Ўзбекистон | 19:18 / 06.09.2022
55757
17 дақиқада ўқилади

Суриштирув: Мактаб дарсликларини кимлар чоп этяпти?

Kun.uz мактаб дарсликларини чоп этиш билан шуғулланаётган компаниялар бўйича ўрганишлар олиб борди. Маълум бўлишича, 2022/23 ўқув йили учун дарсликлар бўйича буюртмаларнинг катта қисмини «KOLORPAK» МЧЖ ютган. Бу компания аввалига «Ўқитувчи» нашриётининг биносини нол қийматда қўлга киритиб, кейин нашриётнинг ўзини ҳам хусусийлаштириб олган. KOLORPAK'нинг эгаларидан бири Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни бўлиши мумкин.

Мактаб дарсликларининг ижара нархлари билан боғлиқ машмашалар президент қулоғигача етиб борди ва давлат раҳбари топшириғига кўра, энди дарсликлар бўйича харажатлар тўлиқ бюджетга ўтказиладиган бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар чоғида мактаб дарсликларини чоп этиш кимларнингдир измида экани ҳақида ҳам маълумотлар тарқатилди. Бу иддаоларда асос бор-йўқлиги, янгиланаётган дарсликларда қандай ютуқ ва камчиликлар борлигини холисона ўрганишга ҳаракат қилдик. Очиқ маълумотлар асосида дарсликларни яратиш ва чоп этиш қандай йўлга қўйилганини таҳлил қилдик. Материал катта, уни эринмасдан ўқиб чиқиб, хулоса чиқаришни ўзингизга қолдирамиз.

Самарқанддаги биз борган мактабда дарсликларнинг катта қисми ўқиш бошланмай туриб тарқатиб бўлинган эди. (Масалан, таълим рус тилида олиб борилувчи 3 ва 6-синф дарсликлари қолмаган экан). Шу сабаб, қуйидаги рўйхатда айрим дарсликлар йўқлигидан, ҳайрон қолманг. Қолган дарсликларга қараб ҳам умумий манзарани тушуниб олса бўлади.

Фойдаланишдаги энг эски дарсликлар 2017 йилда чоп этилган. 2017 йилда — 6-, 7-ва 10-синфлар; 2018 йилда — 11 синф; 2019 йилда — 8–9-синфлар, 2020 йилда — 4–5-синфлар, 2021 йилда — 1–2-синфлар дарсликлари нашр қилинган. 2022 йилда ҳозирча фақат 3-синф дарсликлари янгилаб берилган.

Дарсликлар ҳажми катталашмоқда

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мактабларида дарсликлар янги форматга ўтказилмоқда. Аввал А5 форматга яқин ўрта форматда бўлган дарсликларнинг шакли катталашиб, А4 форматга яқин йирик форматда чоп этилмоқда. Тўғри, бу давлат ва халқаро стандартларга мос келади.

Бу борада ҳам ҳозирча турли фикрлар бор. Айрим ота-оналар ва ўқувчилар аввалги ўрта форматли китоблар китоб жавони ва ўқувчиларнинг рюкзагига солишда ихчам, енгилроқ, қулай бўлганини айтишади. Қатор мутахассислар ва ўқитувчилар эса янги китоблар жуда тушунарли тилда ёзилгани, сифатли қоғозга чоп этилгани, чиройли суратлар ва иллюстрациялар билан безатилганини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистонда тасдиқланган меъёрий талабларга кўра, дасликлар тўплами ва ёзув қуролларининг ҳар кунлик оғирлиги 1–2-синф ўқувчилари учун 1,5 кг.дан, 3–4-синф ўқувчилари учун 2 кг.дан, 5–6-синф ўқувчилари учун 2,5 кг.дан, 7–8-синф ўқувчилари учун 3,5 кгюдан, 9–11-синф ўқувчилари учун 4 кг.дан ошмаслиги керак.

Катта форматдаги китоблар билан бизда бу меъёр бузилиши аниқ. Болаларимизнинг рюкзагида ярим литр сув солинган термос ҳам бўлишини ҳисобга олинг. Шаҳарларда-ку, майли, туманларда болалар шундай оғирликдаги рюкзак билан 2–3 км масофа босиб, мактабга пиёда қатнашини бир ўйлаб кўринг-а.

Президент фармонига асосан, 2022 йилда 3-, 6-, 7- ва 10-синфларнинг барча дарслиги янгиланишини керак. Ҳозирча фақат 3-синфнинг янгиланган дарслиги мактабга етиб келибди. Шунингдек, барча синфларнинг рус тили дарсликлари янгиланиб бўлган. 7-синф учун она тили дарслиги ҳам янги.

Дарсликлар ҳар 4 йилда алмаштирилиши назарда тутилади. Мактаб кутубхоначисининг айтишича, фақат 1-синф дарсликлари ҳар 2 йилда алмаштирилади ва утилизация қилинади. Бошланғич синфлар учун машқ дафтарлари эса ҳар йили янгидан чоп этилар экан.

Бу ўринда бир жиҳатга эътибор бериш лозим: Ўзбекистонда дарслик китоблари ва машқ дафталари 7 хилда чоп этилади. Уларнинг катта қисмини, табиийки, ўзбек тилидаги дарсликлар ташкил этади. Кейин рус тилидаги дарсликлар улуши ҳам салмоқли. Шунингдек, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида ҳам дарсликлар айни кўринишда босилади.

Дарсликлар чоп этиш схемаси қанақа?

Дарсликни чоп этиш тендер ва танловлар билан амалга оширилади. Тендерлар ҳақидаги эълонлар ва уларнинг натижалари etender.uzex.uz сайтига жойланади. Буюртмачи талабига кўра, бирор синфнинг маълум бир дарслигини чоп этиш танловида қатнашган матбаа корхонаси унинг барча тилдаги кўринишларини чоп этиб беришни зиммасига олади.

2017–18 йилларга эътибор солинса, дарсликлар асосан «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Чўлпон» нашриёт-матбаа ижодий уйи, «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖда чоп этилган.

Шунингдек, айрим китоблар «Маънавият» нашриёти ҳамда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» нашриёти орқали «Ўзбекистон» НМИУда чоп этилган. Хусусий корхона ҳисобланувчи «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖдан бошқа барчаси давлат тасарруфидаги ташкилотлар бўлган. Азалдан Ўзбекистонда мана шу матбаачилик корхоналари дарслик чоп этиш билан шуғулланган.

2020 йил 17 мартда «Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент  қарори қабул қилинади. Унга кўра, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархлар давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинади. Унгача, бажариладиган ишлар учун 15 фоиздан ортиқ фойда қўйиш мумкин бўлмаган.

2019 йилда АОКА таркибидаги «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи иккита тузилмага ажратилиб, нашриёт номи остида илмий-услубий ноширлик маркази ва матбаа уйи ташкил этилган.

Илмий-услубий ноширлик марказини ташкил этишдан мақсад – узлуксиз таълим тизимида Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш бўлган.

Аммо, 2020 йил 7 ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори билан, ХТВ ҳузуридаги Республика таълим марказига Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан муаллиф ва тузувчиларни танлаш ҳамда дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларнинг ягона макетларини яратиш ваколатлари берилган.

2020 йилдан бошлаб китоб чоп этиш соҳасида вазият ўзгарган. Масалан, айрим дарсликлар «HUQUQ VA JAMIYAT» МЧЖ ноширлигида, «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖда чоп этилган. Умуман, икки-уч йил аввал китоб босиш имконияти бўлмаган матбаа корхоналари ҳам дарсликлар чоп этиш бўйича лотни ютиб олиб, китобларни «Ўзбекистон» НМИУ, «Янгийўл полиграф сервис» МЧЖ, «Шарқ» НМАКда босишганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ташқаридан қаралганда қизиқ вазият кўзга ташланади. 1–9-синфлар учун дарсликларни ўша машҳур давлат матбаа корхоналари чоп этган бўлишса, 2017 йилда мактабларда 10-синф, 2018 йилда 11-синф пайдо бўлиши билан, шунингдек, мактабларга янги фанлар жорий этилиши билан янги бозорда матбаа корхоналари пайдо бўлган.

  • «DAVR NASHRIYOTI» МЧЖ — 10-синфлар учун Рус тили ва Ўзбек тили дарсликларини «Ўзбекистон» НМИУда тайёрлатган;
  • «NISO POLIGRAF» МЧЖ — 10-синфлар учун Физика дарслигини «Ўзбекистон» НМИУда тайёрлатган;
  • «MITTI YULDUZ» МЧЖ — 5-синфлар учун география дарслигини “Ўзбекистон” НМУИ, , 8-синфлар учун Кимё дарслигини «YANGIYUL POLIGRAPH SERVICE» МЧЖда тайёрлатган.
  • «TURON-IQBOL» МЧЖ — 10–11-синфлар учун Жаҳон тарихи дарслигини «Ўзбекистон» НМИУда тайёрлатган;
  • «EXTREMUM PRESS» МЧЖ — 10-синфлар учун Математика, 11-синфлар учун Информатика дарсликларини «Ўзбекистон» ва «Ўқитувчи» НМИУларда тайёрлатган;
  • «ILM-ZIYO» оилавий корхонаси — 10–11-синфлар учун Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дарслигини «Шарқ» НМАКда тайёрлатган;
  • «ZAMIN-NASHR» МЧЖ — 11-синфлар учун Математика дарслигини «Ўзбекистон» НМИУ ва «CREDO PRINT GROUP» МЧЖда тайёрлатган.
  • «IMPERIAL PRINT» МЧЖ — 3-синф учун (2022 йилда) Тасвирий санъат ва Математика дарсликларини «Шарқ» НМАКда тайёрлатган.
  • «EUROASIA PRINT» МЧЖ — 3-синфлар учун Инглиз тилидан машқ дафтарини чоп этган.

«KOLORPAK»нинг майдонга чиқиши

Ижтимоий тармоқдаги турли баҳс-мунозараларда, аноним каналларда «KOLORPAK» МЧЖ китоб бўйича тендер лотларининг катта қисмини ютиб олаётгани ҳақидаги маълумотлар ўртага ташланди.

Бу корхона бенефициарлари мактаб дарсликлари бозорига илк бор 2019 йилда қадам босган. Ўша йили «НАШРИЁТ УЙИ ТАСВИР» МЧЖ танловда қатнашиб, 8-синф учун Информатика дарслигини ўзининг асосий таъсисчиси ҳамтаъсисчилигидаги «KOLORPAK» МЧЖда чоп этган.

KOLORPAK таъсисчиларидан бўлган Исмоил Исроилов Akfa Engineering Management компаниясининг собиқ директори, Eco House-Group компаниясининг собиқ таъсисчиларидан бири. У айни пайтда Discover Invest'нинг 56,9 фоиз улушига эгалик қилади. Kun.uz Eco House-Group ва Discover Invest компаниялари пойтахтда йирик лойиҳаларни тендерсиз олаётгани ҳақида ёзган эди.

2021-22 йилларда чиндан ҳам мактаб дарсликларни чоп этиш асосан «KOLORPAK» МЧЖда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бунга ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади. Чунки бу орада «KOLORPAK» МЧЖ «Ўқитувчи матбаа уйи» МЧЖнинг давлат улушини тўлиқ сотиб олган ва ўзи ҳам ўша манзилга кўчиб ўтган.

Компаниянинг амалда тенг улушга эга икки таъсисчиси бор: Шуҳрат Аҳмедов ва Исмоил Исроилов. Улар ҳар бири тўғридан тўғри 36,7 фоиздан улушга эгалик қилади. Учинчи таъсисчи –  «Zo‘r» телерадиокомпанияси ҳам шу икки шахсга тегишли (50/50).

Айрим манбалардаги маълумотларга кўра, Исмоил Исроилов – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни. У аввалроқ Akfa Engineering Management компанияси директори бўлган, айни пайтда ҳам ҳокимга дохил қатор компанияларга алоқадор шахс саналади.

2019 йилда Ирландиянинг Олстер университети профессори, криминолог Кристиан Ласслет эълон қилган суриштирувларда Исмоил Исроилов ўша вақтда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кўплаб компанияларида номинал таъсисчи бўлгани айтилади.

Исмоил Исроилов атрофидаги корпоратив боғлиқликлар (2019 йил ҳолатига). Инфографика Ўзбекистон ҳукуматининг расмий ва очиқ маълумотлари асосида Open Democracy томонидан тайёрланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида полиграфия соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан, Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси 1а-уй манзилидаги полиграфия цехи биноси (бу ерда «Ўқитувчи матбаа уйи» МЧЖ жойлашган) тегишли ҳудуди билан биргаликда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни киритиш шарти билан «нол» харид қийматида «KOLORPAK» МЧЖга бериб юборилган. Бунинг эвазига «KOLORPAK» МЧЖ 15 млн евро, шунингдек, 5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 200 та янги иш ўрни яратиш шартини қабул қилган.

Орадан уч йил ўтиб, 2021 йилнинг 27 августи Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига асосан, «KOLORPAK» МЧЖ «Ўқитувчи матбаа уйи» МЧЖнинг 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича савдо ғолиби деб эълон қилинган. Бунда харид нархи 22,3 млрд сўмни ташкил этиб, ғолибга 15 ой давомида камида 2,5 млн АҚШ долларлик янги замонавий матбаа асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, нашриёт биносида 20 млрд сўмдан кам бўлмаган таъмирлаш ишларини бажариш ҳамда мавжуд иш ўринларини сақлаб қолган ҳолда 50 та янги иш ўринларини яратиш шарти қўйилган.

Республика товар-хомашё биржасининг UzEX-tender сайти орқали «KOLORPAK» МЧЖ ғолиб бўлган тендерларга эътибор қаратамиз. Корхона жорий ўқув йили учун камида 16 та лотда ғолиб чиққан:

Дарҳақиқат 2022/23 ўқув йили учун чоп этишга мўлжалланган дарсликларнинг катта қисми «KOLORPAK» МЧЖ томонидан ютиб олинган. Бу ҳолда аввалги буюртмаларнинг аксар қисмини бажарувчи «Ўқитувчи» нашриёти айни дамда шу МЧЖ таркибида эканини ҳам унутмаслик керак.

Халқ таълими вазирлиги қошидаги тендер комиссияси таркиби

Etender.uzex.uz сайтини қидириб, 2022/23 йилларда дарсликларни чоп этиш бўйича тендерда «SANO-STANDART» МЧЖ (2003 йилда ташкил этилган, 6 та лот), «ILM-NASHR» МЧЖ (2020 йилда ташкил этилган, 2 та лот), «ZUKKO KITOBXON» МЧЖ (2018 йилда ташкил этилган, 1 та лот), «PRINTUZ» МЧЖ (2017 йилда ташкил этилган, 3 та лот), «MEGA POLIGRAF SERVISE» МЧЖ (2015 йилда ташкил қилинган, 1 та лот), «BOOK MEDIA NASHR» МЧЖ (2018 йилда ташкил қилинган, 1 та лот), «TAFAKKUR AVLODI» МЧЖ (2020 йилда ташкил қилинган, 2 та лот) қатнашиб, ғолиб бўлганини аниқладик. Уларнинг айримлари «KOLORPAK» МЧЖни доғда қолдиришга мушарраф бўлган.

Эски танишларимиз – «YANGIYUL POLIGRAPH SERVICE» МЧЖ 6 та, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи 10 та лотни ютиб олган. Ғафур Ғулом ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа уйлари умуман бу бозордан сиқиб чиқарилганга ўхшаяпти.

Китоб чоп этиш бозорида ҳаммаси ҳалол ва адолатлими?

Мактаб дарсликларининг ижара ҳақи ўтган йилгига нисбатан 2–3 баробарга ошди.

Президент Мирзиёевнинг мактаб дарсликларига оид топшириғидан сўнг, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раислигида мазкур масала бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.

Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига 1 ой муддатда дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш, давлат буюртмаси бажарилишининг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Четдан қараганда давлат бюджетидан ажратиладиган пул учун янги фирмалар тузилиб, улар танловда қандайдир йўллар билан лотларни ютиб олаётгандек. Босмахонаси бўлмаган, буюртмани давлат босмахонасида чоп этган ноширлик корхоналари ҳам бўлгани шундай хаёлга боришга ундайди. Чунки ҳар бир синф дарслигини чоп этиш учун ўн миллиардлаб маблағ ажратилади.

Бошқа томондан, юз миллиардлаб маблағнинг катта қисмига бирор етакчи корхонанинг ўзи эгалик қилишга интилаётгани ҳам соҳада монополия вужудга келишига сабаб бўлади.

Кузатамиз, балким соҳада қандайдир қинғирликлар рўй берган бўлса, буни текшириб кўрган мутасаддилар натижасини оммага ошкор этишар, соҳада тартиб юзага келар. Нима бўлганда ҳам, бу борада ҳам қандайдир монопол корхона яратилишига йўл қўйиб бўлмайди.

Қолаверса, босмахоналарга китоб устига истаганча фойда қўйиш имкони берилгани, боз устига китоблар йирик форматда чоп этилаётгани қоғоз сарфи ва типография харажатларининг ошишига олиб келиши тайин. Мактаб дарсликларининг ижара ҳақини бежизга 2–3 баробарга оширишга ҳаракат бўлмади.

Дарсликлар ижараси бюджетга ўтказилиб, муаммонинг сўнгги истеъмолчига бориб тақаладиган қисми ҳал қилинди. Лекин дарсликларни босишда давлат маблағларининг талон-торож қилинишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Имкони бўлса, 1 миллион доллар эквивалентидан ошган таклифларга халқаро танловларни ҳам ўтказиш керак.

Яна айрим нарсаларга ўз фикрларимни билдириб кетишни жоиз деб билдим.

Республика таълим маркази томонидан тайёрланаётган янги дарсликларнинг дизайни аввалгилардан яхши. Сифат ҳам яхшиланган, буни тан олиш керак. Фақат мактабда янги фанлар кўпайганини тушуниб бўлмайди. Фақат базавий фанларни яхшироқ таъминлаш ва ўқитишга эътибор қаратиш керак.

Масалан, Технология, Тарбия, Мусиқа, Тасвирий санъат каби фанлардан дарсликлар китоб шаклида чоп этилмасдан, электрон дарслик кўринишда интерактив, мултимедиа форматида қилинса, болаларнинг эсида тезроқ қоларди. Ахир, бунча информацияни китобдан ўқиб эслаб қолиб бўлмайди. Мусиқа ва мусаввирликка қизиққан болалар учун санъат мактаблари, техникага қизиққан болаларга техника саройлари ҳам бор-ку?

Дарвоқе, дарсликларнинг жорий тиражини чоп этишда кейинги йилларда ўқувчилар сони ошиши ҳисобга олинмаган. Масалан, айни пайтдаги 10-синфлар учун дарслик чоп этишда ҳозирги 7-синфларнинг сонини албатта инобатга олиш керак. Чунки улар 4 йилда 10-синф бўлишади. Ўқувчилар сони йилдан йилга ўсиб бормоқда. Қолаверса, фойдаланиш давомида китоблар йўқолади, йиртилади. Мактабларда китоб етишмовчилигининг ҳам бош сабабларидан бири шу эмасми?

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид