Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Конрад Аденауэр номидаги жамғарма раиси Норберт Ламмерт билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан жамғарма ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон-Германия муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Иқтисодиёт, экология, илмий-тадқиқот соҳаларида, қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари ходимлари малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Журналистлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, фонд “Ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш” ва “Профессионал журналистларни тайёрлаш” дастурларида Ўзбекистон ОАВ вакиллари иштирокини ташкил этишдан манфаатдорлик билдирилди.