рашкдан ўлдирган кишига муносабатимиз ва фикримиз йўқ. Чунки бу тўғрида динимиз таълимоти бор. Диннинг қатъий ҳукми бор жойда биз фикр бермаймиз.

Исломнинг бу тўғридаги ҳукмлари қуйидагича:

1. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бошқа жонни ўлдириши қатъий ҳаром ва гуноҳи кабира. Қотиллик куфрдан кейинги гуноҳ саналади.

2. Гумон билан иш қилиш ҳаром. Агар хиёнат аниқ бўлса, икки масала бор: а) хиёнат, яъни зинони кўрганига тўрт гувоҳ бўлиши керак. б) хиёнатга эрдан бошқа гувоҳ бўлмаса, лион масаласи жорий бўлади. (Тўрт гувоҳлик шартлари ва лион масалаларини фиқҳий китоблардан кўриб олинг).

3. Айтган икки масаламизда ҳам ҳукм ва ижро маҳкамада бўлади. "Самосуд" қатъийян тақиқланади. "Самосуд" қилган қотил сифатида жазоланади.

4. Шундай хиёнатлар олдини олишга ҳаракат қилинади. Гўзал ахлоқий нормалар тарғиб қилинади, исломий ахлоққа зид ишлар тақиқланади ва авратни сатр қилиш, жинсларнинг аралашув-муносабатларини тақиқлаш каби ҳукмлар жорий этилади”.

“Ижтимоий ақл марказларига эҳтиёж бор”

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов муаммонинг илдизи чуқур эканини айтмоқда.

“Олий суд маълумотларига кўра, қотиллик ва баданга оғир тан жароҳатлари етказиш жиноятлари кейинги икки йилда кескин ошди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўлим сабабларининг аксар қисми юрак, қон-томир касалликларига тўғри келмоқда. Бу хасталикларнинг асосий сабаби асаб тизими билан боғлиқлигини эътиборга олсак, Олий суд ва статистикачиларимиз фикридаги уйғунликни кўриш мумкин.

Демак, жамиятда ижтимоий таранглашув жараёни кечяпти. Юқоридаги келинчак ҳодисаси ана шу ижтимоий таранглашувнинг бир кўриниши холос.

Бу ўринда давлатчиликда ижтимоий муносабатлар мувозанатига ташхис қўя оладиган ижтимоий ақл марказлари, институтларга эҳтиёж бор.

[...] Масала ечими фақат дин, маънавият ёки илмсизликда эмас. Соҳа мутлақо умумдавлат миқёсидаги тадқиқотга муҳтож. Бу вазифани кечиктириш ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келади”.

“Блогерларни тиқиш керак бўлса, судлар тундаям, якшанба куниям ишлайди-ку?”

Жиззахлик педагог, ижтимоий тармоқ фаоли Гўзал Назарқосимова блогерларни жазолашга келганда кечаси-ю кундузи шай турадиган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бир аёлнинг ўлимига йўл қўйиб беришганини таъкидлайди.

“Битта АЁЛ, ОНА битта алкаш томонидан ўлдирилди. Унинг бемалол ичишига жим қўйиб берганлар нега жим, оила ва хотин-қизлар деган қўмитага ажратилаётган миллиардлар демак ўзини оқламаяпти.

Мелиса ўлиб қолганмиди? Эр хотинини боғчада уриб ташлаганда, нега дарров эрни 15 суткага тиқмади? Якшанба тундаям судлар ишлайди-ку, бизда блогерларини тиқиш керак бўлиб қолса...”

“Яна ким сўйилиши керак, айтинг, жойингиздан қимирлашингиз учун?”

Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова хотин-қизлар, оила масалалари бўйича масъул шахсларнинг Қуйи Чирчиқда рўй берган воқеага реакция билдирмай, мум тишлаб ўтирганини танқид қилган.

“Биз шунақа оми, кар, кўр, шол миллатмиз! Битта аёлни бемалол болажонлар кўзи олдида уриши, камига кейин яшаётган уйига бемалол кириб пичоқласа ҳам жим кузатиб ўтирадиган жамиятмиз! Тўғри-да, асосийси ўзимизнинг тинчимиз, бизга тегинишмаса бўлди, бизни безовта қилишмаса бўлди, бизни пичоқламаса бўлди!

Қотил потенциал каллакесарлигини боғчада бориб исботлади, йўқ, бизга бу етарли эмас, ўлдирмагунча, сўйиб ташламагунча ҳисоб эмас!”

Санақулова хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул барча тузилмалар, Маҳалла вазирлиги, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, ижтимоий соҳа институтлари ва марказларни танқид қилган.

“Кимни қурбон қилсак, ўрнингиздан туриб, бир тийинга қиммат мажлисларингиздан бўшаб, бриллиант, зеб-у зар, бренд кийимлар муҳокамасидан бўшаб, президент қўйган вазифаларни, халқ кутаётган ислоҳотларни амалга оширишга ўтасиз?! Яна ким сўйилиши керак айтинг, жойингиздан қимирлашингиз учун?!

Битта аёлнинг ҳаётини сақлаб қола олмасангиз, битта қизнинг ҳуқуқини таъминлай олишга кучингиз етмаса, битта аёлнинг кўзёши тўкилмаслигини ҳал қила олмасангиз, сизларнинг бизга нима кераги бор?! Бюджетга юк қилиб, халқ сизларни боқишидан нима наф? Бунча кўпсизлар... Ишлашларингиз учун яна нима қилайлик, айтингиз?”

Мавзуга оид